Иқтисодиёт | 21:34 / 29.12.2020
39261
8 дақиқада ўқилади

Президент мурожаатномаси: 2021 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти қандай ўзгаради?

Ўзбекистон Республикаси президентининг Олий Мажлисга мурожаатномаси – мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеа. 2017 йилдан буён анъанага айланган бу тадбирда тугаётган йилдаги асосий кўрсаткичлар, янги йилга мўлжалланган мақсад ва вазифалар эълон қилинади. 

2020 йил 29 декабр куни бўлиб ўтган бу галги мурожаатномада ҳам кўп масалалар, хусусан, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви раҳбарлари, бозор иштирокчиларига  кучли мессеж берилди. Қуйида мурожаатномада давлат раҳбари томонидан билдирилган асосий тезислар келтирилади.

Камбағалликка қарши курашиш 2021 йилнинг асосий иқтисодий масаласига айланади.

1. 2021 йил 1 мартдан бошлаб, аҳолининг минимал истеъмол харажатлари эълон қилинади. Шунингдек, ҳукумат ижтимоий кафолатларни бир тизимга келтириб, уларни минимал меъёр даражаларида босқичма-босқич таъминлаш бўйича дастур ишлаб чиқади.

Камбағаллик муаммоси ҳақида гапириш, уни расмий минбардан тан олиш босқичидан ўтдик. Кейинги маррада камбағал аҳоли ким деган саволга жавоб бериш зарур. Аҳолининг минимал истеъмол харажатлари мана шу масалага ойдинлик киритади. Бундан ташқари, энг кам истеъмол харажатларини эълон қилиб бориш Ўзбекистон Республикаси Конституцияси  39 моддасининг тўлиқ ижросини таъминлаш учун ҳам хизмат қилади.

Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга. Пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас. Ўзбекистон Конституцияси 39 моддаси.

2. Социал реестр ишга тушади. Камбағаллик ҳисобини аниқ юритиш ва аҳолига тўғридан тўғри ёрдам беришни осонлаштириш учун ижтимоий реестр ишга тушади. Келгуси йилдан тўлиқ ишга тушадиган «Ижтимоий реестр»да «темир дафтар»даги барча маълумотлар қамраб олиниб, эҳтиёжманд оилаларга 30дан зиёд ижтимоий хизматлар электрон шаклда кўрсатилади. Аслида социал реестрнинг жорий этилиши давлат томонидан кўрсатиладиган ёрдамнинг ҳақиқий эгасига бориши ҳам таъминланади, негаки, барча рўйхат ва хизматлар электрон, шаффоф юритилиши режалаштирилган.

Хусусийлаштириш ва трансформация жараёни давом этади.

1. Давлат компанияларини трансформациялаш жадаллаштирилади. Президент иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга оширишда давлат компанияларини трансформация қилишни жадаллаштириш керак, деб ҳисоблайди. Келгуси йилда «Навоий кон-металлургия комбинати», «Ўзбекнефтгаз», «Ўзбекгидроэнерго», «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамиятлари халқаро молия бозорига чиқиб, давлат кафолатисиз маблағ жалб этиш имкониятига эга бўлиши керак.

Жорий йилда Миллий банк ва Ипотека банк еврооблигациялар чиқаришга муваффақ бўлди. Энди навбат давлат корхоналарига. Албатта еврооблигация чиқариш учун, аввало, халқаро рейтинг олиш керак.

Рейтинг олиш давомида корхоналар фаолияти ва уларнинг бозори тўлиқ  ўрганилади. Улардаги мавжуд муаммолар рейтинг агентликлари томонидан баҳоланади. Бу эса давлат компанияларини янада самаралироқ ва очиқ-ошкора ишлашга ундайди.

Шунинг учун электр энергетикаси, нефть-газ ва кимё саноати, машинасозликдаги йирик корхоналар ҳамда тижорат банкларини ислоҳ қилишга Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ҳамда MacKenzie, Boston Consulting Group, Rothschild каби халқаро тан олинган компаниялар жалб этилди.

Таъкидланишича, 2021 йилда стратегик аҳамиятга эга бўлган 32 та йирик корхона ва тармоқни трансформация қилиш ишлари амалга оширилади. 

2. Давлат улушлари сотилади, хусусийлаштириш жадаллаштирилади. Таркибий ислоҳотларнинг яна бир йўналиши бу – давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтиришдир. Келгуси йилда «Фарғонаазот» ва «Деҳқонобод калий» заводлари, «Кока-кола ичимлиги» корхонаси, «Билдирсой» ва «Чорвоқ» оромгоҳлари, «Ичан қалъа» ва Hyatt Regency меҳмонхоналари, «Пойтахт» бизнес мажмуаси, алкогол, ёғ-мой каби тармоқлардаги 83 та йирик корхонадаги давлат улуши сотувга қўйилиши маълум қилинди. Албатта, бу каби активлар очиқ ва самарали сотилиши керак. Бунга эса мамлакат раҳбари таъкидлаганидек, халқаро молиявий ва ҳуқуқий маслаҳатчилар жалб этилади.

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, давлат улуши бўлган корхоналар сони келгуси икки йилда камида 3 баробар қисқартирилади.   

Албатта, давлат улуши сотилиш стратегияси танланади, кўп ҳолларда истиқболли харидорга улушлар сотилиши мумкин. Масалан, давлат банкларини йирик стратегик инвесторларга сотилиши, аввало уларнинг бошқарув тизими, иш услублари ва молиявий менежментини такомиллаштириш имконини беради. Ушбу масалада шаффофлик ва фақат ошкораликни юқори даражада таъминлаш талаб этилади.

Бозорларни монополиядан чиқариш ишлари жадал бўлади.

1.  2021 йилда давлат ва хусусий электр станциялари, ҳамда истеъмолчилар ўртасида электр энергияси улгуржи бозорини шакллантириш бошланади. Президент нутқида тадбиркорларни бу бозорларга жалб этган ҳолда, улар томонидан энергия маҳсулотларини импорт қилиш орқали ёки мамлакат ҳудудида ишлаб чиқариб, эркин сотиши учун имкониятлар яратилишига ишора мавжуд. Бу билан тез орада энергия ресурслари танқислиги муаммосини бартараф этиш мумкин бўлади.

2. Табиий газ таъминоти соҳасида монополия бекор қилинади, ишлаб чиқарувчи ва импортёрлар биржада газни сотиш, улгуржи истеъмолчилар эса газни сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Суюлтирилган газ бозорида хусусий сектор иштироки кенгайтирилиб, унинг импортига божлар бекор қилинади. Ушбу ташаббуслар ҳам мамлакатдаги энергия танқислиги муаммосини ечишга қаратилгани билан диққатли.

3. 1 мартдан бошлаб кумушни биржа орқали ишлаб чиқарувчиларга эркин сотиш тартиби жорий этилади. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда кумуш 2та корхона, яъни Навоий кон металлургия корхонаси ва Олмалиқ кон металлургия комбинати томонидан ишлаб чиқарилади. Аммо, корхоналар ишлаб чиқарган кумуш маҳсулотини жаҳон бозоридаги нарх бўйича фақат Марказий банкка сотишга мажбур ҳисобланади. Бу борадаги либерализация, бир тарафдан кумуш буюмлари ишлаб чиқариш ички бозорини ривожлантиради, иккинчидан, бу иккита корхона трансформацияда муҳим қадам ҳисобланади.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, пандемияда бизнесни ҳимоя қилиш давом этади.

1. Туризм, транспорт ва умумий овқатланиш соҳаларига имтиёзлар бир йилга узайтирилади. Хусусан, 20 мингта тадбиркорлик субъектининг жорий йил якунигача кечиктирилган 400 миллиард сўмлик ер ва мол-мулк солиғининг тўлаш муддати яна бир йилга узайтирилади. Пандемия бошланиши билан бизнесга берилган имтиёзлар, кўмаклар яна давом эттирилиши таъкидланди. Бундан ташқари, 1 миллиард сўмгача давлат харидлари доирасида аванс миқдори 30 фоизга етказилиб, тадбиркорлар қўшимча 1,5 триллион сўмгача айланма маблағларга эга бўлади.

2. Хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш бўйича чоралар кўрилади. Хусусан, Бизнес-омбудсманга мулкка доир ҳуқуқларни бузган раҳбарларни маъмурий жавобгарликка тортиш ваколати берилади.

«Бир нарсани очиқ тан олиш керак, пандемия даврида иқтисодиётнинг барқарор ишлаши учун тадбиркорлар давлат билан теппа-тенг ҳисса қўшдилар. Шунинг учун барчамиз тадбиркорларга елкадош бўлиб, уларни доимо қўллаб-қувватлашимиз шарт”, деди президент.

Шу билан бирга, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ 5 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб, уларнинг сони қисқартирилади ҳамда Тадбиркорлик кодекси ишлаб чиқилади.

3. Тадбиркорларни текширишга эълон қилинган мораторий яна бир йилга узайтирилади.  Бундан 4 йил олдин тадбиркорлик субъектларида текширишлар ўтказишга мораторий эълон қилганди. Бунинг натижасида ўтган даврда тадбиркорлар сони 2 баробар кўпайиб, 400 мингтага етди. Шунинг учун мораторий муддатини яна бир йилга узайтириш таклиф этилди

Мавзуга оид