«Дом қурилишига бу ерда ҳамма аҳоли қарши»

Маҳалла аҳолисининг айтишича, уларнинг асосий талаби — эски йўл ўрнида кўп қаватли уйлар қурилмаслиги ва ҳудуддаги транспорт муаммосига ечим топилиши.

«Хўш, бизнинг шикоятимиз – давлатга ҳеч қандай қаршилигимиз йўқ. Фақат келиб, шу ердаги аҳолидан сўрашсин: сизларга нима қулай бўляпти? Лекин “дом” қурилишига бу ерда ҳамма аҳоли қарши. Бизга қолса, йўлнинг бу бетини ҳам, у бетини ҳам бир томонлама қилсин-да, ўртасини боғ қилиб берсин.

Туман ҳокимига ҳам чиқилди. Туман ҳокими дом қурилмайди, деди, лекин мен сизларга ёзма равишда айтиб беролмайман, тасдиқламайман, деди. Аммо ҳозирча дом қурилмайди, деб айтди. Лекин қўлимизда шунақа лойиҳа бор, бизга келиб тушди — “дом” қурилади бу ерга», — дейди маҳалла аҳолисидан бири.

Фуқароларнинг таъкидлашича, яқин атрофда янги турар жой мажмуалари ҳам қурилмоқда. Уларнинг фикрича, бу ҳудудда яна кўп қаватли уйлар қурилса, аҳоли ва автомобиллар оқими янада ортиб, ҳозирнинг ўзида мавжуд тирбандлик жиддий муаммога айланиши мумкин.

Ҳокимлик: «йўл сайилгоҳ қилиш мақсадида кўчирилган»

Тошкент тумани ҳокими Сардор Эргашевнинг тушунтиришича, эски йўл сув бўйида жойлашган. Унинг айтишича, йўлнинг ўнг томонга кўчирилишига ҳудудни ободонлаштириш ва сайилгоҳ қилиш режаси сабаб бўлган.

«Чунки у сувнинг бўйида жойлашган жой, катта сув. У ерда биз сайилгоҳ қиляпмиз. Яъни ўнг тарафга йўлни сурганимиз — у ер доимий ахлатхона, яъни қаровсиз, қурилиш чиқиндилари тўкилиб ётган жой бўлган. Шунинг учун бу тарафни сайилгоҳга айлантириш мақсадида йўл ўнг тарафга кўчган», — деди туман ҳокими.

Ҳокимнинг таъкидлашича, эски йўл ўрнида турар жой қурилиши ҳозирча расман белгиланмаган.

«Йўл тушганидан кейин у ерда савдо маркази бўладими, боғ, яшил макон, савдо-хизмат кўрсатиш комплекси, спорт майдончаси бўладими — у нарса йўқ, у “дом” бўлмаган, аукционга чиқмаган. Шунинг учун “дом” ҳақида гапирилмаган, чунки у асоссиз тахмин», — деди туман ҳокими.

«Эски йўл 12 метр эмас, 7 метр бўлган»

Йўлнинг кенглиги масаласида аҳоли ва ҳокимлик маълумотлари ўртасида ҳам фарқ бор.

Аҳоли эски йўл тахминан 11–14 метргача бўлганини, янги йўл эса 9 метр эканини айтмоқда.

«Мана бу янги йўл 9 метрли йўл, жудаям тор. На кириш, на чиқиш бор. Агар мана шу йўл кенгроқ бўлганда, маҳаллада ҳамма учун қулай бўларди. Чунки халқ нимага чиқяпти — халқнинг дардини ҳеч ким эшитмаяпти, ҳоким ҳам кўз юмяпти. Мана шу ердан биз кириб, ўзимнинг уйим олдида турсам ҳам, кириб-чиқишга жудаям қийналяпман.

Эски йўл бўлса, 14 метр, 12 метр атрофларида. Лекин бу ер қулай эди, ундай тирбандлик ҳам йўқ эди, бемалол машина кирса ҳам бўларди, чиқса ҳам бўларди. Ҳозирги янги йўлда жудаям одам қийналяпти. Шунга бир ечими борми бу ерда? Кейин ҳам эски йўлни нима сабабдан суришди? Шу жавоб бизга келмаяпти. Шунинг учун халқ чиқиб, бу ерда норози, кўпчилик халқ», — деди у.

Туман ҳокими эса лойиҳага кўра янги йўлнинг умумий эни 16 метр эканини, шундан 9 метри қатнов қисми, қолган қисми пиёдалар йўлаги, яшил ҳудуд ва лотоклардан иборатлигини билдирди.

«Ҳозирги лойиҳамиз, қилаётган йўлимиз жами лойиҳада 16 метр эни. Бу қатнов қисми 9 метр. Қолган қисми пиёдалар йўлаги, яшил йўлак, лотоклардан иборат. Аввалги йўлни 12 метр деб айтяпсизлар, 12 метр бўлмаган. Айтишяпти энди аҳоли 12 метр деяпти. 7 метр — аввалги йўл кадастр ҳужжатида», — деди у.

Аҳоли болалар майдончаси ва дарахтлар масаласини ҳам кўтармоқда

Фуқаролар йўл реконструкцияси жараёнида маҳалладаги болалар майдончаси ҳам бузиб ташланганини айтмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, аввал бу майдонда маҳалланинг турли қисмларидан келган ўнлаб болалар ўйнарди.

«Бизнинг мана бу ерда болалар ўйнайдиган майдонча бор эди. 70–80 та бола келарди, мана шу ерда ўйнарди, ҳамма маҳалладаги болалар чиқиб ўйнарди. Майдонча ҳам йўқ, майдончанинг ҳаммасини бузиб ташлади. Сўрасак, қилиб берамиз, деб айтди. Уни билмадим, қачон қилиб беради, лекин қилиб берамиз, деб айтди. Биттаси келади ёки қайсидир ёрдамчиси келади. У айтади: “йўқ, майдончани мана шу ерда ўйнайверинг”, деб. Биттаси, ёрдамчиси келди, “мана бу ерда ўйнасин бола”, деди. Кичкинагина жой», — дейди маҳалла аҳолисидан бири.

Аҳоли, шунингдек, ҳудуддаги дарахтлар тақдири ва улар ўрнида қандай ишлар амалга оширилиши мумкинлигидан ҳам хавотир билдирмоқда.

«Мана бу ерда 12 туп ўрик дарахтимиз бор. Лекин ўзимиз қараб, шу ерда мевасини оламиз. Кечаги йиғилишда ҳоким бўлса, бу ерда ўрик қилмайди, мева солмайдиган дарахтларни менга айтяпсан, деди. Лекин бу йил совуқ келгани учун кўп дарахтларни совуқ уриб кетган эди, мева қилмади.

Лекин шу дарахтларни кесиб, ўрнига, қандайдир аукционга қўйиб сотаман, тадбиркорларга инвестиция киргизамиз, иш ўринлари яратамиз, деяпти. Лекин бу ерда ундай шароит ҳам йўқ. Кейин уй қурадиган бўлса, автотураргоҳи йўқ, автотураргоҳ жудаям тор. Кейин мана бу ерда пастимизда Мезана деган дом қуриляпти, лекин уларнинг ҳам кириб-чиқишини инобатга олишмаяпти. Халқ жудаям кўпайиб кетяпти. Эрта келажакни ўйлашимиз керак», — дейди у.

Турар жой қурилиши бўйича расмий лойиҳа борми?

Аҳолининг асосий хавотири — эски йўл ўрнида олти қаватли турар жой мажмуаси қурилиши мумкинлиги.

Фуқаролар бундай маълумотни йўл қурилишида ишлаган қурувчилардан эшитганини айтмоқда. Айрим аҳоли вакиллари ҳатто бундай қурилиш акс этган лойиҳа борлигини ҳам таъкидлади. Бироқ Тошкент тумани қурилиш бошқармаси маълумотига кўра, ҳозирча туман ҳокимлигидан ушбу ҳудуд бўйича уларга ҳеч қандай қурилиш лойиҳаси келиб тушмаган.

Шу билан бирга, аҳоли яқинда ҳудудга мутахассислар келиб, ердан намуналар олганини айтмоқда. Улар бу ишлар келгусида қурилиш бўлиши эҳтимолини текшириш билан боғлиқ бўлиши мумкинлигидан хавотирда.

Ҳокимлик эса эски йўл ўрнида қандай объект барпо этилиши ҳозирча ҳал қилинмаганини билдирмоқда. Аввало ҳудуд имкониятлари ва чекловлари ўрганилиб, тегишли комиссия хулосаси олиниши керак.

Шундай қилиб, ҳозирча Мустақиллик кўчасида турар жой қурилиши расман тасдиқлангани йўқ. Аммо йўлнинг нега айнан шу тарзда кўчирилгани, эски йўл ўрнидан қандай фойдаланилиши ва аҳолининг транспорт ҳамда ободонлаштириш бўйича таклифлари очиқ қолмоқда.

Kun.uz жараённи кузатишда давом этади.