Жамият | 10:58 / 22.08.2025
12978
2 дақиқада ўқилади

ADWorld иши бўйича иккита блогерга маъмурий баённома расмийлаштирилди

Рақобат қўмитаси блогерлар Отабек Жўраев ҳамда Абдураҳмон Абдураҳмоновни жаримага тортди. Улар тегишли лицензияга эга бўлмаган ва юзлаб одамларни чув туширганликда гумонланаётган “ADWorld Group” МЧЖни ўз саҳифаларида реклама қилишган. 

Блогерларга қонунбузарлик бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилиб судга юборилди, дея хабар берди Рақобат қўмитаси ахборот хизмати.

Қайд этилишича, хорижга виза олиш ва ишга жўнатиш билан шуғулланувчи субъектлар ҳақидаги реклама-ахборотлар бўйича ўтказилган ўрганишларда ижтимоий тармоқлардаги @iwash_tashkent саҳифасини юритувчи блогер О.Жўраев ҳамда @abdurahmonmufid саҳифасини юритувчи блогер А.Абдурахмоновлар томонидан “ADWorld Group” МЧЖ фаолиятига оид хорижга ишга юбориш хизматлари ҳақида реклама-ахборотларини жойлаштириб, фуқароларга консалтинг хизматлари эмас, айнан хорижга ишлаш учун юбориш бўйича хизматлар билан шуғулланиб келаётганлиги реклама қилинганлиги аниқланди.

“Реклама тўғрисида”ги қонунинг 16-моддасида ишлаб чиқарилиши ва (ёки) реализация қилиниши учун тегишли сертификатлари ва лицензиялари, мажбурий сертификатлаштириш гувоҳномалари ёки махсус рухсатномалари мавжуд бўлмаган товарларни реклама қилиш тақиқланган. “ADWorld Group” МЧЖда тегишли лицензия бўлмаган.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан ижтимоий тармоқларда ўз блогларини юритувчи фуқаролар О.Жўраев ва А.Абдурахмоновларга нисбатан қонун бузилиш ҳолати бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилиб, судга юборилди.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид