«5 дақиқа»нинг навбатдаги сонида ушбу ноёб асарни муҳокама қиламиз.

Асарнинг бош қаҳрамони Герасим жисмонан шу қадар бақувватки, унинг ишини одатда бир неча одам бажаради. Лекин у кар ва соқов. Гапира олмайди, эшитмайди. Бунинг устига, ўз ҳаёти ҳақида мустақил қарор қабул қилиш имкони ҳам чекланганди.

Герасим қишлоқда яшаб, ер ҳайдаб, меҳнати билан кун кечиради. Бироқ уни Москвага олиб келишади ва бой хонимнинг ҳовлисида хизматчи қилиб қўйишади. У янги ҳаётига мослашишга ҳаракат қилади. Атрофдагилар билан мулоқот қилиш қийин бўлса-да, ўз ишини пухта бажаради. Унинг жимлиги заифлигидан эмасди, албатта, табиати ва имкониятларидан келиб чиққанди. Аммо ўша расво жамият жимликни, сукунатни истаганча топташ мумкин, деб ҳисобларди.

Хонимнинг қўл остидаги бошқа одамлар ҳам ўз тақдирини ўзи ҳал қилолмайди. Масалан, Герасим Татяна исмли кир ювувчи аёлни ёқтириб қолади. Аммо хоним Татяна бошқа одамга турмушга чиқиши керак, деб ҳисоблайди ва уни бошқа бир пайтавақулоққа узатишни буюради. Татяна ҳам, Герасим ҳам бу қарорни ўзгартиролмайди.

Шу эпизоднинг ўзиёқ асарнинг асосий муаммосини кўрсатади. Хоним атрофидагиларнинг ҳаётига аралашишни ўзининг табиий ҳуқуқидек қабул қиларди. Унинг назарида, бошқаларнинг хоҳиши ва ҳиссиётлари иккинчи даражали.

Герасимнинг ҳаётида бошқа бир воқеа содир бўлади. У сувга тушиб кетган кучукчани қутқариб олади. Уни уйига олиб келиб, парвариш қилади. Кучукча катта бўлиб, Муму деб аталади. Герасим унга меҳр қўяди, Муму ҳам эгасига қаттиқ боғланиб қолади.

Мана шу ердан бошлаб Герасимнинг ҳаётида ўзига хос бир дунё пайдо бўлади. У одамлар билан сўзлашиб, дардини айта олмайди, аммо Муму билан гаплашиш учун сўзнинг ўзи шарт эмасди. Муму уни кутади, овозини танимаса-да, қадамларидан билади, ёнидан жилмайди. Герасим ҳам кимгадир кераклигини, кимдир унинг меҳрига муҳтож эканини ҳис қилади.  

Баъзан бахт учун жуда катта нарсалар талаб қилиб юборамиз. Аслида сени кутадиган бир жон, меҳрингни қабул қиладиган бир қалбнинг борлиги ҳамма нарсани ҳал қилади. Герасим учун Муму ана шундай ҳамроҳ эди.

Бироқ хоним Мумуни ёқтирмай қолади. Итнинг ҳуриши унинг ғашига тегади. Аввалига Мумуни ҳовлидан йўқотишга ҳаракат қилади. Герасим уни яшириб қўйгач, излаб топади. Аммо хонимнинг хоҳиши ўзгармайди: Муму бу ерда қолмаслиги керак.

Ниҳоят, Герасим олдида оғир танлов пайдо бўлади. У Мумуни ўзи билан олиб кетади ва сувга чўктириб юборади. Ҳикоянинг энг оғриқли нуқтаси шу. Герасим ўзининг энг яқин жониворини яхши кўради, лекин уни ҳимоя қилиш учун етарлича эркинликка эга эмасди. У Мумуни хонимнинг қўлига топшириш ўрнига унинг тақдирини ўзи ҳал қилишга уринади. Аммо бу қарорнинг фожиасини ҳеч нарса енгиллаштира олмайди.