24 июл куни Энергетика вазирлиги, «Ўзбекнефтгаз» ва Озарбойжон нефт компанияси (SOCAR) ўртасида маҳсулот тақсимоти бўйича битим имзоланганди. Унинг доирасида Устюрт нефт-газ ҳудудида геологик қидирув ишлари олиб борилади ва кейинчалик углеводородларни қазиш йўлга қўйилади.

Ўзбекистон 24 телеканали тайёрлаган видеолаҳвада аниқлик киритилишича, ушбу битимнинг қиймати қарийб 2 млрд долларни ташкил этади. Дастлабки прогнозларга кўра, Устюрт нефт-газ ҳудудида 100 млн тонна нефт ва 35 млрд куб метр табиий газ захираларига эга «улкан» конни топиш режалаштирилган.

Қайд этилишича, лойиҳа ишга туширилгач, ҳар йили 5 млн тонна нефт қазиб олиш имконияти пайдо бўлади. Бу айни пайтдаги умумий импорт – 2 млн тоннадан 2,5 баробарга кўп.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг 25 йил давомида нефтга бўлган эҳтиёжини қоплаши таъкидлаб ўтилган.

Аввалроқ Озарбойжоннинг SOCAR компанияси Ўзбекистон энергетика бозорига кираётгани хабар қилинганди.