Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг расмий ахборотида қайд этилишича, Иркутск вилоятидаги ҳолат ҳақида ижтимоий тармоқлар ва айрим ахборот манбаларида маълумотлар тарқалмоқда.
Вазият Россиянинг ваколатли идоралари ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг расмий манбалари орқали мунтазам кузатиб борилмоқда.
Хусусан, касаллик ташхиси лабораторияда тасдиқланган ёки тасдиқланмагани, эҳтимолий юқиш манбаи ва йўллари ўрганилмоқда. Шунингдек, беморнинг ҳаракатланиш йўналиши ҳамда у билан мулоқотда бўлган шахсларга оид маълумотларга аниқлик киритилмоқда.
Эълон қилинган ахборотда касаллик номи очиқланмаган ва ташхис лабораторияда тасдиқлангани ҳақида хулоса берилмаган.
Айни вақтда Ўзбекистон ҳудудига ўта хавфли юқумли касалликлар кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича тегишли хизматларнинг тайёргарлиги кучайтирилгани билдирилган.
Фуқаролар тасдиқланмаган хабарларга ишонмаслик ва маълумотларни фақат расмий манбалар орқали кузатиб боришга чақирилган.
Эпидемиологик вазият ўзгарса, жамоатчиликка белгиланган тартибда қўшимча ахборот тақдим этилади.








