Йиғилишда қайд қилинишича, сўнгги йилларда хусусий секторни ривожлантириш ва инвестициялар жалб қилиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда иқтисодиётда давлат улуши 42 фоизни, давлат иштирокидаги корхоналарнинг сони эса 1 минг 685 тани ташкил этмоқда. Хусусан, ўтган йили қарийб 30 триллион сўмлик давлат активлари хусусийлаштирилиб, бюджетга 10 триллион сўмдан ортиқ тушум таъминланди. Ер участкаларини сотиш ҳажми ошиб, 6 триллион сўмлик натижага эришилди.
Хусусийлаштиришдан манфаатдорлик тизими жорий этилиб, вилоятларда 2,6 триллион сўм, маҳаллаларда эса 7 миллиард сўм маблағ қолди. Давлат корхоналари эса бюджетга 49 триллион сўм дивиденд тўлади. Умуман, сўнгги беш йилда хусусийлаштириш ҳисобидан давлат корхоналари сони 60 фоизга камайди.
Йиғилишда соҳада ҳал этилиши лозим бўлган масалалар кўрсатиб ўтилди. Хусусийлаштириш жараёнларида иш ўринларини сақлаб қолиш, янги мулкдорлар томонидан замонавий технологиялар жорий этилиши ва ишлаб чиқариш самарадорлиги оширилиши бўйича талабларни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Ўтган йили самарасиз ишлаётган давлат корхоналарининг сони 362 тага етгани бу борадаги ишларни янада жадаллаштиришни талаб қилади.

Тақдимотда давлат корхоналарини таҳлил қилиш тизимида замонавий рақамли воситалар ва сунъий интеллект имкониятларидан етарли даражада фойдаланилмаётгани қайд этилди. Молиявий ҳолати оғирлашган 451 та корхона 2024 йилда 14 триллион сўм, ўтган йили эса 362 та корхона 4 триллион сўм зарар кўргани айтилди. Шу муносабат билан давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятини чуқур таҳлил қилиш, молиявий барқарорлигини баҳолаш ва муаммоларни барвақт аниқлашнинг янги механизмини жорий этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Хусусийлаштиришда таҳлилий ёндашув етарлича қўлланилмаётгани қайд этилди. Бундан буён мазкур жараён тармоқ ёндашуви асосида ташкил этилиб, ҳар бир соҳа алоҳида таҳлил қилиниши, унинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари баҳоланиши, рақобат муҳити ўрганилиши ҳамда таклифлар шу асосда ишлаб чиқилиши белгиланди.
Ҳудудларда давлат мулкидан оқилона фойдаланиш, бўш турган майдонларни иқтисодий фаолиятга жалб қилиш бўйича мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани қайд этилди. Шу муносабат билан давлат кўчмас мулки объектларини босқичма-босқич ягона бошқарув тизимига ўтказиш, бир ходимга тўғри келадиган ўртача майдонни 27 квадрат метрдан 12-15 квадрат метргача қисқартириш таклиф этилди. Бу орқали 4,9 миллион квадрат метр майдонни иқтисодий айланмага киритиш, бўш биноларни савдо ва ижарага чиқариш, шунингдек, сақлаш ва коммунал харажатларни қисқартириш имконияти яратилади.










