Самарқанд–Бухоро йўналишида цемент-бетон қопламали пулли йўл қурилади
Лойиҳа икки шаҳар ўртасидаги сафар вақтини ҳозирги беш соатдан бир ярим соатгача қисқартириш имконини бериши кутилмоқда. Масала 4 ноябр куни Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи доирасида ўтказилган йиғилишда муҳокама қилинди.
«Бухоро иқтисодиётига, одамларнинг кундалик ҳаётига ижобий ўзгаришлар олиб кирадиган 30 миллиард долларлик янги ташаббуслар билан келганмиз», — деди президент.
Самарқанд–Бухоро йўналишида тезюрар поезд учун янги темирйўл линияси ҳам кўзда тутилган. Мутасаддиларга автомобил ва темирйўл лойиҳаларининг мастер-режаларини якунлаш, ҳамкорлар билан музокараларни бошлаш топширилди.
2027 йилдан аҳолига 73 турдаги дори бепул берилиши кутилмоқда
Ушбу чора-тадбир президент Шавкат Мирзиёевнинг соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси вакиллари билан учрашувида маълум қилинди. Ўзгаришлар аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кенгайтириш, касалликларни эрта аниқлаш ва даволаниш билан боғлиқ харажатларни камайтиришга қаратилган.
Ислоҳотлар доирасида оилавий поликлиникалар фаолияти такомиллаштирилади, янги лабораториялар ташкил этилади. Шифокор ва ҳамшираларнинг малакасини ошириш ҳам кўзда тутилган. 2027 йил давомида янги тизимни яна 15 та туманда жорий этиш режалаштирилмоқда.
Саратон ва юрак-қон томир касалликларини барвақт аниқлаш дастурлари ҳам кенгайтирилади. Бу орқали касалликлар туфайли юзага келадиган эрта ўлим ҳолатларини 15 фоизга камайтириш мақсад қилинган. Дастурни амалга ошириш учун 200 миллиард сўм ажратилади.
Йўлда рақсга тушган куёвжўралар 7 суткага қамалди
Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида йўлнинг қатнов қисмида рақсга тушган шахслар маъмурий жазога тортилди.
Суд ҳужжатига кўра, 19 ёшдан 30 ёшгача бўлган 8 киши 31 октябр куни йўлнинг қатнов қисмида рақсга тушиб, машиналар ҳаракатига тўсқинлик қилган.
ЖИБ Олмазор туман судининг 2026 йил 3 ноябрдаги қарори билан куёвжўралар майда безорилик ҳуқуқбузарлигини содир этган деб топилди. Уларнинг бирига 5 сутка, қолганларига 7 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Газ плитасида уй иситиш ҳаёт учун хавфли экани айтилди
Газ плитасида хонани иситиш ва носоз иситиш ускуналаридан фойдаланиш ис газидан заҳарланишга сабаб бўлиши мумкин. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун хавфсизлик қоидаларига амал қилиш зарурлигини эслатди.
Вазирлик тавсияларига кўра, қуйидаги қоидаларга риоя қилиш керак: қўлбола ва носоз газ иситиш мосламаларидан фойдаланмаслик; газ плитасида хонани иситмаслик; печ ва мўриларни мутахассисларга ўз вақтида текширтириш ҳамда тозалатиш; мўри ва шамоллатиш йўлларини беркитмаслик; иситиш мосламаларини, айниқса, тунда назоратсиз қолдирмаслик; ускуналар яқинида ёнувчан буюмларни сақламаслик; газ жиҳозларини ўрнатиш ва ишлатишда белгиланган талаблар ҳамда ишлаб чиқарувчи йўриқномасига амал қилиш.
Тириклайин кўмилгани айтилган эркак қарийб бир ой комада ётиб, вафот этди
Самарқанд вилояти, Пайариқ туманида бир гуруҳ шахслар томонидан калтакланган эркак бир ой комада ётиб, вафот этди.
Маълум қилинишича, туманнинг Наврўз маҳалласида яшаган 32 ёшли эркакка бир гуруҳ шахслар ҳужум қилиб, бошига арматура билан урган. Сўнгра машинада номаълум томонга олиб кетишган. Марҳумнинг акаси уни маҳалла марказидан тахминан 3 км узоқликдаги, аҳоли яшамайдиган ҳудудга олиб кетишганини, тириклайин кўмиб, уриб, азоб беришганини, ўша жойда оғир аҳволда топилганини айтди. У 28 кун комада ётганидан сўнг вафот этган.
Жанжалга нима сабаб бўлгани ҳозирча маълум эмас. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумондорлар ушланган.











