18:48 / 03.12.2021
3488
“Чанг бўронига қурилишлар эмас, дарахтлар камлиги сабаб” – Экоқўмита изоҳ берди
Фото: Kun.uz / Муҳаммаджон Ғаниев

3 декабрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистонда кузатилаётган чанг, қумли бўрон ва атмосфера муҳофазаси масаласида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Азиз Калимбетов юз бераётган чанг бўронининг сабаби қурилишлар кўплиги билан боғлиқ эмаслигини айтди. Маълум бўлишича, бунга республикада дарахтзорлар камлиги сабаб бўлмоқда.

“Бир ой аввал Ўзбекистонда 150 йил давомида биринчи марта чангли бўрон кузатилди. Ушбу чанг, қумли бўронни даставвал кўпчилик қурилиш майдонлари сабабли деб ўйлашди. Бу қурилиш майдонлари туфайли эмас. Бу чўлдаги қумларнинг шамол орқали кириб келиши ҳисобланади. Бундай чанг-тўзон кўтарилиши учун Тошкентда ҳамма ёқ қурилишга айланиб кетган бўлиши керак.

Ўзбекистонда дов-дарахтлар кам. Республика бўйича 8 фоизни ташкил этади. Жаҳон стандартига кўра, кўкаламзорлаштирилган майдонлар 30 фоиз бўлиши лозим”, — деди бошқарма бошлиғи.

2021/2023 йилларда чанг ва газ ускуналарини янгилаш бўйича дастур ишлаб чиқилган ва ишлар бошланган. Ҳозирда 6,5 мингга яқин чанг ва газ ускуналарининг 60 фоиздан ортиғи яроқсиз, сўнгги 10 йилда модернизация қилинмаган.

Эслатиб ўтамиз, 4 ноябрь куни юз берган бу ҳодисада энг кўп чанг миқдори тўпланган шаҳар Тошкент бўлган ва ҳудуднинг ҳавосида белгиланган меъёрдан 33 баробаргача кўп чанг мавжудлиги аниқланган.

Натижада минглаб инсонлар нафас қисиши туфайли “Тез ёрдам”га мурожаат қилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига чангли ҳавода ниқоб тақиш, аллергик ва астма касаллиги бор беморларга ташқарига чиқмасликни тавсия қилган эди.

Top