Ўзбекистон | 16:01 / 02.06.2026
4283
2 дақиқада ўқилади

Ҳуқуқ органлари ходимлари пора олишни рад этгани учун мукофотланиши тўғри эмас — Аксилкоррупция агентлиги

Хизмат вазифаларини бажариш жараёнида пора олишдан воз кечган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини моддий рағбатлантириш ҳуқуқий жиҳатдан номувофиқ, деб ҳисобламоқда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги. Идора бу амалиётни бекор қилиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиққан.

Фото: Kun.uz

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини ўз хизмат вазифаларини бажариш жараёнида пора олишдан воз кечгани учун моддий рағбатлантиришни ҳуқуқий жиҳатдан номувофиқ деб ҳисобламоқда.

Аввалроқ Навоийда минг доллар порани рад этган ЙПХ ходимига 12 млн 360 минг сўм (тақрибан минг долларга тенг) пул мукофоти топширилган, бу эса тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Kun.uz'нинг бу борадаги сўровига жавобан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги жамоатчилик томонидан билдирилган эътирозларни асосли деб ҳисоблашини маълум қилди.

Маълум қилинишича, мазкур соҳадаги суиистеъмолчилик ҳолатлари ва турлича амалиётларнинг олдини олиш мақсадида агентлик томонидан Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Лойиҳада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш тартибини белгиловчи амалдаги низомга ўзгартириш киритиш таклиф этилмоқда. Унга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўзларининг бевосита хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолатларда коррупция ҳақида хабар берганлик учун назарда тутилган мукофот пулини олиши мумкин бўлмайди.

Агентликнинг таъкидлашича, қонун устуворлигини таъминлаш ва коррупциявий ҳолатларга қарши чора кўриш – ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг тўғридан тўғри функционал вазифаси ҳисобланади. Шу боис, хизмат мажбурияти доирасида амалга оширилган ҳаракатлар учун қўшимча моддий рағбатлантириш бериш мақсадга мувофиқ эмас.

Қайд этилишича, мазкур жараёнлар устидан назорат махсус электрон платформа орқали марказлашган тартибда амалга оширилади. Бу эса бюджет маблағларининг асоссиз сарфланиши олдини олишга хизмат қилади.

Исомиддин Пулатов
Тайёрлаган Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид