Эркинжон Турдимов Сирдарё вилояти ҳокими лавозимини тарк этди ва бош вазир ўринбосари – таълим ва илм-фан вазири лавозимига тайинланди. Унинг номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган.
Шунингдек, тегишли фармон билан Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари – таълим ва илм-фан вазири лавозими киритилди. Таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш масалалари котибияти ташкил қилинди.
Бош вазирнинг биринчи ўринбосари – таълим ва илм-фан вазири республика ижро этувчи ҳокимият органлари – вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекциялар раҳбарлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларида зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни амалга ошириш бўйича фаолиятига ваколати доирасида умумий раҳбарлик қилиши, уларни мувофиқлаштириши белгиланди.
Ушбу йўналишлар ижросини назорат қилиш ва ташкил қилиш Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева зиммасига юкланган.
Ҳокимликдан вазирликка
Эркинжон Турдимов 1969 йил Самарқанд вилояти Қўшработ туманида туғилган. 1991 йилда Тошкент xалқ xўжалиги институтини тамомлаган. Мутаxассислиги бўйича иқтисодчи.
1991 йилдан банк тизимида фаолият бошлаган, 1995–1996 йилларда Зарафшон шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт масалалар бўйича ўринбосари бўлган, 1996–2000 йилларда Миллий банкнинг Навоий вилоят бўлими бошқарувчиси сифатида ишлаган.
2000–2008 йилларда Xатирчи туманига ҳокимлик қилган. 2008 йилда бир муддат қишлоқ ва сув xўжалиги вазирининг қишлоқда иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлган.
Шундан кейин тўрт вилоятга раҳбарлик қилган. У 2008–2016 йилларда Навоий вилоятини, 2016–2018 йилларда Сурxондарё вилоятини, 2018-2024 йилларда Самарқанд вилоятини бошқарган, 2025 йил январидан буён Сирдарё вилояти лавозимида ишлаб келаётганди.
Таълим ислоҳоти
3 октябр куни Ўзбекистон президенти фармони билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ягона Таълим ва илм-фан вазирлиги сифатида қайта ташкил этилганди.
Бу ислоҳотдан мақсад «мамлакатда таълим, тарбия ва илм-фаннинг яхлит тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш ҳамда инсон капиталини ривожлантириш бўйича ишларни янги даражага олиб чиқишдан иборатлиги» қайд этилган.

















