Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қурилишга рухсат олишда бир нечта давлат хизматлари бирлаштирилади
Энди тадбиркор қурган объектини электр, газ, сув, канализация ва бошқа тармоқларга улаш учун алоҳида-алоҳида ариза бериб юрмайди: 1 июлдан бошлаб “битта ариза – бир тўлов – барча уланиш нуқталари” тамойили жорий этилади. 1 сентябрдан бир нечта давлат хизматлари бирлаштирилиб, ягона хизмат – архитектура ва шаҳарсозлик талабини бериш йўлга қўйилади. Қурилиш техникалари импорти бождан озод этилмоқда.
Ўзбекистон президенти 4 июн куни “Қурилиш соҳасида натижага асосланган бошқарувни жорий этиш ҳамда соҳада давлат хизматларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармон имзолади.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 июлдан объектларни муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш “битта ариза – бир тўлов – барча уланиш нуқталари” тамойили асосида композит шаклда амалга оширилади.
2026 йил якунига қадар Тошкент шаҳри, 2027 йил якунига қадар қолган ҳудудлар бўйича "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ, "Ҳудудгазтаъминот" АЖ, "Ўзсувтаъминот" АЖ ва бошқа муҳандислик-коммуникация ташкилотларининг тегишли тармоқлардаги юкламалар, мавжуд захира ва уланиш нуқталари ҳақидаги маълумотлари географик ахборот тизими (GIS) шаклида "Рақамли ҳукумат" тизимининг идоралараро интеграциялашув платформасига интеграция қилинади.
Бунда мазкур маълумотлар асосида объектларни муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш учун техник шартларни бериш жараёнлари бош режа рақамлаштирилган аҳоли пунктларида тўлиқ инсон омилисиз амалга оширилади.
Ягона давлат хизмати
Ҳужжатда ёзилишича, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан Тошкент шаҳрида бино-иншоотларнинг ихтисослашишини ўзгартириш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ҳамда ўз ҳудудида қўшимча бино-иншоотлар қуришни лойиҳалаштиришга рухсатнома бериш ва архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш бўйича давлат хизматларини битта босқичда кўрсатиш амалиёти жорий қилинган ва бу ижобий натижа берган.
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб юқорида санаб ўтилган давлат хизматлари республиканинг барча ҳудудларида бирлаштирилиб, ягона давлат хизмати – архитектура ва шаҳарсозлик талабини бериш тизими жорий этилади. Бунда мазкур талаблар бош режаси рақамлаштирилган аҳоли пунктлари бўйича инсон омилисиз (автоматик равишда) шакллантирилади.
Ҳудудий кенгашларга ҳокимлар раис бўлди
Ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашларига раислик қилиш тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига юкланди.
Бинонинг конструкцияси, мустаҳкамлиги ва ёнғин хавфсизлигига таъсир қилмайдиган, қуввати ва мақсади ўзгармаган ҳолда шаҳарсозлик норма ва қоидаларига зид бўлмаган лойиҳадаги режавий тузилиш (планировка)да ўзгаришлар мавжуд бўлганда, ушбу бино лойиҳасини шаҳарсозлик экспертизасидан ўтказиш жараёнида лойиҳа ҳужжатларини ҳудудий кенгашлар билан қайта келишиш амалиёти бекор қилинди.
Қурилиш соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун қўшимча 5 иш куни берилади.
Кўпроқ ҳужжатлар рақамли шаклга ўтади
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб:
-
қурилиш субъектлари томонидан юритилиши мажбурий бўлган ижро ҳужжатларини рақамлаштириши ҳамда уларни қоғоз шаклида талаб этиш тартибини бекор қилиши;
-
қурилишга рухсат бериш ва фойдаланишга қабул қилиш бўйича аризаларни сунъий интеллект орқали таҳлил қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиши керак.
Қурилиш объектларида камералар ўрнатилади
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб қурилиши янгидан бошланадиган қуйидаги объектларда видеокузатув камералари мажбурий ўрнатилади:
-
тадбиркорлик субъектлари томонидан қуриладиган кўп квартирали уй-жойлар, III ва IV тоифадаги ижтимоий соҳа, меҳмонхона, туризм, савдо ва саноат объектларида;
-
бюджет маблағлари ҳисобидан қуриладиган қиймати 3 миллиард сўмдан юқори бўлган объектларда (муҳандислик-коммуникация тармоқлари бундан мустасно).
Лизингга олинган техникалар учун балл берилади
Пудрат ташкилотларининг лизинг асосида жалб этилган махсус техника воситалари "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизимининг рейтинг баҳолаш жараёнларида инобатга олинади.
Қурилиш вазирлиги икки ой муддатда бу тартибни йўлга қўйиши керак. Бунда, лизинг асосида олинган махсус техникалар ҳақидаги зарур маълумотлар тегишли ташкилотларнинг ахборот-дастурий тизимларидан интеграция асосида олинади.
Айрим техникалар импорти бождан озод этилди
Пудрат ва лойиҳа ташкилотлари 2029 йил 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, қурилиш ишларида фойдаланиладиган махсус техника воситаларини ҳамда лаборатория ва инструментал кўрик асбоб-ускуналарини олиб киришда божхона божидан озод этилди.
Бождан озод этиладиган махсус техника воситалари рўйхатини Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда тасдиқлаши керак.
Вазирлик ҳузурида янги ташкилот
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузурида Шаҳарсозлик соҳасида иқтисодий ислоҳотлар ва нархларни шакллантириш республика маркази ташкил этилди.
Марказнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:
-
"Қурилиш ресурслари миллий классификатори" электрон платформасини юритиш ҳамда унинг самарали ишлаши билан боғлиқ функцияларни бажариш;
-
шаҳарсозлик соҳасида нархларни шакллантириш тизимини такомиллаштириш ва рақамлаштириш;
-
қурилиш ресурслари бозорини мониторинг ва таҳлил қилиш;
-
вазирлик тизимидаги қурилиш соҳасида давлат харидларини ташкил этиш консалтинг марказлари фаолиятини методологик таъминлаш ҳамда мувофиқлаштириш.
Мавзуга оид
11:33 / 06.06.2026
Ўзбекистонда лойиҳалаш ва қурилишни параллел олиб бориш амалиёти ўзгаради
22:34 / 05.06.2026
Қурилганига 50 йилдан ошган уйларни қайта режалаштириш тақиқланди
10:04 / 03.06.2026
Тошкентдаги барча қурилиш объектлари учун янги талаблар жорий этилади
08:21 / 01.06.2026