Ўзбекистон | 18:07
20547
3 дақиқада ўқилади

ИИВ тузилмасида Дониёр Тошхўжаев ва яна икки мансабдор лавозимидан озод этилди

Kun.uz манбасига кўра, ДХХдаги каби ИИВ тизимидаги истеъфолар ҳам ўтган ойда Президент администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасд билан боғлиқ ҳисобланади.

Дониёр Тошхўжаев / Фото: Kun.uz

Ички ишлар вазирининг буйруғи билан, ИИВ Тезкор қидирув департаменти Жиноят қидирув хизмати бошлиғи полковник Аҳроржон Халимжонович Адҳамов лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу буйруққа кўра, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Дониёр Бахтиёрович Тошхўжаев ҳам лавозимидан ҳам озод этилган.

Айни пайтда, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг буйруғи билан, бошқарманинг Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи подполковник Собиров Тимур Акрамович лавозимидан озод этилган. Бу ҳақда ИИББ матбуот хизмати маълум қилди.

Аҳроржон Адҳамов

Аввалроқ Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов лавозимидан олиниб, мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов ДХХ раислигига тайинланган эди. Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари, Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи лавозимида ишлаб келган Шуҳрат Холмуҳаммедов мудофаа вазири лавозимида иш бошлаган.

Kun.uz манбасига кўра, ДХХдаги каби ИИВ тизимидаги истеъфолар ҳам ўтган ойда Президент администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасд билан боғлиқ ҳисобланади.

  • Аҳроржон Адҳамов ва Тимур Собиров эгаллаб турган лавозимларига қачон тайинлангани маълум эмас. Ички ишлар вазирлиги 2019 йил июн ойида Аҳроржон Адҳамов Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари этиб тайинланганини хабар қилган. У шунингдек, Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари сифатида ҳам ишлаган.
  • Полковник Дониёр Тошхўжаев 2019 йил июнига қадар Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари – Тергов бошқармаси бошлиғи бўлган. 2019 йил январ–июн ойларида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари – Кадрлар бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган. 2019 йил июнида ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғи этиб тайинланган. 2020 йил январ ойида Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи лавозимига ўтказилиб, бу лавозимда 2022 йил февралигача ишлаган. Тошхўжаев Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида 2023 йил августдан буён ишлаб келаётган эди.

Мавзуга оид