11:00 / 19.02.2021
2282
Тошкент давлат стоматология институти Англиянинг Borrow жамғармаси халқаро илмий грантини қўлга киритди

Президент Шавкат Мирзиёев ёш тадқиқотчилар, илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари ва тиббиёт вакиллари билан бўладиган учрашувларида касалликни даволашдан кўра олдини олиш анча самарали ва яхши натижа беришини алоҳида таъкидлаб келади.

Ҳозирги кунда оғиз бўшлиғи касалликлари, жумладан, тиш кариеси ер юзида энг кенг тарқалган касалликлардан бири бўлиб, дунё аҳолисининг 95-98 фоизи кариес билан зарарланиши тасдиқланган. Кариесга қарши кўплаб профилактика усуллари ишлаб чиқилганига қарамасдан, аҳолиси орасида, айниқса болалар ўртасида оғиз бўшлиғи касалликлари, жумладан, кариес билан зарарланиш ҳолатлари кўп учрамоқда.

Тошкент давлат стоматология институти доценти, тиббиёт фанлари доктори, Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи, болалар терапевт-стоматологи Бахтинур Худановнинг таъкидлашича, мактаб ёшидаги болаларда кариес сут ва доимий тишларда катталарга нисбатан тез кечади. Бир-бир ярим йилда тиш емирилади, асоратлар тез ривожланади, баъзан емирилиш пломба остида ҳам давом этади.

Шу билан бир қаторда, болалар ўртасида кариеснинг тарқалишини аниқлашга бағишланган комплекс изланишлар, профилактика соҳасида олиб борилган илмий ишларнинг нисбатан камлиги ва бу соҳани замонавий талабларга мос тизимлар билан бойитиш лозимлигини тақозо этмоқда.

Мазкур йўналишда олиб борилаётган илмий ва амалий ишларни мувофиқлаштириш, аҳоли орасида тиббий маданиятни ошириш, профилактик чора-тадбирларни такомиллаштириш мақсадида, Тошкент давлат стоматология институти ва Германиянинг Виттен/Хердекке университети олимлари республикамиздаги стоматологик вазият ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлиш ҳамда инновацион профилактик тизим яратиш учун мўлжалланган илмий-амалий лойиҳа дастурини ишлаб чиқди.

Англиянинг Borrow жамғармаси томонидан эълон қилинган грант танловида Стоматология институти ва Германиядаги ҳамкор университет олимлари мазкур лойиҳа билан муваффақиятли иштирок этиб, ғолиб бўлишди», дейди тиббиёт фанлари доктори, институт ректори Нодир Ҳайдаров.

Лойиҳа доирасида республикамиздаги 7 ва 12 ёшли мактаб ўқувчиларида оғиз бўшлиғи касалликларининг тарқалиши, жадаллиги кўрсаткичи, ҳудудлардаги ичимлик сувларида фтор иони миқдори ва мазкур ҳолатнинг болалар антропометрик кўрсаткичларига боғлиқлиги ўрганилади ва амалий тавсиялар ишлаб чиқилади.

Лойиҳа халқаро грант маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиб, институтнинг 40 дан ортиқ профессор-ўқитувчилари томонидан 12 000 дан ортиқ мактаб ўқувчисини халқаро меъёрлар асосида кенгайтирилган стоматологик кўрикдан ўтказишни таъминлайди.

Мазкур лойиҳа долзарблиги, илмий ва амалий аҳамияти юқорилиги боис Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан қўллаб-қувватланган.

Тошкент давлат стоматология институти ахборот хизмати

Top