132 та қурилиш ташкилоти шартномаларида истеъмолчилар ҳуқуқларини чекловчи шартлар мавжудлиги аниқланди, дея хабар берди Рақобат қўмитаси.
Қўмитага 2026 йилнинг январ−сентябр ойларида қурилиш ишларининг сифати ва объектларни ўз вақтида топширмаслик бўйича 1700 дан ортиқ шикоят келиб тушган. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида истеъмолчилар фойдасига қарийб 14,5 млрд сўм маблағни қайта ҳисоб-китоб қилиш таъминланган.
Мурожаатлар асосидаги таҳлил Тошкент шаҳри ва 11 та вилоятдаги 132 та ташкилотнинг шартномаларини қамраб олган. Қурилиш компанияларининг энг кўпи Тошкент шаҳри, Наманган, Навоий ва Тошкент вилоятларига тўғри келган.
Таҳлил қилинган шартномаларнинг 77,3 фоизида шартнома бекор қилинган тақдирда тўланган маблағни қайтариш муддати белгиланмаган ёки белгиланган муддат дастлабки тўлов муддатига мувофиқ келмаган. Ҳужжатларнинг 63,6 фоизида хонадон қабул қилиб олинганидан кейинги кафолат муддати кўрсатилмаган, 59,1 фоизида эса шартлар фақат қурувчининг манфаатларини кўзлаб тузилган.
Шунингдек, шартномаларнинг 54,5 фоизида кафолат муддати давомида аниқланган нуқсонларни бартараф этиш мажбурияти, 50,8 фоизида қурилишни якунлаш муддати кечиктирилгани учун қурувчи тўлайдиган неустойка (пеня) назарда тутилмаган. 33,3 фоиз шартномада қурилиш объектини топширишнинг аниқ муддати кўрсатилмаган. 30,3 фоиз шартнома давлат тилида эмас, рус тилида тузилган. Яна 49,2 фоиз шартномада истеъмолчилар ҳуқуқларини камситувчи бошқа шартлар мавжуд бўлган.
Таҳлил давомида истеъмолчи ташаббуси билан шартнома бекор қилинганда тўланган маблағнинг 4−15 фоизини ушлаб қолиш, пулни хонадон қайта сотилганидан кейингина қайтариш, уй-жой нархини бир томонлама ошириш ва харидорга нисбатан юқори пеня белгилаш каби истеъмолчи ҳуқуқларини чекловчи шартлар аниқланган.
Қўмита ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли инстанцияларга таклифлар киритди.







