19:10 / 09.01.2022
79966

Мустафоевдан Йўлдошевгача. Ўзбекистоннинг олти бош прокурори ҳақида

8 январь куни Ўзбекистон прокуратураси ташкил этилганига 30 йил тўлди. Ўтган вақт давомида ўзбекистонликлар 6 нафар бош прокурор фаолиятига гувоҳ бўлишди. Бугунги кунда ушбу лавозимни эгаллаб турган Ниғматилла Йўлдошевгача ишлаган беш нафар бош прокурорнинг фақат иккиси номига доғ туширмай курсисини тарк эта олган, холос. Булар: Бўритош Мустафоев (1992—1998) ҳамда Усмон Худойқулов (1998—2000).

Улардан кейинги 3 нафар бош прокурор фаолияти давомида содир этган жиноятлари учун жавобгарликка тортилган. Жумладан, Рашид Қодиров (2000—2015) ва Ихтиёр Абдуллаев (2015—2018 йилларда Бош прокурор, 2018—2019 йилларда Давлат хавфсизлик хизмати раиси. У ДХХ раҳбарлигидан кетгач қўлга олинганди) ҳозир ҳам қамоқда жазо муддатини ўтаётган бўлса, Отабек Муродов (2018—2019) суд томонидан уй қамоғига ҳукм қилинган.

Ўзбекистон прокуратураси тарихи, мамлакат ҳали расман мустақил бўлмай туриб, прокуратура органлари қай тарзда СССР бош прокуратурасига тобеликдан қутулгани ҳақида ҳикоя қилишга қарор қилдик. Шунингдек, кўрсатув давомида Ўзбекистон бош прокурорларининг сиёсий портретларини ҳам гавдалантиришга ҳаракат қиламиз. Зеро, бу маълумотларни ҳар бир ўзбекистонлик билиши, прокуратура тизимида фаолият юритаётган шахслар эса аввалгиларнинг хатоларидан тегишли хулоса чиқариши лозим деб ҳисоблаймиз.

Ўзбекистонда президентлик лавозими мамлакат ҳали советлар иттифоқи таркибида бўлган 90-йиллардаёқ жорий этилганди. Ўша кезларда республика прокуратура органларини совет иттифоқи таъсиридан қутқариш учун амалий ҳаракатлар бошланади.

Маҳкама тарихи

1990 йилнинг 1 ноябрь куни қабул қилинган қонун билан ЎзССР Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, Ўзбекистон Бош прокурори фақат мамлакат парламенти ва президент олдида ҳисобдор ҳамда жавобгар экани белгилаб қўйилади. Шунингдек, Бош прокурор ҳамда унинг ўринбосарлари илгаригидай СССР Бош прокурори томонидан эмас, балки Ўзбекистон президенти тақдимномасига биноан мамлакат парламенти томонидан тайинланиши жорий этилади. ЎзССР Олий Совети қарори билан 1990 йилнинг 1 ноябрь куни Бўритош Мустафоев ЎзССР прокурори этиб тайинланади.

Илгари вилоят, туман ва шаҳар прокурорларини тайинлаш учун ҳам СССР прокуратураси розилиги талаб қилинган бўлса, қонунчиликка киритилган ўзгаришдан сўнг бу масалалар Ўзбекистон бош прокурори ваколатига ўтказилади. Ниҳоят, Ўзбекистондаги прокуратура ходимларининг тўлиқ мустақиллиги, бундан буён СССР прокуратурасига бўйсунмаслиги расман эълон қилинади.

Бўритош Мустафоев

Прокуратура тизимида узоқ йиллар хизмат қилган, уч бош прокурор даврида ишлаган Kun.uz манбаси Бўритош Мустафоевга ўринбосар этиб тайинланган, бугунги кунда Бош прокуратура академиясида дарс бераётган Фахри Ҳайдарович Раҳимов томонидан СССР бош прокурорига юборилган телеграммани ўз кўзи билан кўрганини айтади. Унинг ҳикоя қилишича, телеграммада шундай дейилган:

«Бугундан Ўзбекистон ССР прокуратураси Совет социалистик республикалари иттифоқидан мустақил деб эълон қилинади».

Табиийки, Москвадаги катта оғаларга бу ишлар ёқмайди. СССР прокуратураси раҳбарияти ўзбекистонлик ҳамкасбларига нисбатан очиқдан очиқ адоватли муносабатда бўлишади, барчасини куч билан яна аввалги ҳолатга қайтариш учун зўр бериб ҳаракат қилишади.

1991 йилнинг августида қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида»ги қонун ҳамда мазкур ҳужжат асосида қабул қилинган Ўзбекистон президентининг «Ўзбекистон республикаси прокуратураси органлари тўғрисида»ги фармони мамлакатимиз прокуратурасининг совет иттифоқи бош прокуратурасига тобеликдан халос бўлишини таъминлайди.

1992 йил 8 январдаги президент фармони билан собиқ иттифоқ қарамоғидаги Ўзбекистон ССР прокуратураси Ўзбекистон Республикаси прокуратурасига айлантирилади. Айнан ана шу сана, яъни 1992 йил 8 январь Ўзбекистон прокуратураси ташкил этилган кундир. Бироқ ушбу сана фақат 2016 йилга келибгина Ўзбекистонда расман прокуратура органлари ходимлари куни сифатида белгиланди.

Дастлаб шунчаки Ўзбекистон прокуратураси деб юритилган идора 2001 йил 29 августда «Прокуратура тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилингач, Ўзбекистон Бош прокуратурасига айлантирилади.

Ўзбекистон бош прокурори курсисида энг кўп ўтирган шахс Рашид Қодировдир. У 15 йилдан ошиқроқ вақт давомида ушбу лавозимда бўлган. Энг кам бош прокурорлик қилган шахс эса Усмон Худойқулов ҳисобланади. У 1 йилу 57 кун давомида мазкур вазифада фаолият юритган. Қизиғи, 1991 йилдан 2015 йилгача, яъни 24 йил давомида бош прокурор атиги уч марта алмашган бўлса, 2015 йилдан 2019 йилгача – 4 йил ичида 3 марта бош прокурор тайинланган.

Бўритош Мустафоев. Бош прокуратура ҳайъат йиғилишида, 1998 йил

Энг ёш бош прокурор

1949 йилда туғилган Бўритош Мустафоев мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк бош прокурор бўлгани ҳақида сўзимиз аввалида айтиб ўтдик. Меҳнат фаолиятини Самарқанд вилоят прокуратурасининг бўлим прокурори лавозимидан бошлаган Мустафоев 1990 йилда Ўзбекистон Республикаси прокурори, 1993 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори этиб тайинланган. Ўша пайтда у 41 ёшда бўлган. У 1998 йили президентнинг Давлат маслаҳатчиси ўринбосари этиб тайинланиши муносабати билан мамлакат бош прокурори лавозимидан озод этилади.

Бўритош Мустафоевни тизимдагилар ҳалигача ҳурмат билан ёдга олишади. Замондошларининг фикрича, у одил ва қаттиққўл раҳбар, ўз принципларига эга шахс бўлган. Ўзидан кейинги бош прокурорлардан фарқли ўлароқ, кибрга берилмагани, ходимлар билан муносабатда камтар бўлгани, масофа сақламагани айтилади. Бош прокурорлик курсисидаги 8 йилдан сал кўпроқ фаолияти давомида оддий ходимлар билан бирга идора ошхонасида тушлик қилгани унинг инсонийлик қиёфасини йўқотмаганининг белгиси сифатида эсланади. Айтишларича, у мансабдалик даврида қариндош-уруғчиликдан тийилгани билан ҳам мамлакат раҳбариятининг ҳурматига сазовор бўлган.

Бўритош Мустафоев

Тўғри, интернетда Мустафоев шахси билан боғлиқ салбий маълумотлар ҳам учрайди. Жумладан, айримлар унинг биринчи президент Ислом Каримовнинг қатағон машинаси бўлганини айтади. Масаланинг бу жиҳати бизга қоронғи бўлгани учун асл ҳақиқатни юзага чиқаришни тарихчилар ҳукмига ҳавола этамиз. Ҳозирча факт шуки, Бўритош Мустафоев бош прокурорликдан кетгач, судга тортилмаган икки одамнинг биридир. У 2017 йил 12 апрель куни 68 ёшида оғир хасталикдан вафот этган.

Усмон Худойқулов

Энг сирли бош прокурор

Усмон Худойқулов Ўзбекистон тарихидаги энг сирли бош прокурор ҳисобланади. Бундай дейишга сабаб унинг шахсига оид маълумотларни интернетдаги очиқ манбалар тугул у бош прокурор бўлган вақтдаги матбуот нашрларидан ҳам топиб бўлмади.

Одатда бош прокурор даражасидаги мансабдорлар лавозимга тайинланганда бу ҳақдаги президент фармони билан бир қаторда унинг таржимаи ҳоли ҳам эълон қилинади. Бироқ Усмон Худойқулов билан бундай бўлмаган.

Айрим манбаларда келтирилишича, Усмон Худойқулов 1954 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган. Бош прокурор этиб тайинлангунига қадар у президентнинг суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлган, бироқ неча йил давомида президентга маслаҳатчилик қилгани, ундан олдин қайси идораларда ишлагани ҳақида маълумот йўқ. Фақатгина 1995, 1996, 1998 йилларга оид ҳужжатларда унинг лавозими Ўзбекистон бош прокурорининг биринчи ўринбосари сифатида кўрсатилади.

Усмон Худойқулов. Бош прокуратура ҳайъат йиғилишида, 1999 йил

1998 йилнинг 23 декабрида, 44 ёшида бош прокурор этиб тайинланган Усмон Худойқулов 2000 йилнинг 18 февралида ишдан олинган. Айримлар унинг ишдан олинишини 1999 йили Тошкентда содир бўлган 16 февраль воқеаларидан сўнг Ислом Каримовнинг қаҳрига учрагани билан изоҳласа, баъзилар коррупцияга қарши кенг миқёсли уруш эълон қилгани ортидан қудратли кланлар таъсирида ўз аризасига кўра вазифасидан озод қилинганини айтади.

Kun.uz суҳбатдошининг таъкидлашича, Худойқулов бош прокурор бўлган даврда чиндан ҳам жуда кўплаб амалдорлар коррупцияда айбланиб, қамоққа ташланган, прокуратура тизимида кенг кўламли тозалаш ўтказилиб, юзлаб прокурорлар аттестациядан ўтолмай ҳайдалган, уларнинг ўрнига оддий оилалардан чиққан, ҳеч қандай «танка»си бўлмаган йигит-қизлар ишга олинган. Интернетда қолдирилган изоҳлардан бирида эса Усмон Чинозович президент маслаҳатчиси бўлган давридаёқ коррупцион схеманинг бошида тургани, ҳар бир тайинлов учун 50 минг доллардан олгани, бироқ жиноий жавобгарликка тортилмасдан, ими-жимида бош прокурорликдан кетказилгани иддао қилинади.

Бугунги кунда Усмон Худойқулов «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясининг юридик бошқармасида ишлаётгани ҳақида маълумотлар бор.

Рашид Қодиров

Лавозимда энг узоқ ўтирган бош прокурор

Ўзбекистоннинг учинчи бош прокурори Рашид Қодиров 1952 йилнинг 23 февралида ўша пайтда Наманган вилоятига қарашли бўлган Балиқчи туманида туғилган. Меҳнат фаолиятини ўзи туғилиб ўсган вилоят прокуратурасида бошлаган. У 80-йилларда Давлат хавфсизлиги қўмитасида ишлаган.

1991-1994-йилларда МХХ раиси ўринбосари бўлиб ишлаган. Ўша пайтлари давлат ташкилотларида «идорадан чиққан» ўринбосарлари бўлиши одат тусига кирганди. Натижада Қодиров 1994 йилда бош прокурорнинг ўринбосари лавозимида иш бошлаган ва Ўзбекистонда рўй берган бир неча терактларни тергов қилишга бош-қош бўлган, Ўзбекистон номидан чиқарилган айбномалар айнан Қодиров бошчилигида тайёрланган.

2000 йил февралида,48 ёшида бош прокурорлик курсисини эгаллаган Қодиров 2005 ва 2010 йилларда лавозимига қайта тайинланган. Шу тариқа, у бош прокурор сифатида 15 йилдан ортиқ, бош прокурорга ўринбосарлик қилган 6 йил ҳам қўшилса, 21 йилдан зиёд вақт давомида прокуратура органлари раҳбариятида бўлган.

2015 йили кўпчилик унинг навбатдаги муддатга бош прокурор бўлишига ишониб турган вақтда кутилмаганда ишдан четлаштирилади. Ўша пайтда 63 ёшни қоралаган Қодиров меҳнат таътилида бўлгани, таътилдан зудлик билан президент девонига чақиртирилгани ва ўз ихтиëри билан ишдан кетиш тўғрисида аризаси ëздириб олингани айтилади.

Шундан сўнг Конституциявий суд аъзоси этиб тайинланган собиқ бош прокурор 2017 йилгача ушбу лавозимда ишлаган. Олий Мажлис Сенатининг 2017 йил августидаги ялпи мажлисида Конституциявий суд аъзолари қайта тайинланганда, Рашиджон Қодиров ушбу лавозимдан маҳрум бўлганди.

2017 йилнинг 2 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев прокурорларни қаттиқ танқид қилган, прокуратура тизими издан чиқиб кетгани, коррупция ботқоғига ботгани, прокурорларнинг одамларни менсимай қўйгани, оёғи ердан узилганини айтиб ўтган, гарчи Рашид Қодиров номини тилга олмаса-да, буларнинг барчасида аввалги бош прокурорни айблаганди.

Рашид Қодиров

2018 йил 23 февралда эса у пора беришга далолат қилиш, фирибгарлик, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш, тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилганликда айбланиб, ҳибсга олинганди. Xabar.uz’нинг ёзишича, Рашид Қодиров хорижга учиб кетмоқчи бўлганида Тошкент аэропортида ушланган. Кейинчалик «Қодиров иши» доирасида унинг собиқ ўринбосарлари, Тошкент вилоятининг собиқ прокурори, жами 21 киши қамоққа олингани маълум бўлди.

Суд томонидан Қодировга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланганди. Шунингдек, суд уни барча унвон ва давлат мукофотларидан маҳрум қилган. Ўзбекистондаги куч тузилмаларининг юқори лавозимли мансабдорлари ва юқори доиралардаги кланлар билан қуда-андачилик алоқалари билан чатишиб кетган Рашиджон Қодиров Ўзбекистон тарихидаги жиноий жавобгарликка тортилган дастлабки бош прокурор бўлганди.

Сўнгги хабарларга кўра,собиқ бош прокурор ўринбосари Улуғбек Суннатов ва Улуғбек Хуррамов, шунингдек, собиқ МХХ катта зобити Жавдат Шарифхўжаев билан бирга ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг собиқ ходимлари учун мўлжалланган қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган собиқ бош прокурор тикув цехида ишламоқда.

Ихтиёр Абдуллаев

Ўзбекистон тарихидаги энг ёши катта бош прокурор

2006 йилдан буён президентга маслаҳатчилик қилиб келган Ихтиёр Абдуллаев 2015 йилнинг апрелида, 49 ёшида бош прокурор лавозимига тайинланган эди.

1966 йил Фарғонада туғилган Абдуллаев адлия ва суд органларида суяги қотган, 1997 йилда президент девонига ишга ўтиб, президент давлат маслаҳатчиси лавозимигача кўтарилган, 2010–2015 йилларда эса Сенат аъзолигига сайланган.

Бош прокурор бўлиб икки йилдан сал кўпроқ ишлаган Абдуллаев 2018 йил январида Миллий хавфсизлик хизматининг 23 йиллик раҳбари — Рустам Иноятов ўрнига хизмат негизида ташкил этилган янги тузилма — Давлат хавфсизлик хизмати раиси этиб тайинланганди, шу муносабат билан у Ўзбекистон Бош прокурори лавозимидан озод этилган эди. 2019 йил февралида соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабаб ДХХ раҳбарлигидан кетгани эълон қилинди.

Ихтиёр Абдуллаев

Орадан бир неча ой ўтганидан сўнг Ихтиёр Абдуллаевга нисбатан жиноят иши очилгани маълум бўлди. 2019 йил 27 сентябрда Ўзбекистон Ҳарбий суди Ихтиёр Абдуллаевни жиноий уюшма ташкил этиб, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, уюшган гуруҳ ва жиноий уюшма манфаатларини кўзлаб, жуда кўп миқдорда пора олиш, Ўзбекистон манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш, товламачилик, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ва шу каби бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топиб, жиноятлар мажмуи тариқасида унга 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

 

Отабек Муродов Фото: Kun.uz

Кўп нарса кутилган бош прокурор

Президент раҳбарлигида 2018 йил 31 январ куни МХХ ҳамда прокуратура органлари ходимлари иштирокида ўтказилган йиғилишда Ихтиёр Абдуллаев ўрнига президентнинг давлат маслаҳатчиси Отабек Муродов республиканинг янги бош прокурори этиб тайинланган.

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидан бўлган Муродов бош прокурорликка киришган пайтда ҳали 43 ёшга тўлмаганди. Шу тариқа, у Бўритош Мустафоевдан кейин ушбу лавозимга тайинланган иккинчи энг ёш бош прокурорга айланди. Матбуотда унинг бош прокурорликка тайинланишига катта умид билдирилган мақолалар чоп этилган, айнан Отабек Муродов даврида Бош прокуратура матбуот хизмати очиқлик ва шаффофлиги билан барчага ўрнак бўлганди.

Фаолиятини 1997 йилда Шаҳрисабз тумани прокуратурасида иш ўрганувчиликдан бошлаган Муродов туман прокуратурасида терговчи, вилоят прокуратурасининг жиноятларни тергов қилиш бўлими алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси, Бош прокуратуранинг жиноятларни тергов қилиш бошқармаси алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси, катта терговчиси, тумани прокурори, Бош  прокуратура органларида терговни назорат қилиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, президент девонининг етакчи ва бош инспектори, адлия вазири ўринбосари, президент ҳузуридаги судяларни танлаш ва лавозимга тавсия этиш бўйича Олий малака комиссиясининг раиси, президент давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.

Отабек Муродов

2019 йилнинг 20 июнь куни Отабек Муродов Бош прокурорликдан четлатилган, кейинчалик унга нисбатан жиноий иш очилгани, у ДХХнинг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва унинг собиқ биринчи ўринбосари Жаҳонгир Эгамовга қарши очилган жиноят иши доирасида тергов қилинаётгани маълум бўлганди. Суд томонидан содир этган жиноятлари учун чин кўнгилдан пушаймон эканлиги ва жиноий қилмишларни фош қилишда фаол ёрдам бергани ҳамда жиноят оқибатида етказилган зарарни тўла қоплагани, оилавий аҳволи эътиборга олиниб, Отабек Муродов 5 йил муддатга уй қамоғига ҳукм қилинган.

Ниғматилла Йўлдошев

Энг эҳтиёткор бош прокурор

1962 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, 1987 йилдан 2011 йилгача прокуратура тизимида турли лавозимларда ишлаган, кейинроқ Сенат раиси бўлган Ниғматилла Йўлдошев 2019 йилнинг 20 июнь куни Конституциянинг 93-моддаси 12-бандига мувофиқ Муродовнинг ўрнига Ўзбекистон Бош прокурори этиб тайинланган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил 20 июнь куни бўлиб ўтган Сенатнинг 20-ялпи мажлисидаги чиқишида «Бунақа кетишда бўлса, прокуратура тизимини мутлақо қисқартириб юбораман, кўпроқ ваколатни Адлия тизимига бераман», деб айтганди.

Ниғматилла Йўлдошев Бош прокуратурага келгач, тозалаш ишлари бошланган, хусусан, бир қатор бошқарма ва инспекция бошлиқлари, вилоят прокурорлари ишдан олиниб, уларнинг ўрнига янгилари тайинланган эди. Бироқ ушбу «тозалаш»лар кутилган самарани бермаганини тизимда ҳамон кузатилаётган коррупция ҳолатлари ҳам тасдиқлаб турибди (1, 2, 3, 4).

2020 йили прокуратура органлари ходимлари куни муносабати билан ўтказилган тадбирда Ниғматилла Йўлдошев прокуратура органларини халқ прокуратурасига айлантириш, аввало, тизимда очиқлик ва шаффофликни тўла таъминлаш асосий вазифа этиб белгиланганини таъкидлаганди.

Бироқ, орадан ўн кун ўтиб, 18 январь куни Бош прокурор раҳбарлигида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссиясининг кенгайтирилган йиғилишига ҳам, 29 июнь куни Бош прокуратурада бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисига ҳам мустақил ОАВ вакиллари таклиф этилмаганди. 2019 йилнинг 18 декабрь куни парламент сайлови билан ташкил этилган очиқ мулоқотдан сўнг Kun.uz мухбирининг интервью бериш ҳақидаги илтимосига жавобан ўзининг ўрнига ўринбосари Светлана Ортиқовадан интервью олишни тавсия қилганди. Нозик мавзулар ва қалтис саволлардан ҳам ўзини эҳтиётлайдиган бош прокурор қўл остидагиларга очиқ бўлишни тавсия этиш баробарида ўзи бунга амал қилмаслиги энг камида бундай даражадаги лавозим эгасига ярашадиган иш эмас, назаримизда.

Ниғматилла Йўлдошев Фото: Kun.uz

Ўзбекистон тарихидаги олтинчи бош прокурор энг эҳтиёткор бош прокурор дейиш мумкин. Тизим ходимлари Ниғматулла Йўлдошевни мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг эҳтиёткор бош прокурор эканини айтишади. Ўта эҳтиёткорлигининг касрига Ниғматилла Йўлдошев ҳалигача президент ишончини, ҳурматини қозона олгани йўқ.

2021 йил 21 декабрь куни бўлиб ўтган селектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев бош прокурорга «қачон катта-катта ҳокимларни жиноий жавобгарликка тортишни бошласа, шундагина ҳурмат қила бошлаши»ни айтганди. Ниғматилла Йўлдошев давлат раҳбарининг ишончини қозона оладими ёки йўқ, буни вақт кўрсатади.

Жамшид Ниёзов, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси: Муҳиддин Нидо

Top