Ўзбекистон | 17:19 / 19.04.2017
35570
5 дақиқада ўқилади

Янги даврдаги янгича бошқарув услуби: Тошкентда ҳокимларнинг ярмидан кўпи нега алмаштирилди?

18-19 апрель кунларида Тошкент шаҳридаги 11 тумандан 6тасида янги ҳокимлар иш бошлагани маълум бўлди. Эътиборли жиҳати, туманларда шу вақтгача юқори лавозимларда фаолият кўрсатган номлар иш бошлади.

Хусусан, Давлат рақобат қўмитасининг собиқ раиси Даврон Ҳидоятов пойтахтнинг Чилонзор туманига, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси бўлган Бахтиёр Абдусаматов Юнусобод туманига ҳоким этиб тайинланди. Иқтисодиёт вазири ўринбосари Дилмурод Турдиев Яшнобод тумани ҳокими бўлди.

Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Раҳмонов Бахтиёр Султонович Сергели туманига ҳоким бўлди.

Кўп йиллар давомида Мирзо Улуғбек тумани маъмуриятини бошқарган Шавкатбек Эргашев эса Учтепа туманига янги раҳбар сифатида тайинланди.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ таркибига кирувчи Тошкент механика заводининг собиқ бошқарув раиси — бош директор лавозимида ишлаган Шуҳрат Пўлатов Миробод туманини бошқарадиган бўлди.

Ҳозирча ҳокимларнинг ёппасига ишдан олинишига расмий изоҳлар берилмаяпти ва аввалги ҳокимларнинг кейинги фаолияти ҳақида ҳам аниқ маълумот айтилмаяпти. Лекин тусмол қилиш мумкинки, ҳокимларнинг фаолияти қониқарсиз баҳоланиб, ишдан олинишида виртуал қабулхона ҳамда халқ қабулхоналарига йўлланаётган мурожаатлар кўлами асосий сабаб бўлиши мумкин. Яъни, раҳбарлар фуқароларнинг мурожаатларига жавобан эътиборсизлик кўрсатилиши туфайли ишдан олинмоқда.

Эксперт Тошкент шаҳридаги туманлар ҳокимлари ёппасига алмаштирилиши, вазирлик даражасидаги амалдорларнинг қуйи лавозимларга туширилиши борасида фикр билдириб ўтган.

У Тошкент шаҳрининг раҳбар кадрлари мамлакат ҳукумати даражасидаги кадрлар билан бойитилаётганини эътироф этган.

«Масалан, Юнусобод, Чилонзор, Яшнобод туманлари раҳбарлари ҳукумат номенклатурасидаги шахслар. Бундай ёндашув туманларнинг ҳукумат ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради ва шаҳар ҳокимлигининг нуфузини бирмунча сусайтиради», дейди у. 

У шу билан биргаликда янги тайинловлар ўзига хос «штрафбат» ҳам бўлиши мумкинлигини айтади. 

«Туманларга тайинланаётган ҳокимлар илгари марказий идораларда раҳбар бўлиб, тараллабедод бўлиб юрган бўлса, мамлакат раҳбарияти уларнинг кўзини очиб қўйиш мақсадида муаммоли туманларга раҳбар қилиб юбораётган бўлиши мумкин», дея эҳтимолий сабаблардан бирини келтиради эксперт. 

«Учинчидан, қуйидан, яъни пастдан чиққан раҳбар узоққа боради, бир нарсани эплаши мумкин деган тушунча. Янги даврдаги кадрлар сиёсатида айнан шу ғоя ётибди. Иқтисодиёт вазири ўринбосари, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарининг туманларга юборилиши уларнинг истиқболда марказий идораларга раҳбар бўлиб келиши учун трамплин вазифасини бажариши мумкин. Яъни улар синовга ташланди.

Тўртинчидан эса шаҳар ҳокими мамлакат раҳбарияти олдида ўз позициясини йўқотиб бораётганлигини кўрсатади. Чунки қўл остингдагиларнинг ёппасига ишдан кетиши сенинг кўнглингни хотиржам қилади, дейиш ноўрин.

Бешинчидан, Тошкентни катта ўзгаришлар кутяпти, мамлакат раҳбарияти бу янгиликларни янги команда, «свежий» кучлар билан жорий қилишни ният қилган бўлиши ҳам мумкин», дея хулосаларини берган у. 

Айни вақтда Тошкентнинг 5та туманида ҳоким ўзгармай турибди. Булар — Шопўлат Асқаров (Бектемир тумани), Шерзод Кудбиев (Мирзо Улуғбек тумани), Баҳодир Ғоибназаров (Олмазор тумани), Сарвар Маҳаметов (Яккасарой тумани) ва Ойбек Миртемиров (Шайхонтоҳур тумани).

Президент шу ҳафтада Олмазор туманига бориши кутилмоқда. Президентнинг Юнусобод ва Чилонзор туманларига ташрифидан кейин раҳбар ходимлар ишдан олингани ушбу туманда ҳам шундай ўзгариш эҳтимоли мавжудлигини кўрсатади.

Баъзи манбаларга кўра, Тошкент шаҳри ҳокимлигида ҳам ўзгариш рўй бериши мумкин.

Март ойида мамлакат президенти белгиланган вазифалар ижроси, тизимдаги муаммолар ва соҳаларнинг ривожланиш истиқболларига бағишланган видеоселектор ўтказган, мажлисда Тошкент шаҳри ҳокими, прокурор, ИИБ бошлиғи ҳамда Солиқ бошқармаси раҳбарига йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш учун 2 ой муҳлат берилганди.

Воқеалар ривожи шуни кўрсатмоқдаки, Раҳмонбек Усмонов ҳам ишдан олиниши ёки лавозими туширилиши, унинг ўрнига эса яна бир юқори лавозимли амалдор тайинланиши мумкин.

«Фавқулодда ҳолат». Ҳукуматга 10 кун муҳлат берилди

Мавзуга оид