14:39 / 26.03.2021
2251
Хайрия натижаси: Дилшодбек оғир касалликдан соғаймоқда

Kun.uz сайтида “Жигарбандимнинг бир дарди устига иккинчиси қўшилди” – Россияда чорасиз қолаётган беморнинг онаси нажот истайди” сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Унда навоийлик 15 ёшли Дилшодбек Тиловов оғир касаллик билан курашаётгани ҳақида сўз боради.

Дилшодбекни 2018 йилдан бошлаб иситма ва қон қусишлар безовта қила бошлайди. Шифокорга мурожаат қилинганда аниқланишича, қизилўнгач кенгайган, қон томирларидан ички қон кетиш кузатилган. Ўсмирга “Жигардан ташқари портал гипертензия” ташхиси қўйилган.

“Ўзбекистонда ўтказилган операциядан кейин ҳам қон қусишлари тўхтамади. Ҳар гал қон қусганида аҳволи оғирлашади. 2020 йил сентябрда яна текширувлардан ўтдик, натижалар ёмон чиқди. Ягона умидимиз Москвадаги “Филатов” болалар касалхонасидан эди. Қарз-ҳавола билан касалхонага 517 минг рубл тўлов қилдик ва ўғлимни ётқиздик. Аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмай қорин соҳасида иккита абсцесс (тўқималарнинг йирингли яллиғланиши) ва гематома аниқланди. Боламнинг аҳволи оғир, нима қилишни билмаяпмиз”, деганди унинг онаси Умида Зоирова.

Юртдошларимиз бу оиланинг ташвишига бефарқ бўлмадилар ва операция ҳамда бошқа харажатлар учун зарур маблағ йиғилди.

Куни кеча Дилшодбекнинг онаси биз билан боғланди ва барчага миннатдорчилик билдирди:

“Аллоҳга шукр, Ўзбекистонга қайтдик. Бизни операция қилган профессор Разумовский жуда мураккаб амалиёт бажарилгани, лекин энди бу касаллик унут бўлишини билдирганда қувончдан ичимга сиғмай кетдим. Дилшодбекнинг аҳволи кўз олдимда яхшиланяпти. Бизга ёрдам қўлини узатган барча саховатпеша инсонларга, айниқса алоҳида эътибор қаратган беш нафар тадбиркорга ўз миннатдорлигимни билдираман”, деди у.

Ўз навбатида, Kun.uz таҳририяти савобли ишда бефарқ бўлмаган барча юртдошларга ташаккур айтади.

Top