2026 йил 11 ноябрь куни Туркиянинг Анталия шаҳрида БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси Томонларининг 31-конференцияси (COP31) доирасида Ўзбекистон ва БМТ Тараққиёт дастурининг стратегик иқлим ҳамкорлигига бағишланган тематик тадбир ўтказилади.

Тадбир Ўзбекистон миллий павильонида «Ўзбекистон ва БМТ Тараққиёт дастурининг стратегик иқлим ҳамкорлиги: мажбуриятлардан инвестициялар ва барқарорликни ошириш сари» мавзусида ташкил этилади. Унда иқлим ўзгаришига қарши курашиш, миллий иқлим мажбуриятларини амалга ошириш ва иқлим лойиҳаларига инвестициялар жалб этиш масалалари муҳокама қилинади.

Хусусан, Париж битими доирасида Ўзбекистоннинг учинчи Миллий миқёсда белгиланадиган ҳиссаси (NDC 3.0)ни амалга ошириш, институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш, иқлимни молиялаштириш механизмларини ривожлантириш ҳамда инвестиция учун жозибадор лойиҳалар портфелини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Йўқотишлар ва зарарларни қоплаш жамғармаси (FRLD) билан ҳамкорлик ташаббуси ҳамда БМТТД кўмагида амалга оширилаётган «Climate BRIDGE» ташаббусидаги иштироки кўриб чиқилади. Мазкур ташаббус миллий иқлим мажбуриятларини аниқ инвестиция лойиҳаларига айлантиришга қаратилган.

Тадбирда Ўзбекистон давлат органлари, БМТТД, халқаро молия институтлари ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этади. Муҳокамалар давомида иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича миллий режаларни ишлаб чиқиш, айниқса, Оролбўйи минтақаси каби иқлим таъсирига заиф ҳудудлар барқарорлигини ошириш масалалари ҳам кун тартибидан ўрин олади.

Учрашув якунида иқлимни молиялаштириш маблағларини жалб этиш, стратегик ҳамкорликни кенгайтириш ва Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига нисбатан барқарорлигини оширишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича кейинги амалий қадамларни белгилаш режалаштирилган.