«Рақамли транспорт» маркази хабар беришича, жорий йилнинг 20–22 декабр кунлари Uzbusmonitoring ахборот тизимида техник ва профилактика ишлари амалга оширилади. Мазкур ишлар тизимнинг барқарорлигини таъминлаш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда ахборот хавфсизлигини мустаҳкамлаш мақсадида олиб борилиши таъкидланади.

Шу кунлар давомида жамоат транспорти автобусларининг ҳаракатини реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи мобил иловалар ҳамда онлайн платформаларда вақт-вақти билан узилишлар бўлиши мумкин. Хусусан, айрим йўналишларда автобуслар жойлашуви картада кечикиб акс этиши, ҳаракат вақти ҳақидаги маълумотлар янгиланмаслиги ёки хизматлар вақтинча ишламай қолиши эҳтимоли бор.

Марказ йўловчилардан юзага келиши мумкин бўлган ноқулайликларга тушуниш билан ёндашишни сўраб, сафарларни имкони борича олдиндан режалаштириш, зарурат бўлганда бекатлардаги жадвал ва ахборот лавҳаларига таянишни тавсия қилди.

«Рақамли транспорт» маркази юзага келган ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўраган.