Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бизнесга “амнистия”, энергетикада пасайиш ва 2023 йилга қайтган доллар — ҳафта дайжести
Президент тадбиркорлар билан учрашди: бизнесни қандай енгилликлар кутяпти? Бензин ишлаб чиқаришда жиддий пасайиш: янги шартнома вазиятни ўнглайдими? Олтин экспортидан тушумлар 1,8 баробарга ошди: доллар курси 20 ойлик мунимумгача қулади. Ўзбек-туркман-озар саммити: Каспий денгизида Ўзбекистон байроғи остидаги кемалар суза бошлайди. Якунланган ҳафтанинг асосий воқеалари – Kun.uz дайжестида.
Тадбиркорлар кунидаги анъанавий учрашув
Президент Шавкат Мирзиёев 20 август – Тадбиркорлар кунида тадбиркорлар билан учрашиб, уларни қийнаб келаётган қатор масалалар бўйича ечимларни илгари сурди. Солиқлар ва божлар бўйича енгилликлар, айрим жарималарнинг тўхтатилиши, қоғозбозликнинг камайиши ва бошқалар шулар жумласидан.
20 мингдан ортиқ тадбиркорга тўғридан тўғри таъсир қиладиган янгилик – солиқ текширувларида аниқланган 16 триллион сўмлик хато-камчиликлар учун жарима қўлланмаслиги бўлди. Бу имкониятдан фойдаланиш учун улар 1 ноябргача хато-камчиликларини тузатиши керак. Бундан ташқари, экспортда муддати ўтган қарздорлик учун жарима ҳисоблаш ва ундиришга 2027 йилгача мораторий киритилди.
Импортёрлар учун ҳам хушхабарлар бор. Чет элдан олиб келинадиган товарларнинг ҳар бир партияси учун алоҳида мувофиқлик сертификати беришдан воз кечилади ва битта сертификат шартномада кўрсатилган бутун ҳажм учун амал қилади. Хомашё ва бутловчи қисмлар импортида божларни қайта кўриб чиқиш топшириғи берилди. Ҳозирча аралаш мато ва газламалар, шунингдек, айрим полимерлар учун божлар бекор қилиняпти. Полиэтилен гранулаларига акциз солиғи ҳам ноллашади.
Солиқларга келадиган бўлсак, давлат раҳбари тадбиркорларнинг ўз бизнесини кенгайтиришдаги хавотирларига эътибор қаратди. Шу сабаб энди илк марта айланмаси 1 млрд сўмдан ошиб, ҚҚС тўлашга ўтадиган корхоналар 1 йилга фойда солиғидан озод этиладиган бўлди. Бундай корхоналар бухгалтерларга тўлаётган маошнинг 5 млн сўмгача қисми 6 ой давомида солиққа тортилмайди. Шунингдек, фойда солиғидан аванс тўлаш мажбуриятини юзага келтирадиган йиллик айланма миқдори 10 млрд сўмдан 20 млрд сўмга кўтарилмоқда. 1 ноябрдан эътиборан, барча тадбиркорлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жисмоний шахслардан нақд пулга сотиб олганда, электрон кирим қилиши мумкин бўлади.
Бундан ташқари, келаси йилдан бошлаб тўртта солиқ тури бўйича ҳисоботларни солиқ органининг ўзи шакллантиради. Бошқа солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаганлик учун жарима камайтирилади. Сайёр солиқ текширувларини ўтказишда видеокамерадан фойдаланиш мажбурий бўлади, тадбиркорларга бундай текширувлардан кейин қўлланган жарималарни 6 ой давомида бўлиб тўлаш имкони берилади.
Қоғозбозликни камайтириш йўналишида ҳам яхши янгиликлар бор. 2026 йилдан бошлаб, бизнес бошлаётган тадбиркор электрон рақамли имзо олиш, банкда ҳисобрақам очиш, ижара шартномаси расмийлаштириш, касса аппаратини солиқ органида рўйхатдан ўтказиш учун югуриб юрмайди: бу хизматлар унга тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказаётган пайтидаёқ тақдим этилади. 1 январдан эътиборан, яна 10 турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилинади. 32 тоифадаги маҳсулотлар учун мувофиқлик сертификати талаб қилинмайди. Умуман, техник жиҳатдан тартибга солиш тизими “бутунлай трансформация қилиниши” айтилмоқда.
Сўм мустаҳкамланишда давом этмоқда
Доллар курси охир-оқибат 2023 йилги даражага ҳам қайтди. Валюта биржасида жума кунги савдолардан кейин Марказий банкнинг расмий курси 12 357 сўмгача тушди. Бу – охирги 20 ойликдаги энг паст кўрсаткич. Шу тариқа, доллар сўмга нисбатан уч кунда 1,3 фоизга, йил бошидан бери 4,2 фоизга арзонлашди.
Сўмнинг мустаҳкамланиши – олтиннинг юқори нархларига боғлиқ равишда ташқи савдо кўрсаткичларининг ижобийлашиши, пул ўтказмаларининг ошиши, асосий ҳамкор давлатлар миллий валюталарининг барқарорлашиши ва бошқа омиллар фонида рўй беряпти. Шу ҳафта очиқланган 7 ойлик ташқи савдо статистикасига кўра, олтин экспортидан тушумлар йил бошидан бери 7,6 млрд долларга етган. Бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 81 фоизга кўп. Бошқача айтганда, Ўзбекистоннинг олтин экспортидан топган даромади 2025 йилнинг 7 ойида 2024 йилнинг 12 ойидагидан ҳам кўпроқ бўлди.
Ташқи савдодаги манфий салдо ўтган йилнинг шу давридаги 7,3 млрд доллардан 4,2 млрд долларгача қисқарган. Шу билан бир вақтда пул ўтказмалари ва хорижий инвестициялар ҳам ошгани, импортнинг ўсиши эса секинлашгани – валюта бозорида талабга нисбатан таклиф кўпроқ бўлишига олиб келяпти.
Халқаро валюта жамғармаси олтин нархининг ошиши давлат харажатларининг ошишига олиб келмаслиги кераклигини айтиб келади. Иқтисодчилар эса олтиндан “супердаромадлар” сўмни мустаҳкамлаши эмас, балки захира қилиниши кераклигини айтмоқда.
Энергетика маҳсулотлари ишлаб чиқариш қисқармоқда
Ҳафта давомида эълон қилинган саноат ва ташқи савдо статистикалари энергетикага оид хавотирли рақамларни кўрсатяпти. Унга кўра, январ-июл ойларида автомобил бензини ишлаб чиқариш 16 фоизга, бензин импорти эса 4 фоизга камайган. Бензин учун хомашё бўлмиш нефт ишлаб чиқариш 11 фоизга, нефт ва нефт маҳсулотлари импорти 16 фоизга қисқарган. Иқтисодиёт ўсиши билан талаб ортиб бораётган шароитда таклифнинг қисқариши нархларга ижобий таъсир қилмаслиги аниқ.
Ҳисобот даврида табиий газ қазиб олиш 3,4 фоизга камайган, газ экспорти 38 фоизга ошган. Йирик корхоналар томонидан электр энергияси ишлаб чиқариш 12 фоизга қисқарган, электр энергияси экспорти эса 50 фоизга ошган.
Жума куни Каспий денгизи соҳилидаги Аваза курортида бўлиб ўтган Туркманистон–Ўзбекистон–Озарбойжон уч томонлама саммитида энергетика ҳам асосий муҳокама мавзуларидан бири бўлди. Саммит доирасида Озарбойжон президенти Илҳом Алиев SOCAR миллий нефт-газ компанияси Устюрт платосида нефт конларини ўзлаштиришга киришганини маълум қилди. “Келгуси 1-2 йил ичида яхши янгиликлар бўлади деб умид қиламиз. Ўзбекистонда йирик нефт кони очилгани ҳақидаги янгиликни ҳаммамиз сабрсизлик билан кутамиз”, деди Алиев.
SOCAR билан ўтган ойда имзоланган маҳсулот тақсимотига оид битим Ўзбекистонга нефт мустақиллигини олиб келиши айтилмоқда. Битим доирасидаги конларда 100 млн тонна нефт ва 35 млрд куб метр газ борлиги тахмин қилиняпти. Озар қардошлар киритадиган 2 млрд доллар инвестиция доирасида, йилига 5 млн тонна нефт қазиб олиш кўзда тутилган. Бу – ҳозирги импорт ҳажмидан 2,5 баробарга кўп.
Уч томонлама саммитда Ўзбекистон, Туркманистон ва Озарбойжон ўртасида транзит коридорларини ривожлантириш ва бошқа савдо-иқтисодий масалалар кўриб чиқилди. Шавкат Мирзиёев юк ташувлари учун ўзаро тарифларни пасайтириш ва Каспий денгизида логистика инфратузилмасини биргаликда ривожлантиришни илгари сурди. Ўзбекистон Каспий денгизида ўз паромларига эга бўлишни ҳамда туркман ва озар портларидан қулай шартларда фойдаланишни хоҳлаяпти. Шунингдек, “Шовот – Дошҳовуз” чегараолди савдо зонасини йил охиригача ишга тушириш кўзда тутилмоқда.
Яна фирибгарликлар ҳақида
Автомобил, уй-жой ва хорижга ишга жўнатиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари давом этяпти. Бу ҳафта Kun.uz Тошкентда яна бир шубҳали “автосалон” пайдо бўлганини аниқлади. “Global avto kredit” номли фирма одамларга фоизсиз бўлиб тўлаш шарти билан қимматбаҳо электромобилларни ваъда қиляпти. GM машиналари эса йиллик 10 фоизли устама билан 5 йилгача насия савдога берилиши айтилмоқда. Фирма ижтимоий тармоқлардаги каналига бир нечта машина “мижозларга етказиб берилгани” ҳақида видеолавҳа жойлаштирган, лекин Kun.uz суриштирувида бу машиналар бошқа автосалонлардан олингани маълум бўлди.
Kun.uz'нинг аввалги суриштирувларидан кейин тергов бошланган “Ҳалол Автолизинг” иши эса судга чиқди. Тергов жараёнида бу ишнинг визага алоқадор қисми ажратиб олиниб, судга оширилган. Айблов хулосасига кўра, учта фирманинг мансабдорларидан иборат жиноий гуруҳ чет давлатларга ишчи виза расмийлаштириб беришни айтиб, 500 дан ортиқ фуқарони алдаган. Уларга етказилган зарар қиймати 7,3 млрд сўмга баҳоланяпти. Терговдан яшириниб юрган 3 киши қидирувга берилган.
Ҳафта давомида виза билан боғлиқ яна бир эҳтимолий фирибгарлик жинояти бўйича тергов бошланди. Маълум бўлишича, Тошкентда ADWorld номли фирма тегишли лицензияси бўлмай туриб юзлаб одамларни Саудия Арабистони, Сербия, Черногория, Норвегия ва Уммонга ишга юборишга ишонтирган ва ўртача 15-20 млн сўмдан пул йиғиб олган. Kun.uz суриштирувидан кейин, жиноят иши қўзғатилиб, фирма таъсисчиси Дилмурод Юсупов қамоққа олинди. Рақобат қўмитаси лицензияси йўқ компанияни реклама қилгани учун икки блогерни жаримага тортди.
Бундан ташқари, сўнгги кунларда “Credit House” иши бўйича тергов хулосаси чиққани ҳақида хабарлар тарқалди. Kun.uz бу борада ўз суриштирувларини давом эттирмоқда. Бу ҳолатда иккита фирма ўнлаб қурувчи компаниялар ва минглаб мижозлар ўртасида воситачилик қилган: қурувчилардан олинган шартномалар одамларга узоқ муддатга бўлиб тўлаш шарти билан пулланган. Бу – йилнинг энг катта фирибгарлик жинояти бўлиши мумкин, чунки жабрланганлар сони мингдан ошади, кўчмас мулк ҳақида гап кетаётгани учун улар тўлаган суммалар ҳам анча катта.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Давлат олийгоҳларининг аксариятида контракт миқдорлари бу йил оширилмаслиги кутилмоқда. Бу борада ҳозирча расмий маълумот берилмади, лекин интернетда тарқалган хабарлар ҳам рад этилганича йўқ. Контракт нархларининг ўзгармаслиги молиявий мустақил университетларга тааллуқли эмас: масалан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети шартнома қиймати 15 фоизга оширилганини маълум қилди. Оширилган стипендиясиз контракт 1-2-курслар учун қарийб 34 млн сўм, 3-4-курслар учун эса қарийб 27 млн сўмни ташкил этади.
Президент суд тизими учун таклиф қилинган ўзгаришларни тасдиқлади. Маъмурий ва иқтисодий суд ишлари экстерриториал, яъни ҳудудга боғланмаган тарзда кўриб чиқиладиган бўлди. Фуқаролик ва иқтисодий судлардаги низосиз ишлар маъмурий органларга ўтказилади. Туманлараро иқтисодий судлар ўрнига, 14 та ҳудуд учун 14 та иқтисодий суд ташкил этилади. Судяларни дастлабки 5 йиллик муддатдан кейин 10 йилга эмас, дарҳол муддатсиз даврга тайинлаш кўзда тутилмоқда. Судялар олий мактаби ислоҳ қилиниб, Одил судлов академиясига айлантирилади.
Янги Тошкентда Олимпия шаҳарчаси қуриб битказилди. 3 йил давомида амалга оширилган лойиҳанинг қиймати салкам 290 млн долларни ташкил қилди. Давлат раҳбари спорт ҳамжамиятини бу янги шаҳарча билан табриклаб, бундай Олимпия шаҳарчалари вилоятларда ҳам қурилишини айтди. Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Янги Тошкент қурилишининг бориши билан ҳам танишди. Ҳозир шаҳарнинг “таги”, яъни ерости инфратузилмаси қуриляпти. Бу муҳандислик тармоқларидан ташқари, туннеллар, ерости автотураргоҳлар ва ерости чорраҳаларни ҳам ўз ичига олади. Расмий хабарга кўра, ўндан ошиқ вазирлик ва идора аллақачон Янги Тошкентдаги вақтинчалик объектларда иш бошлаган.
Грузиянинг TBC гуруҳи OLX Uzbekistan'даги улушларнинг назорат пакетини сотиб олди. Ўзбекистондаги энг машҳур эълонлар портали қанчага сотилгани маълум эмас, лекин TBC тарқатган расмий хабарда Ўзбекистоннинг охирги 30 йиллик тарихидаги энг йирик концентрация битимларидан бири ҳақида гап кетаётгани айтилади. Келишув регулятор тасдиғидан ўтганидан кейин, Нидерландиянинг OLX гуруҳига тегишли Olx.uz'нинг 50 фоиз + 1 та акцияси Грузиянинг TBC гуруҳига, қолган улушлар Titan Investments халқаро инвестиция ҳолдинги эгалигига ўтади. Эслатиб ўтамиз, бунга қадар TBC'нинг Ўзбекистондаги портфели шу номдаги банкдан ташқари, Payme тўлов тизими ва BILLZ дастурий хизмат операторидан иборат эди.
“Ташаббусли бюджет”да овоз бериш босқичи бошланди. Овоз бериш 10 кун давом этади ва ғолиблар Мустақиллик байрамида эълон қилинади. Эътиборлиси, бу сафар лойиҳада ғалати ҳолат рўй берди: овоз бериш босқичида Андижон ва Улуғнор туманларидан қўйилган ташаббуслар иштирок этмаяпти. Иқтисодиёт ва молия вазирлигига кўра, бу туманларда ишчи комиссиялар кўплаб ташаббусларни асоссиз равишда рад қилиб юборган, натижада ноҳақлик бўлмаслиги учун бу туманлардаги ҳеч бир лойиҳани овоз беришга чиқармасликка қарор қилинган. Масъулларга қандай чора кўрилиши, туман бюджетидан “Ташаббусли бюджет”га ажратилган маблағлар нима бўлиши ҳақида вазирлик қўшимча изоҳ бериши кутиляпти.
Муаллиф – Комрон Чегабоев
Доимий бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвирчи – Шоҳруз Абдурайимов
Мавзуга оид
14:57 / 26.12.2025
Кредит олишга тақиқни қандай расмийлаштириш мумкин?
18:28 / 25.12.2025
“Credit House” ишида суд бошланди: биринчи кун қандай ўтди?
16:54 / 25.12.2025
6000 фунт ойлик, қалбаки таклифнома ва ғойиб бўлган «менежер». Сохта иш эълонлари ортидаги фирибгарлик схемаси
12:16 / 25.12.2025