Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди. Қонуннинг мақсади озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Маълум қилинишича, кўриб чиқилган қонун нормалари аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотлари билан хавфсиз овқатланишини таъминлашга, самарали бозор механизмларини шакллантириш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсини ишлаб чиқаришга нисбатан татбиқ этилади. Унда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланган.
Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишнинг минимал нормаларига мувофиқ озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсининг айланма захирасини шакллантириш ҳамда аҳолини ижтимоий аҳамиятга молик асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан етарли миқдорда ва узлуксиз таъминлаш имкониятларини кенгайтириш шулар жумласидан.
Бундан ташқари, давлат озиқ-овқат маҳсулотларининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган санитария, ветеринария, ветеринария-санитария, фитосанитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ ишлаб чиқарилишини рағбатлантиради. Ташқи иқтисодий фаолиятни фаоллаштириш, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга молик асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг экспорти ва импорти ўртасидаги мақбул мувозанатни сақлаш ҳам озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг йўналишларидан бири ҳисобланади.
Қайд этилишича, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ваколатли давлат органи сифатида белгиланмоқда. Унга ижро этувчи ҳокимият органларининг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсини ишлаб чиқариш билан боғлиқ фаолиятни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар тайёрлаш, озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсир этувчи омилларни ўрганиш асосида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш ва ривожлантиришга доир қисқа, ўрта ҳамда узоқ муддатли стратегияларни ишлаб чиқиш каби бир қатор ваколатлар бериляпти.
Қонунда озиқ-овқат маҳсулотлари танқислигига йўл қўймаслик бўйича давлат томонидан қандай чоралар кўрилиши, озиқ-овқат балансини шакллантириш, истеъмолчиларнинг ва хўжалик юритувчи субъектларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгилаб қўйилмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.











