Нобел мукофоти совриндори Жон Стейнбекнинг «Сичқонлар ва одамлар» романи инсонга бахт учун нималар кераклиги ҳақида ҳикоя қилади.
1937 йилда ёзилган бу роман Америкадаги Буюк тушкунлик даврини тасвирлайди. Иш топиш қийин, одамлар бир жойдан иккинчи жойга иш излаб кўчиб юради. Қаҳрамонларимиз — Жорж Милтон ва Ленни Смолл ҳам шундай дайди ишчилар. Уларнинг на уйи бор, на катта бойлиги. Аммо уларда бошқаларда йўқ битта нарса бор эди: улар бирга.
Уларнинг бирга юриши оддий дўстликдан баландроқ эди. Жорж Леннини ҳимоя қилар, унинг хатоларини тўғрилашга ҳаракат қиларди. Ленни эса ўз навбатида Жоржнинг ҳаётига қандайдир илиқлик берарди. Улар бир-бирига керак эди.
Икки дўстнинг яна бир катта орзуси бор эди. Улар бир кун келиб ўзларининг кичик ерига эга бўлишни хоҳларди. У ерда ўзлари ишлайди, ҳеч кимга ёлланмайди. Ленни эса қуён боқади. Жорж бу орзуни унга қайта-қайта айтиб беради. Ҳар сафар Ленни хурсанд бўлиб, «қуёнлар» ҳақида сўрашни яхши кўрарди. Бу орзу жуда оддий. Аммо улар учун бутун ҳаётнинг маъносига айланганди.
Шу орзу билан улар навбатдаги фермага ишга келади. Бу ерда ҳам турли тақдирдаги одамлар бор. Қари Кэнди кексайиб қолгани учун бир куни ишдан ҳайдалишдан қўрқади. Қора танли Крукс ирқий камситиш сабаб бошқалардан ажратилган ҳолда яшайди. Ферма эгасининг ўғли Кёрли ўз кучини бошқаларга ўтказишга ҳаракат қилади. Унинг хотини эса исми билан эмас, фақат «Кёрлининг хотини» деб аталади ва одамлар орасида бўлса ҳам, ўзини ёлғиз ҳис қилади.
Қизиғи, фермада одамлар кўп, аммо ҳар бирининг ўзига яраша етишмаётган нарсаси бор. Кимдир пул истайди, кимдир ўз уйини, кимдир ҳурматни. Кимдир эса шунчаки биров билан гаплашишни.
Шу жиҳатдан Жорж ва Леннининг орзуси бошқаларга ҳам таъсир қилади. Улар ўзларига тегишли кичик ер ҳақида гапирганида, бошқалар ҳам шу орзуга яқинлашади. Чунки инсон биргаликда орзу қилишни, умумлашишни, орзулари бошқаларга ҳам юқишини истайди. Одамларни кўпинча шу ҳис бирлаштиради.
Ёзувчига кўра, ёлғизлик шунчаки одамнинг ёнида ҳеч ким йўқлиги билан белгиланмайди. Инсон одамлар орасида туриб ҳам ёлғиз бўлиши мумкин.
Бу ҳолат бугун бизга янада таниш туюлади менга. Ҳозир телефонларимизда юзлаб, ҳатто минглаб рақамлар бор. Ижтимоий тармоқларда танишлар, обуначилар, гуруҳларнинг саноғи йўқ. Бир қараганда, инсон ҳеч қачон ёлғиз қолмайди, деб тасаввур қиласиз.















