Ўзбекистон | 20:31 / 18.10.2019
16927
3 дақиқада ўқилади

«Қонунлар ўзимизники бўлиши учун ўзбек тилида ёзилиши лозим» — Тошкентда тилшунослик конференцияси бўлиб ўтди

Бугун, 18 октябрь куни Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида «Ўзбек тилшунослигининг долзарб муаммолари» мавзусида ЎзФА ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, Ёзувчилар уюшмаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан илмий-назарий конференция ташкил этилди.

Конференцияда сўзга чиққан президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов ва Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев Давлат тили тўғрисидаги қонуннинг ўша даврда қанчалик қийинчилик билан бўлса-да қабул қилиниши тўғри бўлганини таъкидлаб, соҳа олимларига илмий изланишларида муваффақиятлар тилади.

Қонунлар рус тилида ёзилиб, ўзбек тилида таржима қилинмоқда

Конференция ялпи мажлисида шунингдек, тилшунос олимларнинг маърузалари тингланди. Филология фанлари доктори Шуҳрат Кўчимов «Мустақиллик даврида ўзбек тили расмий иш услуби ва унинг тараққиёти» маърузасида ўзбек тилининг расмий иш услуби энг нозик жиҳатларидан, оғриқли нуқталаридан эканини айтиб ўтди. Бу соҳада бир қанча ишлар, жумладан, айрим атамалар ўзбекчалаштирилгани, девонхона ҳужжатлари ўзбек тилида юритилиши қайд этилди.

Шу билан бирга, баъзи қонун ҳужжатлари рус тилида ёзилиб, кейин ўзбек тилига таржима қилинаётгани камчилик сифатида таъкидланди.

«Қонунлар албатта давлат тилида ишлаб чиқилиши, давлат тилида муҳокама қилиниши ва давлат тилида қабул қилиниши керак», — дея Шуҳрат Кўчимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бундан ташқари, юридик терминларда синонимик ҳолат кучайиб кетаётгани ҳам айтиб ўтилди. Мисол учун, рус тилидаги «исполнительная власть» бирикмаси «ижро ҳокимияти», «ижро этиш ҳокимияти», «ижро этувчи ҳокимият»;  ёки «показание» сўзи «кўрсатув», «кўрсатма», «кўргазма», «гувоҳлик», «сўроқ бериш» каби синонимлар билан қўлланаётгани келтириб ўтилди.

Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори филология фанлари доктори, профессор Низомиддин Маҳмудов ҳам ишлаб чиқилаётган қонунлар ўзимизники бўлиши учун ўзбек тилида ёзилиши кераклигини қўшимча қилиб ўтди.

«Чунки тил ва тафаккур бирлиги билан қилинган ишда ўша халқнинг ўзига хос жиҳатлари акс этади», деди олим.

Конференция «Ҳозирги глобаллашув даврида ўзбек тили вазифавий услубларининг тараққиёти», «Ўзбек тилшунослигининг назарий масалалари» ва «Ўзбек тили таълимининг долзарб муаммолари» каби шўъбаларда давом эттирилди. Шўъбаларда республиканинг барча ҳудудларидан келган тилшунос олимлар маърузалари билан қатнашди.

Маърузалар тугагач, ялпи мажлис ва шўъбаларда кўрилган масалалар юзасидан таклиф ва тавсиялар муҳокамаси бўлиб ўтди.

Мавзуга оид