Уйларни жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ва бузиш тартиби такомиллаштирилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизматининг маълум қилишича, айни пайтда депутатлар томонидан муҳокама қилинаётган “Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги қонун лойиҳасида давлат ва жамоат эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда қурилиш, реконструкция қилиш ва бузиш ишларини амалга ошириш тартиби такомиллаштирилиши кўзда тутилган.
Қайд этилишича, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан иккинчи ўқишга тайёрланган “Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокамалар жараёнида маромига етказилмоқда.
“Қонун лойиҳаси билан биноларни турар жой сифатида таснифлаш, турар жойлар ва нотурар жойлар тоифасига ўтказиш, уй-жой фондини ҳисобга олиш ва турар жойларни фонддан чиқариш, давлат уй-жой назорати, хусусий уй-жой фондининг турар жойларидан фойдаланиш ҳамда мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нормалари билан тартибга солинади. Бундан ташқари, лойиҳага уй-жой қуриш, кўп хонадонли уйларни қайта қуриш ва қайта режалаштириш, фуқароларни турар жой билан таъминлаш, уй-жой кооперативларини ташкил этиш ва кооператив уйлардан турар жой олиш ва улардан фойдаланиш бўйича аниқ нормалар киритилмоқда. Қонун лойиҳасини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар таҳлил қилиниб, лойиҳага сингдирилмоқда”, дейилади қуйи палата ахборот хизматининг хабарида.
Қўмита аъзоларининг фикрича, лойиҳанинг қабул қилиниши билан уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг тўғридан тўғри амал қилиши таъминланади, ушбу соҳадаги давлат назорати механизмлари ўрнатилади.
Расмий релизда давлат ва жамоат эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда қурилиш, реконструкция қилиш ва бузиш ишларини амалга ошириш тартиби янада такомиллаштирилиши таъкидланган.
Аввалроқ Бош прокуратура бошқарма прокурори Абдураҳим Муҳиддинов 2020 йилда бузилган мулклар бўйича компенсация тўловларидан қарийб 443 млрд сўм қарздорлик мавжуд бўлгани, бироқ ўтган йилда бу қарздорликнинг атиги 202 млрд сўми ёки 45 фоизи мулк эгаларига қоплаб берилганини айтганди.
Шу билан бирга, ҳудудий ҳокимликлар томонидан бузилишлар бўйича қабул қилинган 52,6 млрд сўмлик 196 та қарорларнинг 76 таси ёки 39 фоизи бўйича амалдаги тартибга риоя этилмаган.
Ноқонуний қарорлар Андижонда 48 та, Тошкентда 11, Наманганда 7, Жиззахда 6, Қорақалпоғистонда 4, Бухорода 3 ва Қашқадарёда 1та қабул қилинган. Бунинг оқибатида, республика бўйича 1 338 та ҳолатда мулк эгаларидан 221,5 млрд сўм қарздорлик юзага келиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилишига йўл қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Сухроб Юсупов «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонун лойиҳасида фақатгина «жамоат эҳтиёжлари» ибораси қўлланилиб, Ўзбекистон ҳуқуқ тизимида ўрнашиб қолган «давлат ва жамоат эҳтиёжлари» тушунчасидан воз кечилаётганини маълум қилганди.
Қолаверса, бундан буён ҳокимлар «снос» бўйича қарор чиқариш учун адлия органларидан рухсат олиши талаб этилади.
Мавзуга оид
21:55 / 16.07.2024
Терговга тортилган “замҳоким” тадбиркорларни таъқиб қилмоқда. Унга куч бераётган амалдор ким?
18:51 / 14.11.2023
«Снос»лар бўйича қарзи бор ҳокимликларга бюджетдан маблағ сарфлаш тақиқланиши мумкин
22:03 / 30.10.2023
Бухоро шаҳри ҳокимлиги кўчирилди. Шаҳар маркази “снос”га тайёрланаётгани айтилмоқда
14:50 / 22.05.2023