Ўзбекистон | 19:17 / 27.07.2018
44182
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: жиноятчиликка қарши курашишда ҳалигача эскича ишлаш тизимидан воз кеча олмаяпмиз

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 27 июль куни жиноятчиликнинг олдини олиш, давлат идоралари ва жамиятнинг бу борадаги масъулиятини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Йиғилишда парламент ва ҳукумат аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари қатнашди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қонун устуворлигини таъминлаш ва жиноятчиликни жиловлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Соҳани такомиллаштиришга оид 80 дан ортиқ қонун ҳужжати қабул қилинди. Ички ишлар идоралари тузилмаси тўлиқ янгиланди. Илгари барча ходимларнинг 60 фоизи шаҳар ва туман бошқармаларида, 40 фоизи жойларда фаолият юритган бўлса, бугунги кунда ходимларнинг 65 фоизи аҳолига яқин ишлаш учун маҳаллаларга йўналтирилди. 

2017 йилда жиноятлар 2016 йилга нисбатан 16 фоизга, жорий йил 6 ойида эса 39 фоизга камайган. Лекин қасддан одам ўлдириш, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, талончилик, босқинчилик, ўғрилик ва фирибгарлик жиноятларининг сони юқорилигича қолган.

“Агар ҳамма бирдек жон куйдириб, оилалар муаммоларидан тўлиқ хабардор бўлиб, уларни ҳал этишга кўмаклашган, жиноятчиликнинг барвақт олдини олганда эди, бугун натижалар умуман бошқача бўларди. Афсуски, жиноятчиликка қарши курашишда ҳалигача эскича ишлаш тизимидан воз кеча олмаяпмиз. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар бу фаолиятга кўрсаткичларни олдинги давр билан таққослаш орқали баҳо бериб келмоқда. Аслида битта бўлса ҳам жиноят бўлгани ҳаммамизни ташвишга солиши керак”, деди Шавкат Мирзиёев. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда жиноятчиликни жиловлаш бўйича ишни бутунлай янгича тизимда ташкил этиш бўйича топшириқ берилди. “Жиноят ҳақиқати ва адолати” деб номланган бу тизимга мувофиқ жиноят содир этилганлиги бўйича республикадаги масъул раҳбарлар жойларга борган ҳолда унинг сабабларини ўрганади, муҳокамасини ташкил қилади, шундай ҳолат такрорланишининг олдини олишга қаратилган аниқ чоралар кўради, телевидение, радио ва газетада бонг уради.

Ўзбекистон Республикаси президентининг жорий йил 19 июндаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан “Хавфсиз пойтахт” концепцияси жорий этилган эди. Унга кўра, Тошкент шаҳрида секторлар кесимида 73 та ички ишлар бўлими ташкил этилиб, аҳолига янада яқинлаштирилди. Ички ишлар органлари ходимлари, Миллий гвардия ва жамоатчилик вакиллари иштирокида тун-у кун 3 сменада иш юритиш йўлга қўйилди. 

Давлат раҳбари Тошкентда бошланган мазкур амалиётни йил охиригача бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш зарурлигини таъкидлади. 

Мавзуга оид