08:15 / 01.05.2021
30144

Энди амалдорлар хизмат машинасини исталган вақтда алмаштира олмайди

29 апрел куни қабул қилинган ҳукумат қарорига асосан давлат амалдорларининг хизмат машиналарини янгисига алмаштириши ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотларга ўтказиб бериши учун чеклов ўрнатилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 258-сонли қарори билан давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида янги тартиб ўрнатилмоқда. Унга кўра, давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларда фаолият юритувчи мансабдорлар хизмат машинасини янгисига алмаштириши ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотларга ўтказиб беришига чеклов белгиланган. Энди давлат хизматчисига берилган автомобил камида 5 йил фойдаланилгандан кейингина сотилиши ёки бошқа ташкилотга ўтказиб берилиши мумкин (фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган автотранспорт воситалари бундан мустасно). Бунда автотранспорт воситасининг техник ҳолати ҳамда ундан фойдаланиш хавфсизлиги инобатга олинади.

Янги тартибга кўра, хизмат машиналарининг ҳисоби бюджет ташкилотлари томонидан бюджет ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини комплекс автоматлаштириш учун мўлжалланган дастурий мажмуада юритилади. Бундан ташқари, амалдорларнинг хизмат машиналарини сотиб олишда тегишли ғазначилик бўлинмалари томонидан уларнинг белгиланган меъёрларга мослиги текширилади.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси президенти ва Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан берилган хизмат автомобилларидан улар учун белгиланган лимитлар доирасида фойдаланилади. Қолаверса, ҳукумат қарори билан бундан буён давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг хизмат автотранспорт воситаларини сотиш фақат электрон аукцион савдолари орқали амалга оширилиши белгиланган.

Аввалроқ Олий таълим вазирлиги Malibu-2 сотиб олаётгани, Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги янги раҳбари ишни Malibu-2 хариди билан бошлагани, Навоий вилоятида 8та туман ҳокимларига Malibu-2 берилгани, Самарқандда Нарпай, Иштихон ва Қўшработ туманлари ҳокимлари учун Trailblazer харид қилингани хабар қилинган эди.

Бундан ташқари, 2020 йилнинг декабрида Косон тумани ҳокимининг одам ўлимига сабаб бўлган Captiva’си янгисига алмаштириш учун маҳаллий бюджетнинг захира жамғармаси ҳисобидан 262 млн сўм маблағ ажратилгани ижтимоий тармоқларда эътирозларга сабаб бўлган, Қашқадарё ҳокими Зойир Мирзаев 2021 йилнинг февралида вилоятда фаолият юритувчи 15 нафар ҳоким ва уларнинг ўринбосарларига янги хизмат автомобили сотиб олишни тақиқлаган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан қарийб 883 млн сўмга Toyota Prado, Наманган вилояти ҳокимлиги 1 млрд 579 млн сўмга Tоуоtа LC 200, 398 млн сўмга Trailblazer LTZ AT, Поп ва Учқўрғон туман ҳокимликлари Trailblazer LTZ AT, Жиззах вилоятининг Зарбдор ва Мирзачўл туманлари ҳокимликлари 370 млн сўмдан Trailblazer LTZ AT, Самарқанд вилоятининг Қўшработ ва Нарпай тумани ҳокимликлари 398 млн сўмлик Trailblazer LTZ AT, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги 349 млн сўмга Equinox-АТ, 206 млн сўмдан жами 620 млн сўмга 3 дона Tracker, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги 1 млрд 194 млн сўмга 3та Trailblazer LTZ AT, вилоят ички ишлар бошқармаси 398 млн сўмга Trailblazer LTZ AT ва 380 млн сўмга Isuzu D-MAX (IRBIS-AT) пикапи, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси 398 млн сўмга Trailblazer, вилоят давлат солиқ бошқармаси 349 млн сўмга Equinox-АТ, Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси 795 млн сўмга Tahoe, 635 млн сўмга иккита Malibu, 115,6 млн сўмга эса Lacetti, Андижон вилояти ҳокимлиги Tahoe, Тупроққалъа тумани ҳокимлиги 398 млн сўмга Trailblazer, 138 млн сўмга Lacetti ва 90 млн сўмдан жами 630 млн сўмга 7та Nexia-3 русумли автомобил харид қилгани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.

Top