Ўзбекистон | 09:17
18307
10 дақиқада ўқилади

Бахтиёр Фозиловнинг бизнесларида нималар юз беряпти?

Eriell компаниясининг бир гуруҳ ходимлари Kun.uz'га мурожаат қилиб, 8 ойдан бери маош олмаётганликларидан шикоят қилди. Охирги пайтларда бу компания эгасига алоқадор бошқа қатор компаниялар фаолиятида ҳам турли нохушликлар рўй бермоқда.

Сиз ҳар куни ишга борасиз ва ўзингизга юклатилган вазифаларни бажарасиз. Лекин қилган меҳнатингиз учун 8 ойдан бери ойлик беришмаяпти.... Гап паспорти олиб қўйилиб, чет элларда қулдай ишлатилган ватандошлар ҳақида кетмаяпти. Kun.uz'га Eriell компаниясининг ишчиларидан навбатдаги мурожаат келиб тушди. Улар 2025 йил майидан бери маош олмаганликларини айтмоқда.

Eriell ходимлари ўз мурожаатида 2025 йилнинг июн, июл, август, сентябр, октябр, ноябр, декабр ойлари ҳамда 2026 йилнинг январ ойи учун маошлар ҳалигача берилмаётганидан норозилик билдиришган.

“Ойлигимизни талаб қилсак, ишдан бўшатиш билан таҳдид қилишади, мажлисларда телефонларимизни олиб қўйишади, видеога олишга рухсат беришмайди. Масъул идораларга мурожаат қилмоқчи бўлсак, сарсон бўляпмиз. Ҳеч ким аниқ жавоб бермайди. Кўпчиликнинг уйида аҳвол оғир. Кредитлари бор. Пеня ҳисобланяпти. Болаларимиз бор, ейишга гўшт йўқ пайтлар бўляпти. Биз фақат ҳалол меҳнатимиз учун ишлаб топган пулимизни сўраяпмиз холос”, дейилади мурожаатда.

Eriell компанияси матбуот хизмати Kun.uz сўровига жавобан маошлар кечикиши муаммоси борлигини рад этмади.

“Маълум қиламизки, компания ходимларига иш ҳақи тўловлари амалга оширилмоқда. Ҳозирда жараён давом этмоқда ва мавжуд қарздорлик яқин вақт ичида босқичма-босқич қопланади. Компания вазиятни барқарорлаштириш ва ходимлар олдидаги мажбуриятларини бажариш бўйича барча зарур чораларни кўрмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаймизки, компания ходимларга нисбатан ҳеч қандай босим чораларини қўлламайди ва жамоа билан очиқ ҳамда конструктив мулоқотдан манфаатдор”, – дейилади расмий муносабатда.

Умуман олганда, маошлар кечикиши билан боғлиқ муаммо – Eriell ва унга аффилланган Enter Engineering компаниясида муттасил равишда кузатиляпти.

Ушбу фирмалар ўзбекистонлик тадбиркор Бахтиёр Фозиловга тегишли бўлиб, охирги пайтларда унга бевосита ва билвосита алоқадор бўлган корхоналар атрофида саволлар кўпайяпти.

М25 конидаги авария

2024 йилнинг 1 сентябр куни Ўзбекистондаги ҳали ўзлаштирилмаган энг йирик газ конида авария рўй берди. Сурхондарёнинг Бойсун туманидаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конидан олтингугурт гази сизиб чиқди. Юзлаб одамлар ўз уйларини тарк этиб, маълум муддат бошқа жойда яшашга мажбур бўлди. Кузатилган портлашлардан кейин, конни ўзлаштириш ва ёнига газ-кимё мажмуаси қуриш лойиҳаларининг тақдири номаълум бўлиб қоляпти.

2023 йилги тақдимотда завод 2024 йил май ойида ишга тушиши, 2025 йилда эса тўла қувватда ишлай бошлаши айтилганди. Ҳозир эса нафақат лойиҳа келажаги, балки авария оқибатлари билан боғлиқ масъулият ҳам савол остида қоляпти.

“Мустақилликнинг 25 йиллиги” кони 60-йилларда аниқланган, биринчи қудуқ 70-йилларда бурғиланган бўлса ҳам, жойлашуви ва тузилиши мураккаблиги сабаб узоқ йиллар уни ўзлаштиришнинг имкони бўлмай келди. Навбатдаги уриниш 2017 йил Москвада имзоланган шартнома асосида бошланганди. Шартномага асосан, кон яқинида газни қайта ишлаш заводи ва газ-кимё мажмуаси қурилиши ҳам кўзда тутилган. Лойиҳада Ўзбекистон ҳукуматидан ташқари, инвестор сифатида россиялик Андрей Филатов ва Бахтиёр Фозилов компаниялари иштирок этяпти. Пудрат ишлари Фозиловга тегишли Eriell вa Enter Engineering компанияларига топширилган. Ҳозиргача бу икки компания, шунингдек, Ҳонгконгда рўйхатдан ўтган лойиҳа оператори кондаги техноген офат юзасидан изоҳ бермай келмоқда.

“Боқий Бухоро” лойиҳаси

Икки йил олдин Бухоро шаҳри марказидаги 33 гектар ҳудудда туристик марказ қурилиши бошланганди. Лойиҳа учун шаҳардаги стадион, Бухоро вилояти ҳокимлиги ва бошқа қатор катта объектлар бузишга тушди. 2024 йил бошида Enter Engineering кенг кўламли бузиш ишларини бошлаб юборди, лекин бир муддат ўтиб ишлар тўхтаб қолди.

Расмийлар 470 млн долларга баҳоланган Бухоро туризм маркази “инвестор маблағлари ҳисобидан” амалга оширилишини маълум қилганди. Кейинчалик айрим манбалар қурилиш ишлари тўхтаб қолишини танланган “инвестор”даги молиявий муаммолар билан боғлади.

Кейинчалик, ўтган йил ёзида Тошкент шаҳрида электр энергияси ва сувдан қарздорлик бўйича давлат ташкилотлари ҳамда Enter Engineering ўртасида суд жараёнлари кетаётгани маълум бўлганди. Бу орада Enter Engineering ходимларига ойлик бермаётгани ҳақида бир неча бор шикоятлар янгради.

Ҳоккей

2018 йилда Ўзбекистон Ҳоккей федерацияси ташкил этилиб, унинг раҳбари сифатида Бахтиёр Фозилов сайланганди. Тадбиркор қарийб 8 йилдан бери федерацияга раҳбарлик қилиб келяпти. Аммо охирги пайтларда “Ҳумо” ҳоккей клуби ҳам иқтисодий муаммоларга дуч келганга ўхшайди. Жамоанинг беларуслик ҳужумчиси Данила Карабан ўз интервюсида 2025 йил январ-апрел ойлари давомида ҳоккейчиларга ойлик берилмагани, фақатгина президент номига хат йўлланиб, вазиятга аралашиш сўралганидан кейин 2 ойлик маошлар тўлаб берилгани ҳақида айтганди.

Ўтган йил баҳорида клуб таркибидаги етакчи ҳоккейчилар бошқа жамоалар билан шартнома имзолай бошлади. 2025 йил ёзида эса “Ҳумо” ҳоккей клубининг 2025–2026 йилги мавсумда Қозоғистон очиқ чемпионатида иштирок этмаслиги тасдиқланди ва бу молиявий муаммолар билан боғланди.

ФНҚЗ ва “Самарқандкимё”

Фозиловга тегишли “Саноат энергетика гуруҳи” (Saneg) 4 йил олдин Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини 100 млн долларга харид қилганди. Кейинчалик шартнома шартларига тўловни бўлиб тўлаш имконияти ҳам қўшилгани ойдинлашди. 2025 йилнинг август ойида ушбу завод ишчилари ҳам икки ойдан бери ойликсиз ишлаётганини айтиб, мурожаат билан чиқишди. 2026 йил 26 феврал ҳолатига кўра ҳам ФНҚЗнинг 58,5 фоиз улуши Давактивга, 41,5 фоиз улуши эса Saneg’га тегишли. Яъни белгиланган тўлов амалга оширилмагани учун ҳали ҳам компаниядаги тўлиқ улушлар Saneg ихтиёрига ўтмаган. Бу орада Saneg заводнинг бир қисмини 140 млн долларга сотди.

Шунингдек, 2019 йилда Фозиловга тегишли бўлган Ferkensco компанияси томонидан инвестиция киритиш шарти билан хусусийлаштирилган “Самарқандкимё” заводининг 25 фоиз улуши 2025 йилнинг якунида давлат ихтиёрига қайтарилган.

Самарқанддаги бошқа активлар

Жорий йил январ ойида Ўзбекистон Миллий банки меҳмонхона ва туризм бизнеси соҳасида тажрибага эга компанияларга Silk Road Samarkand туристик мажмуасини бошқариш бўйича узоқ муддатли ҳамкорлик таклифи билан чиқди. Бахтиёр Фозилов 2022 йилда очилган ушбу мажмуа асосчиларидан бири сифатида келтирилган. У – Silk Road Samarkand лойиҳасининг буюртмачиси бўлган “Samarkand Touristic Centre” МЧЖнинг 20,7 фоиз улушига эгалик қилади, қолган 79,3 фоиз улуш Миллий банкка тегишли.

Бундан ташқари, 2024 йилнинг ноябр ойида Kun.uz мухбири билан суҳбатда Saneg'га (Eriell гуруҳи) тегишли Самарқанд халқаро технология университетининг чет эллик профессори ойлиги кечикаётгани ҳақида айтиб ўтганди.

2025 йилнинг кузида эса элликка яқин Россия фуқароси 3 ойдан бери Air Samarkand авиакомпаниясидан маош ололмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Авиакомпания баёнот бериб, кутилмаган харажатлар туфайли “молиявий чақириқлар”га дуч келинганини маълум қилди. “Sam Air” МЧЖнинг 51 фоизига Бахтиёр Фозилов, 49 фоизига Баҳодир Ғафуров эгалик қилади. Фозилов, шунингдек, Самарқанд халқаро аэропортини ишончли бошқарувга олган “Air Marakanda” МЧЖга ҳам аффилланган.

Тугатилаётган банк

Марказий банк бошқарувининг 15 январдаги қарори билан, Yangi bank лицензияси бекор қилинди. Банк устав капиталини белгиланган миқдорга етказмаган, шунингдек, бошқа қонунчилик талабларини бажармаган. Марказий банк қарори билан, Yangi bank тугатилмоқда.

Банк таъсисчиси бўлмиш “Yangi Group” МЧЖ 2020 йил июнда рўйхатга олинган. Бу компанияга 2019 йил ноябр ойида Сингапурда очилган Yangi Holding эгалик қилади. Yangi bank ва Yangi Group раҳбари сифатида Смирнов Тимофей Валентинович кўрсатилган. У тадбиркор Бахтиёр Фозиловга тегишли “Саноат энергетика гуруҳи Энера” МЧЖнинг ҳам раҳбари ҳисобланади.

Бахтиёр Фозилов ким?

Бахтиёр Фазилов 1975 йилда Самарқандда туғилган. Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини чарм буюмлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга йўналтирилган импорт-экспорт бизнесидан бошлагани айтилади.

Фозилов 2000 йилда нефт ва газ саноатига кириб келади ва 2004 йилда Eriell компаниясига асос солади. Enter Engineering корхонаси эса 2012 йилда ташкил этилган бўлиб, муқаддам Газпромбанк назоратида бўлган. Компания нефт ва газ, саноат ва фуқаролик объектларини лойиҳалаш, етказиб бериш, қуриш ва ишга тушириш бўйича хизматлар кўрсатади.

Ушбу икки компания тадбиркорнинг энг асосий активлари ҳисобланади. Хусусан, 2023 йилнинг бошида “Ўзбекнефтгаз” тақдим қилган маълумотларга кўра, Фозиловнинг корхоналари Ўзбекистонда қиймати 17,6 млрд доллар бўлган 9 та лойиҳада иштирок этиши кўзда тутилган.

Шунингдек, Жиззахда қурилиши режалаштирилаётган АЭС лойиҳасида ҳам субпудратчи сифатида Enter Engineering танланган.

2022 йил май ойида берилган расмий маълумотга кўра, Ўзбекистонда нефт қазиб чиқаришнинг тахминан 80 фоизи 103 та нефт-газ конига эгалик қилувчи “Саноат энергетика гуруҳи” ҳиссасига тўғри келади. Ушбу тузилмага 2022 йил 17 ноябрда Ҳонгконгда таъсис этилган Belvor Holding эгалик қилади. 2021 йилда Россиянинг “Коммерсант” нашри Кипрдаги корпоратив реестрга таяниб Belvor Holding Бахтиёр Фозиловга тегишли экани ҳақида ёзган.

Бундан ташқари, Бахтиёр Фозилов Ўзбекистондаги энг йирик газ сақлаш омбори – Газлини бошқарувчи Gazli Gas Storage'нинг асосий бенефициари ҳисобланади.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид