Economist Intelligence Unit (EIU) ҳар йили шаҳарлардаги ҳаёт сифатига баҳо берувчи Глобал яшаш қулайлиги индекси (Global Liveability Index)ни эълон қилади. Рейтинг шаҳарларнинг барқарорлиги, соғлиқни сақлаш тизими, таълим сифати, инфратузилма ҳамда маданий муҳит ва экология каби бешта асосий мезон бўйича шакллантирилади.
2026 йилги рейтингда Дания пойтахти Копенҳаген 100 баллдан 98 балл тўплаб, биринчи ўринни қўлга киритди. Шаҳар давлат хизматларининг самарадорлиги, хавфсиз муҳити, ривожланган транспорт тизими, юқори даражадаги тиббий хизмат ва қатъий экологик стандартлари билан юқори баҳоланди.

Иккинчи ўринни Австрия пойтахти Вена эгаллаган бўлса, учинчи ва тўртинчи поғоналардан Австралиянинг йирик шаҳарлари — Мелбурн ва Сидней жой олди.
Европа ва Австралия шаҳарлари юқори сифатли давлат хизматлари, замонавий инфратузилма, кучли соғлиқни сақлаш тизими ва аҳоли учун яратилган шарт-шароитлар туфайли дунёдаги энг қулай шаҳарлар сифатида етакчиликни сақлаб қолмоқда.
Шунингдек, Швейцариянинг Цюрих ва Женева шаҳарлари биринчи олтиликдан ўрин олган. Япониянинг Осака ва Токио шаҳарлари эса 96 балл билан юқори натижа қайд этган. Шимолий Америкадан кучли ўнликка кирган ягона шаҳар Канададаги Ванкувер бўлди.
Рейтингнинг қуйи қисмига эса қуролли можаролар, сиёсий беқарорлик, иқтисодий муаммолар ва инфратузилманинг етарлича ривожланмагани ҳаёт сифатига жиддий таъсир кўрсатаётган шаҳарлар киритилган.
Энг сўнгги ўринни 32 балл билан Сурия пойтахти Дамашқ эгаллади. Ундан кейин Ливиянинг Триполи ва Бангладешнинг Дакка шаҳарлари жойлашган.
Шунингдек, энг ноқулай шаҳарлар қаторидан Киев, Теҳрон, Карачи ва Лагос ҳам ўрин олган. Мутахассислар фикрича, ушбу шаҳарларда хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар, давлат хизматларининг самарадорлиги пастлиги ва инфратузилмадаги камчиликлар аҳолининг кундалик ҳаёт сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.



