12:17 / 21.06.2022
36817

“Биз ҳам яшайлик” — ўлмас мавзу яна трендда

Юртга яна ёз келиб, жазирама билан бирга пулли “тонировка”нинг мантиқсизлиги ҳақидаги гап-сўзлар ҳам қайтди. Кўпчилик Комил Алламжоновнинг постини сигнал ва “учини чиқариш” деб қабул қилди, бу эса сўнган умидларни яна алангалатгандек бўлди.

Фото: KUN.UZ

Гарчи ИИВ автомобил ойнасини қорайтириш бепул бўлиши кутилаётгани ҳақида маълумотга эга эмаслиги айтилган бўлса-да, 1 июлдан бу борада жиддий ўзгариш бўлиши кутилаётгани ҳақидаги гап-сўзлар тинмаяпти. Kun.uz интернет фойдаланувчилари томонидан билдирилган айрим изоҳларни жамлади.

“Аслида тонировка – автомобиль эгасининг ҳаққи. Моторни алмаштиргани йўқ, ғилдиракнинг катта ё кичигини қўйгани йўқ, ўзини қуёшнинг зарарли нурларидан ҳимоя қилмоқчи холос. Худди қишда иссиқ кийим кийгандек гап бу” — Неъмат Баҳриддинов

“Инсон ўзини иссиқдан ҳимоя қилиш учун пул тўлаши бу кулгили ҳолат. “Ўзбекистон 24” каналини қўйсанг, тинмай инсон қадри ҳақида гапиради. Қани инсон қадри?” Асқар Абдуллаев

“Кўришни 90 фоиз чеклайдиган бахмал пардага рухсат бор, лекин ичкаридан ҳамма нарса кўриниб турадиган тонировкага рухсат йўқ! Жуда мантиқсиз ҳолат” — Баҳодир Мамажонов

“Ҳеч бўлмаса автомобиль ойналарини мавсумий қорайтиришга рухсат бериш керак. Жуда бўлмаса ёз ойларида. Халқ ҳақида қайғуриш бошланган экан, қабул қилинаётган қонунлар ҳам шунга мувофиқ бўлиши керак” — Шерзод Исмоилхўжаев

“Мен шахсан тонировка бепул бўлиши тарафдориман. Бироқ тез орада автомобилга радиомагнитофон ёки гиламча ўрнатиш учун ҳам солиққа тортишларидан хавотирдаман. Чунки фақат бизнинг мамлакатдагина аҳолидан машина ойналарини қорайтириш учун 2000 доллар олишни ўйлаб топиш мумкин” — Шерхон Назаров

“Тонировка пулли бўлиши учун ҳеч қандай асос йўқ аслида. У текин бўлиши керак” — Абдураҳмон Пардиев

“Нафақат шахсий автомобиллар, жамоат транспортлари – автобус ва “маршрутка”ларнинг ойналарини тонировка қилиш бепул бўлиши керак. Аҳолининг катта қатлами шундай транспортдан фойдаланади. Ёзда кондиционерсиз автобусда юриш жуда қийин. Ҳеч бўлмаса ойналари қорайтирилса, йўловчиларга анча енгиллик бўларди” — Умида Музаффарова

“Тонировкани пуллаётган амалдорларнинг машинаси 100 фоиз қорайтирилган. Қорни тўқнинг қорни оч билан иши йўқ” — Расул Исомиддинов

“Агар қонунлар бизга хизмат қилиши керак бўлса, ҳужжатлардаги мантиқсизликка нуқта қўйиш керак. Автомобиль ойнасига пардага рухсат бор, лекин тонировка пулли. Қайси бири кўришни кўпроқ чеклайди? Қайси бири ЙТҲ содир бўлиши хавфини оширади? Албатта, қуёшдан сақланиш учун машина ойнасига тортиладиган парда. Халқ учун қай бири қулайроқ? Масалан, автомобилнинг орқа ўриндиғида ўтирган яқинларимиз тонировка қилинган машинада ўзларини анча эркин ва қулай ҳис қилишади” — Жамшид Жуманиёзов

“Агар автомобил ойнасини қорайтириш бепул бўлмаса, амалдорларнинг хизмат автомобилларини ҳам тонировка қилиш бекор қилинсин, шунда оддий халқ билан тенглик бўларди” — Ойбек Бўрибоев.

“Қаршида шунақанги иссиқ бўляптики... Шунчаки даҳшат! Машинанинг ичи ёниб кетяпти. Кондиционер салонни совитиб бера олмаяпти. Шу иссиқда катта бувимни шифохонага операцияга олиб бордим. Ўзимни эмас, уларни ўйлаб сиқилдим. Тонировкани пулли қилган амалдорлар ҳам бизнинг ҳолимизга тушишсин. Шунда кўрамиз аҳволларини” — Рамиз Ҳайитов

“Бугун Сергели бозорида битта ҳайдовчининг мазаси қочиб, ўлиб қолишига сал қолди. Кунлар жудаям исиб кетди, бунинг устига кондиционер ҳам етарлича совитиб бера олмаяпти. Машинанинг ичида қарийб ярим соат бошидан сув қуйиб ўзига келтирдик, кейин тез ёрдам келиб шифохонага олиб кетди. Шундай вазиятда тонировкали автомобил ҳайдовчи ва йўловчиларни жазирамадан, қуёшнинг зарарли нурларидан яхшигина ҳимоя қилади. Бу имконият фақат бойлар учун бўлмасин” — Эркин Маликов

“Бизнинг ҳудудимизда қуёшдан келадиган ультрабинафша нурлар жуда зарарли ҳисобланади” — Баҳодир Рўзбоқиев

“Нима эмиш, олд ойнани қорайтириш ҳайдовчига ташқарини кўришга халал берармиш... 13,5 млн тўлаб тонировка қилдирса, ташқарини чекловсиз кўра бошлайдими?! Қани бунда мантиқ? Бу ҳамма учун текин бўлиши керак. Бутун дунёда шунақа. Биз ҳам яшайлик” — Отабек Мўминов

“Илгари тонировка мумкинмас, хавфли дейишарди. Кейин пул тўлаб машинанинг ойнасини қорайтириш мумкин бўлди. Бепул бўлса хавфли, пули тўланса ўша хавф қаергадир ғойиб бўлиб қоладими? Бу шўринг қурғур халқни шунчалик пули кўп деб ўйлашади, шекилли” — Абдураҳмон Холмуродов

“Ҳозирги куннинг шиори: “Ё заринг бўлсин, ё зўринг бўлсин” — Дилноза Сеитова

“Юртдошлар, ҳар бир туман, шаҳар, вилоятдагилар биргалашиб, петиция ёзайлик. Мамлакатдаги ҳар бир ҳайдовчи бу петицияга имзо қўйсин. Бу аризалар маҳаллий депутатларга берилади ва улардан уни юқори орган даражасида кўриб чиқиш талаб этилади. Улар кимларнингдир фойдасини эмас, балки халқ манфаатини ҳисобга олишга мажбур” Хондамир Рихсиходжаев

“Пулли тонировка соя учун пул тўлаш демакдир” — Фахриддин Беркенов

“Шунча гап-сўз, эътирозлардан кейин ҳам тонировка учун тўловни бекор қилишмаса уят” — Муҳаммад Ҳожиев

“Машина ойнасини қорайтиришни бепул қилиш ҳақидаги муҳокамалар тугагунча куз ҳам келиб қолади” — Шукурулло Содиқов

“Автомобил ойналарини қораштиришни пулли қилиш ҳақидаги ҳужжатни ишлаб чиққанлар ва уни тасдиқлаганларнинг ўзлари бир тийин тўламасдан тонировкали мошиналарда юришади. Ана ўшалар бировнинг ҳаққидан қўрқмаган золимлардир” — Абдулазиз Обидов

“Халқни қийнаб келаётган шунга ўхшаш муаммоларни мутасадди ташкилотларга етиб борадиган даражада кўтаравериш керак. Қачондир бизларни эшитиб қолишар, тинмай тақиллатилган эшик бир куни очилиши шубҳасиз” — Ҳожиакбар Бобобеков

“Вазирлик ва Сенатдаги юқори лавозим эгалари тонировкасиз автомобилларда юриши ёки ҳеч бўлмаганда уларнинг машиналари ойнаси ишхона ҳисобиданмас, балки ўз чўнтакларидан қорайтирилиши керак. Балки шунда фуқароларни тушуниб етишар” — Дониёрбек Собиров

“Автомобиль ойнасини қорайтириш текин бўлиши билан шакарнинг куни тонировка плёнкасини бошига тушади” — Шавкат Ҳамроқулов

“Бир нарса эсимга тушиб кетди. ИИВдагилар 1 июлдан тонировка текин бўлиши мумкинлигидан бехабармиз дейишибди. Одатда ҳар доим “бундай маълумотга эга эмасмиз” деб айтилса ёки инкор қилинса, шу гап рост бўлиб чиқади. Пандемия бошланаётганда фалон санадан карантин жорий этиларкан, мактаблар ёпиларкан деган хабарлардан кейин ва бошқа кўплаб ҳолатларда ҳам шундай бўлганди. Лекин амалда бунинг акси бўлиб чиқиб, ўша миш-мишлар тўғри бўлиб чиққанди. Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди дейишганидек бу сафар ҳам ИИВнинг эмас, одамларнинг гапи тўғри бўлиб чиқса зўр бўларди-да” — Жаҳонгир Алимов

“Тонировка ҳамма учун текин бўлиши шарт. Одамларни дискриминация қилиш керакмас. Рухсат берилса ҳам, тақиқланса ҳам бу талаб ҳаммага бирдай тааллуқли бўлиши тарафдориман. Мана қўшни республикаларда...” — Сергей Қаюмов

“Халқ дардини эшитиб ўзини эшитмаганликка солаётган ҳукуматга катта “раҳмат” — Бобур Халилов

“Иссиқ кунлар салқин кунлардан анча кўп, об-ҳавоси иссиқ мамлакатда машинамизнинг ойнасини қорайтириш учун нега ақл бовар қилмас пул сарфлашимиз керак?! Одамлар учун қулай бўладиган қарорлар ҳам қабул қилинглар, ахир” — Азиза Широва

“Ҳамма ривожланган мамлакатларда хоҳ қаҳратонда бўлсин, хоҳ жазирамада автомобилни тонировка қилдириш оддий қабул қилинади. Бизда эса ойнаси қорайтирилган машиналардан қўрқишади. Пулли бўлса мумкин. Зарар бермоқчи бўлган одам тонировкасиз машинада келиб ҳам зарар бера олади. Наҳотки шуни тушуниш қийин бўлса?!” — Нуриддин Ғозиев

“Қуёш қиздириб ётибди. Тонировкани жазирамадан сақланиш учун ўрнатиладиган оддий мослама деб қабул қилиш қийинми? Бизнинг амалдорларимиз қачон замон билан бирга юришади, қачон халққа дахлдор қарор ва қонунларни чиқараётганда масаланинг ҳамма томонини ҳисобга олишади ва фуқароларга қайишишади? Қачонгача соя-салқин учун товон тўлаймиз. Одамларнинг соғлиғини ўйлаб ҳамма учун текин қилиш шунчалик қийинми?” — Илмира Ярашева

“Яқинда электромобиль сотиб олдим. Орқа ойнаси 60 фоиз тонировка қилинган экан. Заводдан шунақа чиққан. Божхонадан шу ҳолича ўтиб келган. Сотиб олаётганда тонировка учун пул тўлашимиз кераклигини айтишди. Йўқса машинанинг ойнасини алмаштиришимизга тўғри келаркан, қани бу ерда мантиқ?” — Ғайрат Аллаёров

“Аслида Ўзбекистон иқлимидан келиб чиқилса, тонировкани текин ва мажбурий қилиш керак. Йилдан йилга ёзда аномал иссиқ кузатиляпти. Бизда эса одамларнинг саломатлиги ҳақида қайғуриш ўрнига ўзимизга тегишли бўлган автомобилимизда қуёш нуридан, иссиқдан ҳимояланишимиз учун пул талаб қилиняпти. Инсофсизликнинг ҳам чегараси бўлиши керак-ку” — Дилмурод Турсунов

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 

A post shared by SUBYEKTIV (@subyektivuz)

Воқеа тарихи

Ўзбекистонда 2018 йили автомобиль ойнасини қорайтиришга рухсат берилганди. Белгиланган нархларда сотилаётган рухсатнома фақатгина 1 йил амал қилади.

Тўлов миқдори юқори экани кўп марта танқид қилинган, ҳаттоки жамоатчилик бунга фаол қаршилик билдирган, бироқ “Mening fikrim” порталига жойлаштирилган петиция 10 мингдан ортиқ овоз тўплаган бўлса-да, негадир кўриб чиқилмаганди.

2019 йили ноқонуний “тонировка” учун жарима миқдори бирданига аввалгисига нисбатан кескин оширилди. ИИВ ЙҲХББ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров бу ўзгаришга изоҳ бераркан: “Биз билмаймиз-ку, ойнасини рухсатнома олмасдан қорайтириб олган ҳайдовчи қаерда нима иш қилиб юрибди. Кўпчиликнинг мақсади бошқа бўлиши мумкин”, деб жавоб берган, мулозимнинг ушбу сўзлари ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан истеҳзо билан қарши олинганди.

Айни пайтда Ўзбекистон фуқароси бўлган жисмоний шахслар учун автомобил ойналарини қорайтиришга рухсат олиш тўлови қуйидагича:

  • орқа ён ойналар – йилига 4,5 БҲМ (1 млн 350 минг сўм);
  • барча ён ойналар – йилига 45 БҲМ (13 млн 500 минг сўм).

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 126-моддасига кўра, автомашинани рухсатсиз “тонировка” қилиш 25 БҲМ – 7,5 млн сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, 40 БҲМ – 12 млн миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқда “тонировка”ни бекор қилиш сўралган мурожаатлар яна кўпайди. Йилдан йилга жазирама тафти кучайиб бораётгани, 40-50 даража иссиқда қорайтирилган ойналар ҳузур-ҳаловат эмас, ҳаётий эҳтиёж ҳисобланиши бот-бот такрорланмоқда.

Интернет фойдаланувчилари давлат ва ҳукумат масъулларига мурожаат қилиб, фуқароларнинг талабларига эътибор қаратишни сўрашмоқда.

Аслида апрель ойидаёқ интернетда фойдаланувчилар автомобиль ойналарини қорайтиришни бепул қилишни сўраб челленж бошлашган, кўплаб ўзбекистонликлар ўз саҳифаларига #тонировка_жиноят_эмас ҳештеги билан видеолар жойлашганди.

Бир неча кун муқаддам Kun.uz блогер Шавкат Ҳасаннинг видеомурожаати ҳақида ёзган эди. У машинасининг орқа ён ойналарига ёпиштирилган “тонировка” муддати 1 ҳафта олдин тугаганини ЙПХ ходими тўхтатганида билган, шундан сўнг 7,5 млн сўмлик жарима миқдори ойнани қасддан ноқонуний қорайтирган фуқароларга ҳам, рухсатнома муддати ўтган фуқароларга ҳам бирдек баравар эканидан норози эканини айтганди.

Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов ҳам Ўзбекистонда охирги вақтларда ёз ҳаддан зиёд иссиқ бўлаётгани, шу сабаб автомобиллар ойнасини қорайтиришни бепул қилиш кераклиги, тонировка учун тўловларнинг бекор қилиниши аслида инсон қадрининг бир кўриниши эканини таъкидлаганди.

Алламжоновнинг ушбу чиқиши жамоатчилик фаоллари томонидан илиқ кутиб олинди. Жумладан, депутат Расул Кушербаев ҳам бу фикрга қўшилишини маълум қилди. “Дарҳақиқат, тонировка жиноят эмас, халқ ҳисобидан, бюджетдан тонировка қилдириш жиноят. Гап эгасини топади”, деб ёзганди у.

Шу кунларда 1 июлдан тонировка учун тўловлар бекор қилиниши кутилаётгани ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Бироқ ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов Kun.uz мухбирига ҳозирча автомобиль ойналарини қорайтириш 1 июлдан бекор қилиниши бўйича маълумотга эга эмаслиги, расмий маълумотга эга бўлиши билан бу ҳақда ИИВнинг расмий саҳифаларида эълон қилинишини айтиш билан чекланди.

Апрел ойида ИИВ мулозими Kun.uz саволига жавобан “тонировка” масаласида енгиллик берилиши кутилмаётганини маълум қилганди.

Бир йил олдин эса “тонировка” нархини камайтириш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилгани айтилган, шундан кейин расмийлар бу мавзуни бошқа кўтармаган эди.

Top