18:53 / 18.03.2021
10906
ИИББ «Малика» савдо комплексида топилган шубҳали пакет бўйича расмий маълумот берди

Интернетда Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида шубҳали пакет топилгани ва унинг ичидаги нарса инсонлар учун хавфли экани ҳақида маълумот тарқалди. Пойтахт ИИББ мазкур ҳолат бўйича расмий хабар билан чиқди.

Қайд этилишича, 2021 йил 17 март куни соат 14:40ларда Тошкент шаҳар ИИББ ходимларига Шайхонтоҳур тумани Кичик ҳалқа автомобиль йўлида жойлашган “Малика” савдо комплекси ҳудудида дўконлардан бирининг ёнида номаълум шахс томонидан қора рангли спорт сумкаси қолдирилгани ҳақида хабар келиб тушди.

Ички ишлар органлари, хусусан, ИИВ махсус бўлинмаси ходимлари жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳудудни чегаралаб сумкани кўрикдан ўтказишди. 

“Маълум қиламизки, сумка ичида қонунга хилоф ва инсон ҳаёти учун хавфли бўлган ҳеч нарса топилмади”, дейилади хабарда.

Кўрилган тезкор тадбирлар давомида сумка Юнусобод туманидаги қурилиш объектида ёлланма ишчи бўлиб ишловчи 18 ёшли Ж.К. томонидан унутиб қолдирилгани аниқланган. Суҳбат давомида у савдо комплекси ҳудудига телефонини тузатиш учун келгани, сумкани эса оғир бўлгани учун дўкон олдига қўйгани, бу кимнидир қўрқитади деб ўйламаганини айтган.

Top