20:00 / 06.04.2024
25485

Бозорлар ўрнига универмаглар, “Опен бюджет” якунлари ва Ривалдо билан келишув — ҳафта дайжести

Москвадаги терактдан кейин Ўзбекистон расмийлари аҳолига яна мурожаат билан чиқди. Мигрантларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги чоралар эълон қилинди. Тошкентдаги катта бозорлар кўп қаватли савдо марказларига айлантирилади. “Бунёдкор”нинг Ривалдо ва Денилсон олдидаги қарзларини ким тўлаши маълум бўлди. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Ҳафтанинг энг муҳим воқеаси – “Ташаббусли бюджет” ғолибларининг эълон қилиниши бўлди. Бу лойиҳа миллионлаб ўзбекистонликларга маҳаллий амалдорлар берган ваъдалар бажарилишини кутиб ўтирмай, ўз яшаш жойидаги муаммоларни ўзлари мустақил ҳал этиш имконини бергани билан аҳамиятли. Жума куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бу йилги биринчи мавсум ғолибларини эълон қилиши билан республика бўйлаб энг фаол маҳаллалар ўз ғалабасини нишонлашни бошлаб юборди.

Бу сафар фуқароларнинг ташаббусларини амалга ошириш учун аввалги мавсумга қараганда 2 баробардан кўпроқ – 3,4 трлн сўмга яқин маблағ ажратилган ва шу сабаб ғолиблар сони ҳам шунга яраша кўпроқ бўлди. “Бир фуқаро – бир овоз” тамойили жорий этилгани ҳисобига бу галги овоз бериш нисбатан адолатлироқ ўтганини ҳам таъкидлаш керак. Шунинг ҳисобига берилган овозлар сони ўтган мавсумдаги 18 миллионтадан бу мавсумда қарийб 12 миллионтага тушди. 36 миллионлик аҳолимизнинг катта қисми ҳали паспорт олмагани, катталарнинг ҳам бир неча миллион нафари хорижда эканини инобатга олсак, 12 миллион фуқарони қамраб олган “Опен бюджет”ни Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг энг катта лойиҳаси деб атасак бўлади.

Бизнинг бу ижобий баҳомизга лойиҳа танқидчилари қўшилмаслиги тайин. Айниқса, бюджет ташкилотлари ходимларини мажбурий овоз йиғишга сафарбар қилиш ва очиқчасига овоз сотиб олиш ҳолатлари энг кўп муҳокамаларга сабаб бўляпти. Аудиоси чиқиб кетган Навоий вилояти Қизилтепа тумани ҳокими ўринбосари Ўлмас Истамов билан боғлиқ ҳолат денгиздан томчи экани аниқ. У тумандаги ташкилотлар раҳбарларини “Опен бюджет”да овоз тўплашга мажбурлаб, акс ҳолда ишдан бўшатиш билан таҳдид қилди ва онлайн мажлисдаги бу гаплари интернетда чиқиб кетгач, мажбурий меҳнатга жалб қилиш моддаси билан маъмурий жаримага тортилди. У топшириқни ҳоким берганини айтган бўлса-да, ҳокимнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилгани ёки йўқлиги маълум эмас.

Нима бўлганда ҳам, 30 йил ичида биринчи марта ўзбекистонликлар ўзлари тўлаётган солиқларнинг кичиккина бўлса-да бир қисмини, яъни маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадларидан 30 фоизини қаерга ишлатишни ўзлари ҳал қиляпти. Истаган одам таклиф киритиши, истаган фуқаро ўзи хоҳлаган таклифга овоз бериши мумкин, энг кўп овоз олган таклифларга пул ажратилиши эса кафолатланган. Аксинча бўлганида, бу 3,4 триллион сўмни қаерга сарфлашни ҳам кабинетлардаги чиновниклар белгилаб берган бўларди.

Кузатилаётган муаммолар эса – у мажбурий меҳнат бўладими, маъмурий буйруқбозлик ёки фуқароларинг шахсий маълумотлари билан боғлиқ масалами, булар – “Опен бюджет”сиз ҳам мавжуд бўлиб келаётган муаммолар. Лойиҳа уларни фақат юзага чиқаряпти. Шундай экан, айниқса маъмурий босим остида овоз йиғилиши бўйича масъуллардан муросасиз бўлишни талаб қилиш мақсадга мувофиқ, бизнингча.

Тошкент бозорлари кўп қаватли савдо марказларига айланади

Тошкент шаҳрини бир йилдан бери бошқариб келаётган Шавкат Умрзоқов “вазифасини бажарувчи” қўшимчасидан халос бўлиб, ҳоким лавозимига тасдиқланди. 3 апрел куни давлат раҳбари иштирокида ўтган сессияда шаҳар депутатлари “Ўзавтосаноат”нинг собиқ раҳбари номзодини бир овоздан ёқлаб овоз берди. Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, депутатлар билдирган бу юксак ишонч янги ҳокимдан катта масъулият, тинимсиз меҳнат ва фидойиликни талаб қилади.

Президент сессияда сўзлаган нутқида Умрзоқовга қатор топшириқлар берди. Унга кўра, инвестиция лойиҳалари орқали иш ўринларини кўпайтириш мақсадида, шаҳар ҳокими йирик девелоперлар билан музокаралар ўтказиб, Юнусобод туманида 24,5 гектар жойни эгаллаб турган 14 та давлат ташкилоти ўрнида тижорат объектлари қуришни таклиф қилади. Бу объектлардан 8 таси Амир Темур шохкўчасида жойлашган 3-4 қаватли эски бинолар экани айтиляпти. Бу биноларни олган тадбиркорлар уларни ерости автотураргоҳига эга кўп қаватли савдо ва хизмат объектлари, офис ва меҳмонхона шаклида қайта қуриши керак бўлади. Бунда Юнусобод тумани ҳокимлиги, туман солиқ бўлими, молия институти, ФҲДЁ архив биноси, Мажбурий ижро бюроси бинолари назарда тутилаётган бўлиши мумкин.

Шавкат Мирзиёев бундай лойиҳаларни банк филиаллари ўрнида ва давлат ташкилотлари эгаллаб турган 24,5 гектар негизида ҳам амалга ошириш мумкинлигини айтди. Масалан, “Ташселмаш”да жойлашган Саноатқурилишбанкнинг Яшнобод филиали ўрнида 21 қаватли бино қурилиши кутиляпти. 40 млн долларга баҳоланган лойиҳани банкнинг ўзи амалга оширмоқчи. Бундан ташқари, шаҳардаги йирик бозорларни кўп қаватли қилиб қайта қуриш ҳам таклиф этиляпти. Хусусан, Юнусобод деҳқон бозори ўрнида 6 қаватли мажмуа қурилиши мумкин.

“4,8 гектарлик Юнусобод деҳқон бозори 1 қаватли бўлгани учун димиқиб кетган. Алоқабанк (Ирисбеков) ва хорижий инвесторлар ер остига 2 қават, ер устига 6 қават қилиб қуришга 40 млн доллар сармоя киритиб, 2500 иш ўрни яратиш таклифини берган”, – деди давлат раҳбари.

Шу куни Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент шаҳрида илк иншоотлар қурилишини ҳам бошлаб берди. Маросимда “Янги Ўзбекистон” университети ва Тошкент давлат педагогика университетининг кампуслари, Миллий кутубхона, Миллий театр, Алишер Навоий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Адабиёт музейи, ижод мактаби ҳамда Миллий мақом марказига тамал тоши қўйилди. “Янги шаҳар қурилиши илм-фан, маънавият масканларидан бошланаётгани бежиз эмас. Булар маърифатли жамият барпо этиш ғоямизнинг асоси ва намунаси бўлади”, – деди президент.

Болалар камбағаллиги 13,7 фоизгача камайган

Ўзбекистонда ҳар 7 та боладан бири камбағалликда кун кечиряпти. Бу ҳақда UNICEF билан бирга таҳлил олиб борган Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълум қилди. Аниқланишича, мамлакатда болалар камбағаллиги даражаси 2021 йилдаги 21,5 фоиздан 2023 йилда 13,7 фоизгача камайган. “Қишлоқ жойларда болаларнинг камбағаллик даражаси 24,6 фоиздан 14,5 фоизгача, шаҳарларда эса 18 фоиздан 13 фоизгача камайди”, дейилади ҳисоботда. Бундан маълум бўладики, 2021 йилда Ўзбекистон қишлоқларида яшаган ҳар тўртта боладан бири камбағалликда кун кечирган.

Тадқиқотга кўра, болалар камбағаллиги даражаси энг паст ҳудудлар – Навоий вилояти ва Тошкент шаҳри экан. Сирдарё ва Жиззах вилоятларида эса болалар камбағаллиги нисбатан юқори экани аниқланган. Муаллифларнинг қайд этишича, ижтимоий нафақалар бўлмаса, мамлакатда болалар камбағаллиги даражаси 1,6 баравар ошади. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа олувчилар сони қисқартирилган эди.

Ҳафта давомида, мисол учун, Ўзбекистонда болалар камбағаллигини қисқартириш дастурларига сарфланиши мумкин бўлган миллионлаб доллар маблағ бразилиялик футболчиларга берилиши маълум бўлди. Сешанба куни “Бунёдкор” клуби Ривалдо ва Денилсон ишида бир неча йиллик келишувга эришилганини эълон қилди. Аввалроқ ФИФА қабул қилган қарорга кўра, “Бунёдкор” Ривалдога 8,1 млн евро, Денилсонга эса 1,1 млн доллар тўлаши керак эди. Клуб ахборотига кўра, музокаралар натижасида тўланиши лозим бўлган сумма сезиларли камайтирилган ва маблағларни бир неча йил давомида бўлиб-бўлиб тўлашга келишилган. Tribuna.uz манбасига кўра, бу қарздорликларни “Бунёдкор”нинг ҳомийси – “Ўзбекнефтгаз” тўлаб беради. Биз аввалги дайжестда “Ўзбекнефтгаз”нинг соф фойдаси ўтган йили 2 баробарга, охирги 3 йилда эса 5 баробарга камайганини айтгандик. Соф фойдаси камайгани ҳисобига бюджетга дивиденд тўлаши ҳам каррасига камайган компания энди дивиденд шаклида давлат бюджетига тўлаши мумкин бўлган яна бир неча миллион долларни ҳам футболга йўналтирадиган бўляпти.

Бу ҳолат рекорд даражадаги бюджет дефицити шароитида рўй бераётгани ҳам эътиборли. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маълум қилишича, 2023 йилда консолидациялашган бюджет харажатлари даромадлардан 59 трлн сўм ёки 5 млрд долларга ошиб кетган. Бу эса ялпи ички маҳсулотнинг 5,5 фоизи дегани. Ваҳоланки, қонун бўйича бу кўрсаткич 3 фоиздан ошмаслиги керак эди. Йил давомида харажатлар ҳаддан ташқари ошиб кетгач, бюджет қонунига яна ўзгартириш киритишга тўғри келганди.

Таъкидлаш керак, бундай ҳолат 2019 йилдан бери сурункали равишда давом этяпти. Яъни ҳукумат кетма-кет тўрт йилдан бери рухсат берилганидан анча кўпроқ харажат қилиб қўяяпти. Ортиқча харажатлар эса, табиийки, ташқи қарзларнинг ошиши ва бошқа салбий оқибатларга олиб келади. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг охирги маълумотларидан келиб чиқилса, фискал интизом 2024 йилда ҳам ўша-ўша даражада қоляпти: йилнинг биринчи чорагида давлат бюджети дефицити салкам 20 трлн сўмга етиб қолган.

Марказий банк маълумотига кўра, жаҳонда олтин нархининг қимматлашиши ортидан 1 апрел ҳолатига Ўзбекистоннинг халқаро захиралари бир ой олдингига нисбатан 2 млрд долларга кўпайиб, 25,37 млрд долларга етган. Лекин бу миқдор йил боши билан солиштирганда 374 млн долларга кам. Жаҳон олтин кенгашининг маълум қилишича, нархлар ҳозиргичалик баланд бўлмаган феврал ойида Ўзбекистон 12 тонналик экспорт билан дунёда энг кўп олтин сотган давлат бўлган. 2023 йил давомида эса мамлакатимиз олтин экспорти бўйича умумий иккинчи ўринни эгаллаган. Назарий жиҳатдан, охирги ҳафталарда жаҳон бозорида олтин нархининг кескин ошгани бюджет мувозанатини тиклашда қўл келиши мумкин, лекин иқтисодчиларнинг сўзларига кўра, ортиқча ва самарасиз харажатларга чек қўйилмаса, макроиқтисодий кўрсаткичларга босим кучайиб бораверади.

Крокус терактидан сўнг

Москвадаги терактдан кейин Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар орқали одамларга террорчилик қилиш таклифлари келиб туша бошлаган. Бу ҳақда 3 апрел куни Ички ишлар вазирлиги маълум қилди. Вазирликка кўра, Telegram орқали юбориладиган бу хабарларда жамоат жойларини пул эвазига миналаштириш таклифи ҳақида сўз боради. Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, бундай хабарларни аҳоли орасида ваҳима уйғотиш мақсадида, фирибгарлар тарқатяпти. Бундай хабарларни олган фуқаролар ваҳимага тушмаслиги, бу хабарларни бошқаларга улашмаслиги, аноним шахс билан суҳбатга киришмаслиги ва дарҳол “102” рақамига мурожаат қилиши керак.

Шу кунларда Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ҳам ватандошларга мурожаат билан чиқди. Унда айтилишича, Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ИШИДга алоқадорликда гумонланиб яқинда ҳибсга олинган 70 кишининг орасида Ўзбекистоннинг бир фуқароси ҳам борлиги аниқланган. Адвокатлар аралашуви натижасида 39 ёшли андижонлик шахсга нисбатан гумонлар ўз исботини топмаган ва у қўйиб юборилган. Дипломатик ваколатхона, ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, ижтимоий тармоқларда экстремистик руҳдаги каналлар ва сайтларга аъзо бўлмаслик, мобил телефонларда мутассиблик руҳидаги диний контентни сақламаслик ва тарқатмаслик, номаълум шахслардан келган даъват ва танишув ҳақидаги таклифларга жавоб бермасликни тавсия этди. Худди шу тавсиялар айни кунларда Россияда бўлиб турган ватандошлар учун ҳам актуал бўлиб турибди.

Вазиятга президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри ҳокимлигида ўтган йиғилишда муносабат билдирди. Давлат раҳбари “мураккаб ва таҳликали замонда яшаётганимиз, Яқин Шарқдаги ва асосий ҳамкорларимиз ўртасидаги можаролар ечим топмаётгани, шу жумладан Москва вилоятидаги мудҳиш теракт оқибатида халқаро вазият янада жиддий тус олаётгани”ни таъкидлади. Президент глобал вазиятнинг аҳоли даромадларига салбий таъсирини камайтириш энг муҳим вазифалардан бири эканини таъкидлаб, бунда асосий урғу маҳаллаларга қаратилишини қайд этди.

2 апрел куни ҳукумат масъуллари меҳнат миграциясини тартибга солиш ва меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлашнинг янги чоралари бўйича Шавкат Мирзиёевга тақдимот қилди. Маълум қилинишича, бу йўналишда ҳам маҳаллалар орқали иш ташкил этилиб, “хорижга иш – маҳалладан” тамойили йўлга қўйилади. Ўзбекистоннинг бир нечта давлатлардаги элчихоналарида меҳнат миграцияси бўйича атташе лавозими киритилиши, хориждаги ватандошлар учун 24 соат ишлайдиган “колл-марказлар” ташкил этилиши, Миграция агентлиги ҳузурида фуқароларни хорижий тилларга ўргатиш ва ишлашга мақсадли тайёрлаш маркази очилиши кутиляпти. Яна бир чора – мигрантларнинг ишчи виза, йўл чиптаси, хорижий тил ва касб бўйича малакани баҳолатиш харажатлари қисман қоплаб берилади.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Нодирбек Абдусатторов ФИДЕ рейтингида янада кўтарилиб, тўртинчи ўринга чиқди. Март ойи якунлари бўйича 19 ёшли шахматчимиз 2765 очко тўплаб, амалдаги жаҳон чемпиони, хитойлик Дин Лижен ва бошқа машҳур шахматчилардан ўзиб кетди ва Ўзбекистон рекордини янгилади. Бунгача Рустам Қосимжонов ўз вақтида дунё рейтингида 11-ўрингача кўтарилганди. Ҳозир рейтингдаги юқори учликни Магнус Карлсен, Ҳикару Накамура ва Фабиано Каруана банд этиб турибди.

Метан-шохобчаларда белгиланган энг баланд чакана нархнинг амал қилиш муддати узайтирилди. 6 ойдан буён 3250 сўм тарзида ушлаб турилган нарх 1 апрелдан бошлаб 100 сўмга ошди. Бу ҳақда 1 апрелга ўтар кечаси эълон қилингани оқибатида қатор шохобчалар аввалига 3800 сўмлик нарх белгилаб, кейин масъулларнинг талаби билан нархни туширди. Энергетика вазирлигига кўра, автомобилига 3350 сўмдан ортиқ нархда газ тўлдирган ҳайдовчилар шохобчага чек билан бориб, ортиқча ундирилган пулни қайтаришларини талаб қилишга ҳақли.

Қозоғистонда 8 нафар ўзбекистонлик ЙТҲга учраб, ҳалок бўлди. 3 апрел куни Ақтўбе вилоятида рўй берган фожиада Volvo юк машинаси Ўзбекистон фуқароси бошқарувидаги Toyota-Аlhpard минивэни билан тўқнашиб кетган. Оқибатда минивэндаги ўзбекистонликлар – ҳайдовчи ва етти нафар йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, юк автомобилининг шинаси ёрилиб кетиб, ҳайдовчи бошқарувни йўқотган ва қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган. Президент топшириғи билан ҳолат бўйича ҳукумат комиссияси тузилиб, қурбонларнинг жасадлари 5 апрел куни тонгда Мудофаа вазирлигининг махсус бортида Термизга олиб келинди ва яшаган манзилларига юборилди.

Судяларнинг жиноий жавобгарликка тортилиши билан боғлиқ навбатдаги ҳолат Тошкентда кузатилди. Жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди судяси Ш.А. фирибгарлик ва пора беришда гумонланяпти. Бошқа бир ҳолатда Рақобат қўмитасининг Андижон вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи ўринбосари 22,5 минг доллар билан ушланди. Тергов версиясига кўра, у дорихонада дориларни белгиланган референт нархлардан қиммат сотиш билан боғлиқ 2 млрд сўмлик ишни ёпди-ёпди қилиш учун 30 минг доллар сўраган, авалроқ шундан 7,5 мингини олиб, қолган 22,5 мингини олаётганда қўлга тушган.

Top