22:00 / 11.05.2020
53870

«Масъуллар қоча олмайдиган ҳуқуқий тизим керак» - Эксперт Сардоба воқеаси ҳақида

Нагоя иқтисодиёт университети профессори, «Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси Алишер Умирдинов Kun.uz мухбири билан суҳбатда Сардобада рўй берган фожиа сабаблари ва оқибатлари, айбдорларни жазолаш механизми, чиқариладиган хулосалар ҳақида сўз юритди.

– Сардоба фожиасида нафақат ўзбекистонликлар, балки қўшни Қозоғистон аҳолиси ҳам зарар кўрди. Қўшни давлатда 30 мингга яқин киши эвакуация қилинди, мингдан зиёд уй, экин майдонлари сув остида қолди. Сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун Ўзбекистондан ҳам ёрдам гуруҳи юборилган. Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев тўғон ўпирилиши натижасида бошпанасидан маҳрум бўлган қозоғистонликларга янги уйлар қуриб берилишини маълум қилган.

Шу ўринда ўзбекистонликларни қизиқтираётган савол: Ўзбекистон Қозоғистонга товон тўлайдими? Тўласа, бунинг ҳажми қандай бўлади? Сардоба тўғон сувининг Қозоғистонга оқиб кириши қандай халқаро ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин?

– Тўғон ўпирилиб, сув Қозоғистонга ҳам ёпирилганидан кейин қозоғистонлик юқори мансабдаги амалдор Ўзбекистонга нисбатан 5та масаланинг даъвосини қилди. Биринчи ўринда, бундай трансчегаравий дарёларда гидротехника иншоотларини қуришдан олдин Ўзбекистон Қозоғистондан рухсат сўраши керак деган масала. Иккинчиси, қурганда ҳам бизга етарли даражада маълумот бермагани деган масала.

Бундан ташқари, Ўзбекистон томони Қозоғистонга етказган моддий товонни тўлаб бериш масаласи. Энг охири, яна ҳам нозикроқ масала – бундан кейин Ўзбекистон Сардоба тўғонини тўлдирмаслиги, тўлдирса ҳам сувни камроқ ҳажмда тўлдириши лозимлиги айтилди.

Хўш, энди халқаро ҳуқуқий асос қай даражада, дейдиган бўлсак, давлатлар ўз ҳудудида юз берган табиий офат, ҳар қандай ҳодиса туфайли қўшни давлатларга зиён етадиган бўлса, зарар келтиргани аниқлашадиган бўлса, халқаро ҳуқуқий жавобгарликни олишади. Шунинг учун Ўзбекистон томони ҳам Қозоғистондаги қўшни дўстларимизга етказилган зарар бўйича халқаро ҳуқуқий жавобгарликни олиши лозим ва маълум даражада товон пуллари тўлаб берилиши керак.

Бир нарсани айтиб ўтишим керакки, қозоғистонлик юқори мансабли амалдорнинг Ўзбекистон томони бундай тўғонларни қуришда Қозоғистон томонини келишиши керак деган масалада бироз ошириб юборгани аниқ. Чунки давлатлар қандай тўғон, гидроиншоот қуришни ўзлари ҳал қилишади.

– Тўғонда ҳатто авария тизими ҳам мавжуд бўлмагани айтилмоқда. Тўғондан сув сизиб чиқаётганини ўша пайтда ўша ҳудудда бедана овига чиққан овчилар пайқаб қолишган, улар одамларни огоҳлантиришган ва шундан кейингина ҳолат ҳақида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вилоят бошқармасига хабар беришган. Бу тўғон қурилишида энг зарурий авария-қутқарув чоралари етарли таъминланмаганини кўрсатяпти.

– Албатта, бунга шубҳа йўқ. Чунки биз Японияда орол давлатда яшаймиз. Япония дарёларга жуда ҳам бой. Биз чўмилиш, пикникка дўстларимиз билан дарёларга борганимизда, кунига 3-4 марта ўша ҳудуддагиларга хабар беришади: яъни сув келиб қолган вақтда диққат қилинглар деган маънода. Ҳар бир жойда шунақа огоҳлантириш тизимлари жуда ҳам яхши ишлайди, етарлича ўрнатилган.

Агар бундай тизимлар ўрнатилмайдиган бўлса, ўша ердаги вилоят, ёки жавобгар компаниялар бунинг жуда катта жавобгарликни зиммасига олиши шарт. Биз бу масалани қайтадан, тубдан кўриб чиқишимиз керак. Нафақат кўллар, дарёлар, балки тоғлар атрофи ва бошқа масалаларни ҳам қайта кўздан кечиришимиз керак.

«Ўзгидроэнерго» АЖ раҳбари Абдуғани Сангиновнинг Сардоба фожиасини тафтиш қилувчи ҳукумат комиссияси таркибига киритилгани айни пайтда ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўляпти. Ваҳоланки, журналист ва блогерлар томонидан очиқ маълумотлар асосида тайёрланган суриштирувларнинг ўзиёқ ушбу шахс шубҳа доирасида экани, то номини оқлаб олмагунча комиссия таркибига жалб этилмаслиги, шунингдек, бевосита шу тизимнинг раҳбари бўлгани учун фожиага оид далиллар йўқ қилинишининг олдини олиш учун вақтинча фаолиятидан четлаштирилиши керак эмасмиди? Ҳозирги ҳолатда тафтишнинг холис ўтказилишига ишонч борми?

– Бетарафлик ниҳоятда муҳим. Халқимизни ишонтириш, жавобгар ташкилотлар етарли даражада масъулиятни бўйниларига олаётганликларини билдириш учун ҳам бетарафлик ниҳоятда муҳим.

Сиз айтган ҳолат бўйича мен шахсан таниш эмасман. Фақат бу ҳолатни кўриб, мен ўйлаган нарса – Ўзбекистонда ҳали ҳамон совет иттифоқидан қолган, ҳали ҳам давом этаётган масала бор. Хусусий мулк билан оммавий ваколатнинг бир-бирига жуда ҳам бирлашиб кетгани ҳалиям кўзга ташланмоқда.

Яъни қайси маънода? Баъзи бир мансабдорлар олдинги йиллардан бошлаб ўзларининг яқин қариндошларига хусусий фирмалар очиб берган ҳолда, керак бўлса, солиқдан қочиш, тендерларда ютиш, ёки маъмурий буйруқлар чиқариш орқали монополияларни тузиб олиш каби ҳолатларни юзага чиқариб келишган. Бу нарса чет элларда «conflict of interest» (манфаатлар тўқнашуви) ҳам дейилади. Яъни мансабдор шахс ўша соҳада, ёки соҳага алоқадор соҳаларда оиласи ёки ўзи ҳеч қандай хусусий фирма тузмаслиги керак. Ўзининг оиласи, ўз оиласи бизнесидан буткул ажраб чиққан ҳолда ўзига юклатилган оммавий ваколатларини амалга ошириши керак. Бу нарса бизда ҳали ҳам бор.

Жуда кўп марта эшитаман: мисол учун, чет элдан хусусий фирмалар келиб, ўша ишни олмоқчи бўлса, оз миқдордаги пул ва сифатли ишни бажармоқчи бўлса, биздагилар, маълум бир ташкилотлар, ҳаммаси ҳам эмас, ўша пудратчига ишни бермасдан, сифатсиз ва қимматга қиладиган бошқа корхонага бериш ҳоллари ҳали ҳам учрамоқда. Бундан давлатимиз ҳам, халқимиз ҳам жабр кўради.

Шунинг учун биз хусусий ва оммавий шерикчилик масаласида чизиқни, чегарани аниқ тортиб олишимиз керак. Мансабдор шахслар бизнесга умуман яқинлашмаслиги, яқинлашадиган бўлса ҳам қонун доирасида бўлиши ва уларнинг оила аъзолари орттираётган пуллари ҳам жамоатчилик кўз ўнгида туриши керак.

Мисол учун, Хитойда бу иш сўнгги саккиз йил мобайнида Си Цзиньпин бошчилигида жуда ҳам яхши амалга оширилди. Чунки шу пайтгача фақат ўша инсоннинг ўзи жавобгар бўлган, лекин оиласи орттирган мол-мулки билан жавобгарликдан қутулиб қолган. Лекин ҳозирда улар жавобгарликни кенг қамровли тарзда олиб боришмоқда.

Шунинг учун биз ҳуқуқий принцип жиҳатидан оммавий хусусий шерикчилик масаласини ниҳоятда аниқ чизиб олишимиз керак. Бўлмаса, мана бундай хунук ҳолатлар такрорланаверади. Бу нарса ҳали аниқлашгани йўқ, жиноий процедура давом этмоқда. Фақат умумий манзара масаласида фикримни билдирдим.

– Суҳбатимиз аввалида Сардобадаги офатда етказилган зарар ким томонидан қопланиши ҳақида фикр билдириш асносида Фукусима фожиасига тўхталиб ўтдингиз. Шу ўринда ўз-ўзидан кейинги савол юзага келади. Ўзбекистонда тендерсиз амалга оширилган яна бир лойиҳа бу – Россия билан ҳамкорликда қурилаётган атом электр станцияси қурилишининг ҳам тендер ҳужжатларини очиқлаш, Сардоба фожиаси бу лойиҳада ҳам юз бермаслигига ишонч ҳосил қилиш учун менимча жамоатчиликка ошкор қилиниши керак. Қайси шартлар бўйича бу тендер «Росатом»га ишониб топширилган? Томонлар нималарга келишишган? Авария содир бўлганда жавобгарликни ким бўйнига олади? Агар бу масалалар ҳал қилинмаган бўлса, қайтадан халқаро тендер ўтказиш керак. Чунки жамоатчилигимиз бу масалада икки томонга бўлиниб қолган. АЭС қурилишига қаршилар ҳам, буни ёқловчилар ҳам бор. Худо кўрсатмасин, атом электр станциясида Фукусимадагига ўхшаш фожиа юз берадиган бўлса, унинг кўламини Сардобадаги офат билан қиёслаб бўлмайди, тўғрими?

– Шак-шубҳасиз. Ҳатто шу даражада технологиялари бўлган Япония ҳукумати ҳам маълум даражада довдираб қолган. Яъни келтирилган зиённинг ҳажми шу даражада каттаки, масалани қайси томондан ҳал қилишни ҳукумат ҳам билолмай қолган.

Натижада ўша пайтдаги демократик партия ҳукуматдан кетиб қолган, ҳокимият алмашган. Масала шу даражада муҳимлигидан.

Айтиш керакки, бу сафар сув масаласини тегишли ташкилотлар ўзанни бошқа дарёларга ёки каналларга ўзгартириш орқали бир бало қилиб, ҳолатни бошқара олишди.

Лекин АЭС умуман бошқа масала. Инсоннинг атомни бўйсундириши ниҳоятда қийин. Мен мутахассис эмасман, лекин шу нарсани айтиб ўтиш керак. Балки Сардоба фожиаси АЭС қурилишини йиллар, бир неча йиллар ортга сурар. Умумий маънода шуни айтишим керакки, бу сиёсий қарор бўлган. Ҳуқуқшунос сифатида бу нарсага изоҳ беролмайман.

Россия билан бизнинг алоҳида стратегик ҳамкорлигимиз бор. Агар «Росатом» билан Ўзбекистонда АЭС қуриладиган бўлса, нафақат ўзбекистонлик ва россиялик мутахассислар, балки дунёда АЭСлар бўйича энг сўнгги тажриба ва технологияга эга бўлган япониялик, франциялик мутахассисларнинг албатта иштирок этиши ва тўлиқ шаффофлигини таъминлашлари лозим.

Шу билан бирга, алоҳида қонунчилик нормалари тузилиши, менимча бу масала бўйича ишлар кетяпти, кадрлар тайёрланиши, АЭСга боғлиқ офатлар юзага келадиган бўлса, ўша станцияни қуриб берган «Росатом» етарлича моддий жавобгарликни олиши керак. Моддий жавобгарликни олмасдан бу АЭСнинг пойдеворини қурмаслик, ёки охирига етказмаслик керак.

– Президент Шавкат Мирзиёев «Сардоба» сув омбори тўғони халқаро экспертларни жалб этган ҳолда қайта кўриб чиқилишини, чуқур экспертизадан ўтказилишини маълум қилди. Бундан ташқари, Ўзбекистондаги барча гидроиншоотлар қайтадан текширилишини ҳам маълум қилди. Бу албатта қувонарли ҳол.

Аммо мени ўйлантирадиган нарса бу – Ўзбекистон шароитида фожиалар юз берганидан кейингина қилиниши. Биз қачонгача фожиалар юз беришини кутамиз, деган савол туғилади. Бу фожиагача қилиниши учун Ўзбекистонда нималар ўзгартирилиши керак деб ҳисоблайсиз?

– Сўнгги йилларда юртимиздаги воқеаларни диққат билан кузатиб боряпман. Мисол учун, кўнгилочар боғлардаги техникалар қулаши натижасида инсонлар ўлими, ёш қизлар, болалар ўлими юз бериши. Ёки Тошкентдаги метро қурилишидаги ёш ўғлонларнинг лой остида қолиши. Ва мана тўрт инсон оқиб кетиши ва бир инсон бедарак йўқолиши билан қарама-қарши турибмиз.

Биринчи ўринда халқимизнинг ёнида туриш билан биргаликда қўшни давлат билан чиройли дипломатик мулоқотни йўлга қўя олгани учун ҳукуматимиз раҳбарлари ва президентимизни табриклашимиз керак. Чунки ниҳоятда яхши мулоқот йўлга қўйилди, дўстлик янада мустаҳкамланди.

Иккинчи ўринда халқимиз маълум даражада бирдамлик, жипсликни намойиш қилди. Ҳозиргача хайрия карвонлари Сирдарё вилоятига томон оқяпти. Бу ниҳоятда яхши. Сардобадан бизнинг қўлга киритадиган масалаларимиз ниҳоятда кўп деб ўйлайман.

Ечимларга келадиган бўлсак, юқорида айтиб ўтганимдек, юридик шахсларнинг жиноий жавобгарлик масаласини аниқлаштиришимиз керак. Бундан кейин масъуллар қоча олмайдиган ҳуқуқий тизимни барпо қилмагунимизча бу масала бўлмайди.

Тендерларнинг шаффофлиги, одиллиги масаласини қўйишимиз керак. Бу ерда мени бир нарса кучли хавотирга солади: бизда Рақобат қўмитаси бор. Ҳар 3-4 йилда номи алмаштириб келинган, қайтадан ташкил қилинган. Шу қўмита тендерларни доим назорат қилиши керак. Лекин билишимча, бу қўмитанинг фикрлари бошқа давлат ташкилотлари томонидан инобатга олинмайди. Ваҳоланки, бу қўмита иқтисодимизнинг локомотиви бўлиши керак. Қачонки рақобат тўғрисидаги қонун ишласа, тендерлар етарлича назорат қилинса, одил, шаффоф, соғлом рақобат бўлсагина, ҳақиқий, бузилмайдиган объектларни кутишимиз мумкин.

Яна бир масала – табиий офатлар биз биламизми ёки билмаймизми баъзан қўлимиздан келмаган ҳолда юз бериши мумкин. Иқлим ўзгараётган пайтда бу нарсани кутмасликнинг иложи йўқ. Шундай пайтда бундай ҳолатларда огоҳлантириш тизими билан тезкор технология орқали инсонларга хабар бериш ва улар иложи борича камроқ талафот кўришлари олдини олиш тизимини вужудга келтиришимиз керак. Шу уч масала ҳозирги кунда Сардоба фожиасидан ўрганадиган муҳим хулосаларимиздир.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди

Мавзу
Сардобада сув тошқини
1 май куни тонгда Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омбори дамбаси девори бузилиб, сув тошиб чиқди.
Барчаси
Top