Қирғизистонда қурилишнинг «нолинчи цикли» якунланмагунча, бинолардаги квартира ва нотурар жойларни сотиш тақиқланди. Тегишли буйруқ мамлакат қурилиш, архитектура ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Нурдан Ўрунтаев томонидан имзоланди, дея хабар берди 24.kg нашри.
Қурилишнинг «нолинчи цикли» деганда пойдевор қуриш ва ер остидаги барча қурилиш ишларини тўлиқ якунлаш босқичи тушунилади. Вазирлик буйруғига кўра, мазкур босқич тугагунига қадар қурилиш компанияларига қуйидагилар тақиқланади:
қурилаётган объектлардаги турар жой ва нотурар жойларни сотиш;
фуқаролар ва юридик шахсларнинг маблағларини қурилишга жалб қилишни назарда тутувчи улушли иштирок шартномалари, дастлабки шартномалар ва бошқа фуқаролик-ҳуқуқий битимларни тузиш;
қурилиш объектларини реклама қилиш.
Давлат архитектура-қурилиш назорати департаментига ушбу талаблар бузилиши, жумладан, ноқонуний реклама бериш, савдони муддатидан олдин бошлаш ва фуқароларнинг маблағларини жалб қилиш ҳолатларини аниқлаш вазифаси юклатилди. Қоидабузарликлар аниқланган тақдирда, идора ўз ваколатлари доирасида тегишли чоралар кўради.
Қурилиш вазирлигининг маълум қилишича, ҳозирда қурилиш компанияларига янги талабларни тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Ташкилот раҳбарлари янги қоидалар билан таништирилган ва уларга риоя қилмаган тақдирда жавобгарлик борлиги ҳақида огоҳлантирилган.
Вазирлик изоҳига кўра, мазкур буйруқ уй-жой харидорларининг маблағлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, қурилишнинг ҳали тўлиқ босқичига етиб бормаган объектларга пул тикиш билан боғлиқ хатарларни камайтиришга қаратилган.








