Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АЭС нархи очиқланди, йирик пудрат схемаси фош бўлди — ҳафта дайжести
Жиззахда АЭС қурилиши асосий босқичда: жаҳонда ўхшаши йўқ лойиҳанинг нархи очиқланди. Тошкент энерготизими яна синов қаршисида: ёзнинг дастлабки тўрт кунида иккита авария кузатилди. 50 млн долларлик талон-торож: можароли газ-кимё лойиҳасида коррупцион схема ошкор бўлди. Ортда қолган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид муҳим янгиликлари – Kun.uz дайжестида.
АЭСнинг максимал нархи – 9,5 млрд доллар
Жиззахда дунёдаги биринчи интеграциялашган атом электр станцияси лойиҳасининг навбатдаги босқичига ўтилди. Ўтган йили октябрда котлован ишлари, жорий йил март ойида эса пойдевор учун бетон қуйиш босқичи бошланган бўлса, энди биринчи энергоблокни барпо этишга киришилди. Шу муносабат билан 4 июн куни бўлиб ўтган маросимда Ўзбекистон ва Россия президентлари Санкт-Петербургдан туриб иштирок этди ва уларнинг рухсати билан қурилишнинг асосий босқичига старт берилди.
Шавкат Мирзиёев тадбирдаги нутқида АЭС лойиҳасидаги илгарилашни “тарихий воқеа”, мамлакатнинг технологик, саноат ва илмий тараққиётида “янги босқичнинг бошланиши” деб атади. Президент замонавий атом энергетикасининг асосларини ўзлаштириш орқали, Ўзбекистон келажакка стратегик назар билан қараётганини қайд этди.
“Владимир Владимирович айтиб ўтганидек, бу лойиҳанинг жаҳонда муқобили йўқ. Лойиҳа кичик модулли атом энергетикаси ва йирик базавий энергетика соҳаларидаги охирги ютуқларни ўзида мужассам қилади. Шу билан бирга, таъкидлаб айтаманки, хавфсизлик – биз учун мутлақ ва сўзсиз устувор вазифа”, – деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев станцияни қуриш ва эксплуатацияга тайёрлаш ишлари Атом энергетикаси халқаро агентлигининг доимий назорати остида бўлишини айтди. Маросимда телекўприк орқали қатнашган агентлик бош директори Рафаэл Гросси буни тасдиқлади ва у ҳам ўз нутқида АЭСнинг кичик ва катта энергоблокларни бир майдонда уйғунлаштирган ноёб конфигурациясини алоҳида урғулади.
Владимир Путиннинг сўзларига кўра, Россия томони АЭС қуриб беришдан ташқари, бунинг учун Ўзбекистонга имтиёзли кредит ҳам ажратади ва реактор ёқилғисини етказиб бериш, сервис хизматларини кўрсатиш ҳамда ишлатиб бўлинган ядро материали билан боғлиқ масалаларда мажбуриятлар олади. “Росатом” берадиган тинчлик мақсадларидаги ядровий технологиялардан нафақат энергетикада, балки қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва бошқа соҳаларда ҳам фойдаланиш мумкин бўлади, деди Россия президенти.

“Ўзатом” бош директори Азим Аҳмадхўжаев шу куни журналистлар билан суҳбатда АЭСнинг нархини очиқлади. Унинг сўзларига кўра, “Росатом” билан имзоланган шартномага асосан, интеграциялашган станциянинг базавий максимал қиймати 9,5 млрд долларни ташкил этади. Маҳаллийлаштириш ҳисобига, бу нархни пасайтириш кўзда тутилган. Аҳмадхўжаевга кўра, зарур маблағнинг 85-90 фоизи кредитлар ҳисобидан молиялаштирилади. Хусусан, БРИКС Янги банки, Россия ва бошқа мамлакатлар билан музокаралар ўтказилиши кутилмоқда.
АЭС қурилиши жараёнларида ядровий ва радиациявий хавфсизлик таъминланиши устидан назорат Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасига юклатилган. Қўмита 4 июн кунги маросимдан бир неча соат олдин йиғилиш ўтказиб, Жиззахдаги танланган майдонда РИТМ-200Н реакторини ўрнатишга лицензия берди. Бу технологиянинг тўлақонли референт эмаслиги, яъни ҳали амалиётга тўлиқ жорий этилмагани масаласига лицензияловчи орган баёнотида тўхталинмаган.
Маълумот учун, РИТМ-200Н сув-сувли ядро реакторлари – музёрар кемаларда фойдаланиб келинаётган РИТМ-200 реакторининг қуруқлик учун мослаштирилган версияси бўлиб, “Росатом” уни биринчи бўлиб Ёқутистондаги АЭСда қўллашни режа қилган, аммо бу станцияни ишга тушириш аввалига 2028 йилдан 2030 йилга кечиктирилган, кейинроқ 2031 йилгача сурилган. Форишдаги АЭСнинг илк блоки эса ундан аввалроқ – 2029 йилда фойдаланишга топширилиши кутиляпти.
Эслатиб ўтамиз, умумий қуввати 2,1 гигаваттлик интеграциялашган АЭС – ҳар бири 55 MW қувват берувчи иккита РИТМ-200Н ва ҳар бири 1 GW'дан иккита ВВЭР-1000 реакторларидан иборат бўлади. Бу эса Ўзбекистонни ҳам кичик, ҳам анъанавий ядро модулларини битта майдонда жойлаштирган дунёдаги биринчи давлатга айлантиради. Станциянинг тўртта блоки босқичма-босқич 2029–2035 йилларда ишга туширилиши режа қилинган.
Тошкентда ёз бошланди: ТПларда авариялар

Ҳали ёзнинг ҳақиқий иссиғи бошланмасидан туриб, трансформаторлар ёниб кетаверса, унда чиллада нима бўларкин? Июн ойининг илк кунларида пойтахт Тошкентда кузатилган авариялар кўпчиликда шу саволни уйғотган бўлса ажаб эмас.
Аввалига, 1 июн куни Олмазор туманидаги “Виставочная” подстанциясида ёнғин чиқиб, 6 мингдан ортиқ хонадон ва 800 га яқин юридик шахслар бир муддат электр таъминотидан узилиб қолди. 4 июн кунги узилишлар кўлами эса бундан анча каттароқ: “Тошкент” ИЭСдаги трансформаторда носозлик чиқиши оқибатида Миробод, Юнусобод, Мирзо Улуғбек ва Олмазор туманларининг қатор ҳудудларида бир вақтда свет ўчди. Оқибатда айрим чорраҳаларда светофорлар ишламай тирбандликлар юзага келди; иссиқ ва совуқ сув таъминотида ҳам узилишлар кузатилди. Ҳатто метрополитеннинг учта линиясидаги бекатлар чироқсиз қолиб, қисқа вақтга бўлса-да поездларнинг қатнов графиги ҳам издан чиқди.
Бу каби ҳолатлар айниқса 1 июндан кучга кирган электр энергияси тарифларининг кўтарилиши фонига тўғри келгани истеъмолчилардаги саволларни кўпайтирди. Чунки масъуллар тарифлар ошишини айнан таъминот барқарорлигини сақлаш харажатлари билан изоҳлаган эди. Июннинг илк кунларида, шунингдек, табиий газ, метан ва пропан нархларида ҳам ўзгариш кузатилди.
Электрдаги узилишларга шаҳар раҳбарларининг муносабатига келсак, улар йилдан йилга вазият ижобий томонга ўзгариб бораётганини айтади. 4 июн куни Kun.uz'га интервю берган пойтахт ҳокими Шавкат Умрзоқов “свет ўчмаслигига кафолат борми?” деган саволга жавобан, қанча керак бўлса бўлса, шунча юкламани кўтара оладиган тизим яратилганини таъкидлади.
“Биз пул ажратиб, трансформатор пунктларини тўғрилаб олдик. Йил охиригача адашмасам яна 800 MW қўшимча қувват ошириб оламиз. Энди бизда кейинги муаммо – кўп қаватли уйларнинг подъездларидаги щитлар. Бу йилдан унга ҳам маблағ ажратиб, тўғрилаб оламиз. Шу билан [узилишлар] кескин камайишига эришамиз. Буни тизимли режа қилиб олдик: энди ҳар йили шаҳарнинг харажат манбасида албатта 200 MW қувват яратиш кўзда тутилади.
Биз тизимни шунга қаратяпмизки, исрофгарчиликнинг олдини олиб, қувватни кўпайтириш, яъни самарадорликни ошириш. Унга ҳам шаҳар тайёр. Мен сувда ҳам, светда ҳам, газда ҳам умуман муаммо кўрмаяпман. Таъминлай оламиз. [Юклама] қанча бўлса, шунча кўтара оладиган тизим яратиб олганмиз”, – деди Умрзоқов.
Шўртан–2 лойиҳасида йирик талон-торож
Ўзбекистонда газ-кимё соҳасининг янги флагмани бўлиши айтилган лойиҳа – мега-коррупция ўчоғига айланиб қолгани маълум бўлди. Гап – Шўртан газ-кимё мажмуасини кенгайтириш лойиҳаси ҳақида кетяпти. Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва Солиқ қўмитаси комплаенс хизмати биргаликда фош қилган жиноят тафсилотларига кўра, бу йирик лойиҳа доирасида 640 млрд сўмдан ортиқ бюджет маблағлари талон-торож бўлиб кетган. Бу – ҳозирги курсда қарийб 54 млн долларга тенг.
Расмий хабарга кўра, Солиқ қўмитаси, Бухоро вилояти солиқ бошқармаси, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ва яна тўртта МЧЖнинг масъул шахслари ўзаро тил бириктириб, Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш доирасидаги 5,3 трлн сўмлик хизматлар ҚҚСдан озод этилган бўлса-да, ҚҚС суммасини электрон ҳисоб-фактураларга ноқонуний киритиб, бюджетда асоссиз равишда ҚҚС маблағини ҳосил қилган. Кейин бу маблағлар битта компания ҳисобрақамига қайтарилиб, иккинчи компаниянинг давлат олдидаги кредит қарзи ёпилишига эришилган. Шу тариқа, 643 млрд сўмдан ортиқ бюджет маблағлари ўмарилган.
Солиқ қўмитасидан тортиб, жами 7 та ташкилотни ўз ичига олган бу коррупцион схема бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов бошланган. Расмий баёнотда тўртта МЧЖнинг номлари тўлиқ очиқланмай, инициаллар билан келтириб ўтилган. Бу инициаллар Шўртан–2 лойиҳаси атрофидаги асосий ўйинчилар номига мос келади: “Шўртан газ-кимё комплекси” МЧЖ – лойиҳанинг Ғузордаги эгаси; Saneg Enera – лойиҳанинг Қоракўлдаги асосий эгаси; ArkChemical – Ғузордан Қоракўлга кўчирилган лойиҳа оператори; Enter Engineering эса – лойиҳа бош пудратчиси.
Маълумот учун, 2021 йилда Ғузордаги GTL заводи расман очилганида, унинг ёнида Шўртан газ-кимё мажмуаси қувватларини уч баробарга ошириш мақсадида 1,8 млрд долларлик янги завод қурилиши бошланган эди. 2023 йил январ ойига келиб, Kun.uz мазкур лойиҳа атрофида интрига юзага келгани ҳақида суриштирув эълон қилганди. Суриштирувда Ўзбекистоннинг газ-кимё флагмани бўлиши кутилаётган завод учун “Ўзбекнефтгаз” Германия банкларидан 1,1 млрд евро қарз олиб, аллақачон 478 млн долларни сарфлаб қўйган бир вақтда, Saneg заводни Бухоро вилоятининг Қўракўл туманига кўчириб, ўзи асосий ҳиссадорга айланиш таклифи билан чиққани ҳақида сўз юритилган. Шўртан – бу Қашқадарёдаги завод бўлишига қарамай, юқоридаги жиноят ишида Бухородаги солиқчилар гумонланаётгани ҳам шу билан боғлиқ.
Йирик хусусийлаштиришлар

Йилнинг энг йирик хусусийлаштириш жараёнларидан бири якунига етди: Mobiuz алоқа оператори 351 млн долларга сотилди. Давлат активларини бошқариш агентлиги хабарига кўра, Mobiuz'нинг 100 фоиз улуши – “McKim and Company” номли АҚШ компанияси бошчилигидаги молиявий инвесторлардан иборат консорциумга 351 млн долларга сотилган. Қайд этилишича, харидорлар 500 млн долларгача инвестиция киритиши ҳам кўзда тутилган. Таққослаш учун, 2024 йил охирида Қозоғистон ҳукумати Tele2 алоқа операторини нақ 1 млрд долларга сотишни уддалаган эди.
3 июн куни Fitch халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини “BB” даражасида ўзгаришсиз қолдириб, прогнозни “барқарор”дан “ижобий”га оширди. Кутилманинг яхшиланишига иқтисодиётда давлат иштирокининг қисқараётгани ҳам сабаб бўлган. Fitch баёнотида келтирилишича, Ўзбекистон ҳукумати 2021-2025 йилларда 5,1 млрд долларлик хусусийлаштиришни амалга оширган, шундан 1,6 млрд доллари – 2025 йилга тўғри келади.
1 июн куни яна бир йирик савдо жараёни якунига етди: Roodell компанияси автомобил бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи UzSungwoo қўшма корхонасидаги 50 фоизлик давлат улушини қарийб 586 млрд сўмга сотиб олди. Бу сумма тақрибан 49 млн долларга тенг. 34 дақиқа давом этган аукцион ўнта қадамдан иборат бўлиб, якунда бошланғич қийматдан 50 фоизга баланд нарх шаклланди.
Шу тариқа, охирги 1,5 йилда хусусийлаштирилган “Автокомпонент”, Avto Climate Control ва UzChasys каби автосаноат корхоналари қаторига UzSungwoo ҳам қўшилди. Соҳадаги энг йирик заводлар бўлмиш UzAuto Motors ва UzAuto Motors Powertrain'ни сотиш эса белгиланган муддатлардан кечикяпти.
Таъкидлаш керак, корхоналардан ташқари, давлатга тегишли кўчмас мулклар ҳам хусусийлаштириш дастурининг асосини ташкил этади. Жорий ҳафтада “Бунёдкор” стадиони рўпарасидаги “Иссиқлик электр станциялари” АЖнинг маъмурий биноси ва Амир Темур хиёбони олдидаги Давлат активларини бошқариш агентлиги биноси аукцион савдоларига чиқарилди. Эслатиб ўтамиз, аксарият давлат ташкилотлари босқичма-босқич Янги Тошкентга кўчиб ўтиши кўзда тутилган.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Шахсий эҳтиёж учун хориждан автомобил олиб киришда “бир йилда фақат битта” деган чеклов олиб ташланди. 4 июн кунги президент фармони билан, жисмоний ва юридик шахслар бир календар йилида ўз эҳтиёжи учун Ўзбекистонга олиб кирган фақат битта транспорт воситасига мувофиқлик сертификати берилиши ҳақидаги қоида қонунчиликдан чиқариб ташланди. Фармон билан, шунингдек, қурилиш соҳаси учун махсус техникалар ва асбоб-ускуналар импорти 3 йил муддатга бождан озод қилинди. Бундан ташқари, шу ҳафта қабул қилинган бошқа бир қарор билан, автобуслар ва электробуслар импортидаги утилизация йиғими вақтинча бекор қилинди.
2018 йил кейин қурилган ноқонуний уйларга кадастр берилмайди. Давлат кадастрлари палатаси раиси Моҳир Валиевнинг айтишича, ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларни расмийлаштириш бўйича қонунда 2018 йил 1 майгача қурилган уйлар дейилган ва бу муддатни қайта кўриб чиқиш режа қилинмаяпти. Бино-иншоот қачон қурилганига космик суратлар орқали аниқлик киритилади. “Ноқонуний эгалланган ерлар бўйича бир неча марта акция берилди. Энди буни 2018 йилдан кейингиларга ҳам қилсак ва аниқ муддатини белгиламасак, кеча қурилиб лойи қотмаган уйни эгаллаб олиб, шунга ҳам ҳуқуқ беринглар деган нарсалар бўлиши мумкин. Аҳолимиз кўпайишини ҳисобга олган ҳолда, биз ерни асрашимиз керак”, деди Валиев.
Қашқадарёда суд эшак гўшти сотиш билан шуғулланган шахсни жазога тортди. Маълум бўлишича, 44 ёшли эркак Қарши туманидаги уйида эшак сўйиб, гўштини турли бозорларда сотиб келган. Унинг уйидан 247 кг истеъмолга яроқсиз гўшт ва қарийб 100 та эшак териси топилган. Эътиборлиси шундаки, бу шахс бир неча ой олдин ҳам худди шундай қилмиш учун судланиб, озодлиги чекланган бўлган. Ҳуқуқбузар тайинланган жазодан хулоса чиқармаганига қарамай, суд унга яна озодликни чеклаш жазоси тайинлаган, яъни амалдаги жазо муддати узайтириб қўйилган. Бу эшак савдогарининг мулкида Malibu русумли шахсий автомобили борлиги ҳам эътиборга молик. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда 5 минг сўмлик колбасалар шов-шув келтириб чиқарган, шунга қарамай у маҳсулот нимадан тайёрлангани номаълум бўлиб қолганди.
Андижонда вояга етмаган қиз билан жинсий алоқа қилган ИИБ ходими қамоққа олинди. Андижон вилояти Ички ишлар бошқармасининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази инспектори С.Б. 15 ёшли ўсмир билан жинсий алоқа қилганликда айбланмоқда. Тергов маълумотларига кўра, у Қўрғонтепа туманида яшовчи қизни Андижон шаҳридаги кўп қаватли уйга олиб борган. Ходим вояга етмаганларни қўллаб-қувватлаш мажбурияти юкланган лавозим эгаси бўлгани учун, айнан ўзи ғамхўрлик қилиши керак бўлган болага нисбатан шундай қилмишни содир этганлик айблови билан камида 8 йилга қамалиши мумкин. Гумонланувчи 2004 йилги Олимпиадада бронза медали олган таниқли боксчи экани айтиляпти.
Пора олишни рад этган ҳуқуқ органлари ходимларига мукофот бериш тўғри эмас. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Навоий вилоятидаги воқеага шундай муносабат билдирди. Гап шундаки, Кармана туманида ЙПХ ходими маст ҳайдовчининг минг долларлик пора таклифини рад этгани учун худди шунча сумма – 12 млн 360 минг сўм пул мукофоти билан рағбатлантирилган эди. Аксилкоррупцияга агентлигига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини ўз хизмат вазифаларини бажариш жараёнида пора олишдан воз кечгани учун моддий рағбатлантириш – ҳуқуқий жиҳатдан номувофиқ. Агентлик бу амалиётни бекор қилиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилганини маълум қилди.
Мавзуга оид
21:03 / 06.06.2026
Тошкентда автобус орқага юраётган пайти пиёдани босиб кетди
17:12 / 05.06.2026
“Тошкентни дунёдаги энг қулай шаҳарлардан бирига айлантирамиз” – ҳоким Шавкат Умрзоқов билан суҳбат
16:12 / 05.06.2026
АЭСда ишлаб чиқарилган 1 kWh электр нархи 1000 сўмдан паст бўлади — Азим Аҳмадхўжаев
10:59 / 05.06.2026