Ҳукуматнинг 2026 йил 21 октябрдаги 584-сон қарори билан Лойиҳа-қидирув ишлари қийматини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Қарорга кўра, мақсадли дастурлар доирасида бюджет тизими маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган объектларда муаллифлик назорати харажатлари шартномада алоҳида кўрсатилади. Бу харажатлар лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш қийматининг 10 фоизи миқдорида белгиланади.

Лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш бўйича шартномаларга мувофиқ, лойиҳа ташкилотларига бир марта 30 фоиз миқдорида олдиндан бўнак тўланади.

Лойиҳалаштириш топшириқлари рақамли форматда бўлиши ва электрон рақамли имзо билан тасдиқланиши талаб этилади. Тайёр лойиҳа-смета ҳужжатлари «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими орқали қабул қилиниб, автоматик равишда бир иш кунида экспертизага юборилади.

Лойиҳалаштириш топшириқларини рақамлаштириш босқичма-босқич амалга оширилади:

— 2026 йил 1 декабрга қадар — мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари объектлари;

— 2027 йил 1 сентябрга қадар — соғлиқни сақлаш объектлари;

— 2028 йил 1 июнга қадар — бошқа йўналишдаги объектлар.

2027 йил 1 мартдан мақсадли дастурлар доирасида бюджетдан молиялаштириладиган объектларнинг лойиҳа ҳужжатларига ягона ёндашув жорий этилади. Намунали ва такрорий қўлланадиган лойиҳалар «Шаффоф қурилиш» тизимига жойлаштирилади.

Бундай объектлар қурилиши тасдиқланган намунавий лойиҳаларни муайян жой шароитига мослаштириш орқали амалга оширилади. Муҳандислик-коммуникация тармоқлари бундан мустасно.

Лойиҳа ҳужжатлари бўйича ижобий экспертиза хулосаси олиниб, улар буюртмачи хизматининг ички буйруғи билан тасдиқланганидан кейин асослантирилмаган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тақиқланади.

Шунингдек, тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларидаги объект қиймати лойиҳа ташкилотини танлашда фойдаланилган дастлабки қийматдан 1,5 баравардан ортиқ ошса ёки шунча нисбатда камайса, лойиҳа-қидирув ишлари қиймати қайта ҳисобланади.

Қарор расмий эълон қилинган кундан уч ой ўтгач кучга киради.