Савдо-иқтисодиёт, транспорт-коммуникация, энергетика ва гуманитар соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон раҳбари сўзининг аввалида Гурбангули Бердимуҳамедовни август ойи бошида БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси муваффақиятли ўтказилгани билан яна бир бор самимий табриклади.
Ўзбекистон президенти Озарбойжон етакчиси Илҳом Алиевни яқинда Вашингтон шаҳрида Арманистон билан тинчлик декларацияси имзолангани билан ҳам дилдан қутлади.
Шавкат Мирзиёев кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор аниқ таклифларни билдирди.
Уч давлатнинг улкан транзит салоҳиятини тўлиқ ишга солиш муҳимлиги қайд этилди.

Амалдаги ва истиқболли йўлакларнинг туташуви Хитойни мамлакатлар ҳудудлари орқали Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа билан боғлайдиган барқарор ва самарали трансқитъавий йўналишни шакллантириш имконини беришига ишонч билдирилди.
Ҳозирги кунда Хитой-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланган. Бундан ташқари, яқинда Покистон ва Афғонистон билан Трансафғон йўлагини қуриш лойиҳаси бўйича меморандум имзоланди.
Янги юк оқимлари, энг аввало, Озарбойжон , Туркманистон ва Ўзбекистон инфратузилмасидан самарали фойдаланишни таъминлаши қайд этилди.
Ўрта маршрутни, шу жумладан Зангезур йўлагини ривожлантириш борасидаги режалар ҳам қўллаб-қувватланди.
Энг муҳим масалаларни биргаликда экспертлар даражасида ишлаб чиқишга киришиш таклиф қилинди.
Бу - ўтказувчанлик қобилиятини кенгайтириш, шу жумладан Туркманбоши ва Боку портларида замонавий логистика инфратузилмасини яратиш, келишилган тариф сиёсатини юритиш, тартиб-таомилларни рақамлаштириш ва юклар назоратини таъминлаш масалаларидир.

Ўзбекистон асосий бозорларга бизнес учун энг қисқа ва манфаатли чиқишни таъминлаш мақсадида юк ташиш тарифларини ўзаро асосда пасайтиришга тайёрлиги билдирилди.
Бундан ташқари, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш логистика инфратузилмасини ривожлантиришда иштирок этиши мумкин бўлган донор давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан прагматик ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини бериши таъкидланди.






