Яна 47 нафар афғон ҳарбийси Ўзбекистон ҳудудига ўтди — ТИВ
26 июнда 3 нафар, 27 июнда 44 нафар афғонистонлик ҳарбий Ўзбекистон чегарасини бузиб кирган, ўзбек чегарачилари уларни ватанига қайтариб юборган. Ўзбекистон ўз ҳудудига бу каби ноқонуний ўтишга уринишлар қатъий равишда бартараф этилишини яна бир бор маълум қилди.
Ўзбекистон яна бир бор Афғонистонда кескинлик кучайиб бораётганидан хавотирда эканини билдирди.
Расмий Тошкент курашаётган томонларни тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлишининг олдини олишга ва куч ишлатишдан тийилишга чақирмоқда.
Ўзбекистон ТИВнинг 28 июн оқшомидаги баёнотига кўра, 27 июн куни 44 кишидан иборат Афғонистон чегара қўшинлари ва маҳаллий қуролли гуруҳ вакиллари Шўртепа тумани ҳудудида Ўзбекистоннинг давлат чегарасини бузган.
Бундан ташқари, 26 июн куни чегаранинг ушбу қисмида қўшни мамлакат кучишлатар тизимлари 3 нафар вакилининг Ўзбекистон ҳудудига кириб келиш ҳолати қайд этилган. Барча Афғонистон фуқаролари ўз ватанига қайтарилган, дейилади ТИВ ахборотида.
“Ўзбекистон ҳудудига бу каби ноқонуний ўтишга уринишлар қатъий равишда бартараф этилади.
Ўзбекистон Ҳукумати Афғонистон билан анъанавий дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини давом эттириш, нейтралитетни сақлаш ҳамда қўшни мамлакат ички ишларига аралашмаслик тарафдори эканлигини қатъий маълум қилади”, – дея якунланади Ўзбекистон ташқи сиёсат идорасининг расмий баёноти.
Эслатиб ўтамиз, 23 июнда ҳам 53 нафар афғон ҳарбийлари Ўзбекистон ҳудудига қочиб ўтганди.
Шу куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан телефон мулоқотида Афғонистонда ва Тожикистон чегараси ҳудудларида юзага келаётган таҳликали вазиятни ҳам муҳокама қилиб, ушбу мамлакат билан чегара чизиғидаги вазиятни жуда кескин деб баҳолаганди.
Афғонистондаги вазиятнинг кескинлашуви фонида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий округларда ҳарбий машғулотлар бошлаган.
Ўзбекистон расмийлари 22 июн куни Афғонистонда коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият кескинлашаётгани сабаби билан ўзаро чегарани ёпган.
- Америкалик ҳарбийлар Афғонистонни тарк эта бошлагач, «Толибон» ҳаракати шимол томонга фаол юриш бошлади, айни вақтда ушбу ҳудудда ҳукумат қўшинлари ва ҳаракат жангарилари ўртасида жанговар тўқнашувлар давом этмоқда. Аввалроқ «Толибон» бир қатор туманлар ва Тожикистон билан чегарадаги назорат-ўтказиш пунктларини эгаллаб олгани, Қундуз вилоятида жойлашган «Шерхон-Бандар» назорат ўтказиш пунктига ҳужумдан сўнг ҳукумат қўшинларининг 130дан ортиқ ҳарбийси Тожикистон ҳудудига чекингани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
13:30 / 20.11.2024
Ўзбекистон ва АҚШ афғон масаласи бўйича учрашув ўтказди
17:22 / 19.11.2024
«Марказий Осиё – Хитой» қувури орқали 14 йилда етказилган табиий газ миқдори маълум қилинди
17:22 / 17.11.2024
Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиққанларни жазоламоқчи – ОАВ
17:25 / 15.11.2024