Черногорияда Rybar телеграм-канали асосчиси қўлга олинди. Михаил Звинчук рафиқаси ҳамда каналнинг уч нафар ходими билан биргаликда 9 октябр тонгида Рисан шаҳрида ушланган. Маҳаллий Vijesti нашри маълумотига кўра, уларнинг ёнида «мураккаб рақамли жиҳозлар», шунингдек, дронлар ва «электрон қурилмалар» чиққан. Черногория махсус хизматлари Звинчук ва унинг жамоасини бир неча кун мобайнида кузатиб борган. ОАВ маълумотига кўра, ушбу операция Rybar каналлари тармоғининг «гибрид фаолиятини тўхтатиш»га қаратилган.
Звинчукка қандайдир айблов қўйилгани маълум эмас. Ҳуқуқ-тартибот органлари ушбу ҳолат юзасидан расмий изоҳ бермади. Черногория бош вазирии Милойко Спаич X ижтимоий тармоғида ҳукумат «хавфсизлик хизматлари ваколатида қолиши керак бўлган маълумотни эълон қилиш» ниятида эмаслигини маълум қилган. «Аммо „Рыбарь“ ахборот тармоғи раҳбари қўлга олинган бугунги муваффақиятли амалиётдан кейинги хабар жуда аниқ: давлат институтлари ўз вазифаларини бажармоқда, Черногория ўз манфаатларини ҳимоя қилмоқда ва ҳеч ким бизнинг Европа келажагимизни хавф остига қўя олмайди», – дея қайд этган у.
Rybar’дагилар жамоа аъзолари қўлга олингани фактини тасдиқлаган. Телеграм-каналда жойлаштирилган постда қўлга олинганларнинг барчасининг Черногорияда бўлиб туриши қонуний ва расмий бўлгани таъкидланган. «Хусусан, расмий сўров асосида Цетинский монастирида тасвирга олиш ишлари режалаштирилганди», – дейилади хабарда. Шунингдек, қўлга олинганлар томонидан «маҳаллий қонунчиликни бузиш ҳолатлари бўлмагани» қайд этилиб, улар тез орада озод этилишига умид билдирилган. Звинчук чиндан ҳам Черногорияга ошкора тарзда ташриф буюрганди – шу кунларда у ўша ерда олган видеосини RuTube’даги каналига жойлаганди. Инстаграмдаги саҳифасида эса Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва Черногория ҳукумати санкциялари остида бўлганига қарамай, ушбу мамлакатга кира олгани ҳақида ёзганди: «Сиз ҳар доим барча чўнтакларни кавлайдиган, лекин маълумотлар базасига қарашни унутадиган аҳмоқ чегарачига дуч келишингиз мумкин».
Россия ҳукумати ҳибсга олинганларга дипломатик ёрдам кўрсатилишини ваъда қилган. «Дипломатларимиз ҳибсга олиш сабабларини аниқлайди ва Россиянинг ҳар бир фуқароси билан бўлгани каби унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан ҳам шуғулланади», – деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков. Россия Хавфсизлик кенгаши раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведев эса россияликлар Европа мамлакатларида «бекорга изғиб юргани»ни айтди ва Россияда европаликлар ва хорижликларни «айирбошлаш фонди»ни шакллантиришга чақирди.
Rybar – Россиядаги энг машҳур телеграм-каналлардан бири бўлиб, бир ярим миллиондан ортиқ обуначига эга.















