Вазирлар, ҳокимлар ва бошқа амалдорлар яна Сенатда (фоторепортаж)
Олий Мажлис Сенатининг бугун, 30 ноябрь куни бўлиб ўтган 24-ялпи мажлиси якунланди. 19 та масала муҳокама қилинган йиғилиш Сенатнинг веб сайти, YouTube ва Facebook`даги каналларида онлайн режимида трансляция қилиб борилди.
Ялпи мажлис Сенат раиси Танзила Норбоеванинг кириш сўзи билан бошланди. Сенат раиси раҳбарларнинг халқ учун очиқлиги, жамиятнинг барча соҳаларида очиқлик – бугунги кун талаби эканини айтиб, бундан бошқа йўл йўқлиги, шу сабабли бунга кўникиб, ишни қайта кўриб чиқиш кераклигини таъкидлади.
Танзила Норбоева, шунингдек, раҳбарларнинг аввалги ёпиқлиги, одамлар билан, айниқса, ОАВ вакиллари билан мулоқотга чиқмаслигини қоралади. Унинг айтишича, раҳбарлар халқимиз билан, журналистларимиз билан мулоқот қилишни одат қилиши, муомала маданиятига, этика қоидаларига қатъий амал қилиши зарур.
Шундан сўнг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди. Бу борада Ҳукумат аъзоларининг маърузалари тингланди, сенаторларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
Жумладан, Сенат раиси Бош вазир ўринбосари – молия вазири Жамшид Қўчқоровга мурожаат қилиб, давлат дастурлари учун маҳаллий бюджет маблағи етиш-етмаслигини сўради.
Мажлисда, Ўзбекистоннинг асосий ташқи қарзи ОТБ, Жаҳон банки, Хитой ва Япония ҳиссасига тўғри келиши, келгуси йилдан мактаблар ва боғчаларда иш ҳақи республика бюджетидан молиялаштирилиши, 2020 йилдан бошлаб мобиль алоқа учун акциз солиғи миқдори аҳоли сонидан келиб чиқиб қайта тақсимланиши маълум қилинди. Муҳокамалардан сўнг Сенат 2020 йил учун давлат бюджетини маъқуллади.
Шу куни сенаторлар 2017–2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2019 йилнинг III чораги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини тинглашди.
Йиғилишда сенаторлар истеъмол саватчаси ва яшаш даражасинининг минумумини белгилаш борасидаги ишлар юзасидан маълумот берилишини сўрашди. Иқтисодиёт ва саноат вазири истеъмол саватчаси ҳажмини аниқлаш ва унинг асосида яшаш даражасининг минимумини белгилаш юзасидан тегишли методология ишлаб чиқилган. Ҳозир ушбу методология тест режимида бир қатор вилоятларда, хусусан, Фарғона, Тошкентда тест режимида амалга оширилаётгани, истеъмол саватчасига тахминан 50та озиқ-овқат маҳсулоти киритилиши мумкинлигини айтиб ўтди.
Кун тартибидаги навбатдаги масала Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳри ва Самарқанд тумани, Сурхондарё вилояти таркибида Бандихон туманининг ташкил этилиши муносабати билан Қизириқ, Бойсун ва Қумқўрғон туманлари чегараларига ўзгартириш киритилишига бағишланди. Мазкур масалага бағишланган қонунлар сенаторлар томонидан бир овоздан маъқулланди.
Сенатнинг 24-ялпи мажлисида Олий суд таркибига ўзгартиришлар киритиш масаласи кўриб чиқилди. Kun.uz мухбири хабар беришича, Шуҳрат Аббосов ва Раҳматилла Орзиқулов сенаторлар ўртасидаги овоз бериш жараёнида Олий суд судьяси лавозимига сайланган. Олий суднинг икки нафар судьяси бошқа ишга ўтаётгани муносабати билан лавозимидан озод қилинди.
Сенаторлар арзон уй-жойлар қуриш, аҳолини электр ва табиий газ билан таъминлаш жараёнидаги муаммолар, давлат божхона хизмати органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати ва Тошкент вилояти чегара постлари фаолиятини ўрганиш натижалари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборишга қарор қилишди.
Ялпи мажлисда “Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги, “Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибининг такомиллаштирилгани муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги, “Банкротлик тўғрисидаги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг 2019 йил харажатларига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонунлар муҳокама қилинди.
Kun.uz фотомухбири Муҳаммаджон Ғаниев Ўзбекистон парламент юқори палатаси 24-ялпи мажлисидан фотолавҳаларни тақдим этади.
Мавзуга оид
15:48 / 20.11.2024
Сенат қўмиталарига раислар сайланди
13:56 / 19.11.2024
Танзила Норбоева Сенат раиси лавозимига қайта сайланди
12:40 / 19.11.2024
2025 йилда туман ва шаҳарлар бюджетлари 1,5 баробарга ошади
12:27 / 19.11.2024