РБК 2 октябр куни Германия компанияси матбуот хизматига таяниб, Шрёдернинг янги лавозими ҳақида хабар берди.
DW ҳам Globus холдингига сўров юборган, бироқ хабар эълон қилинган вақтга қадар жавоб олмаган.
Ритейлер вакилининг РБКга билдиришича, Шрёдер компаниянинг умумий бошқарувида иштирок этади ва Россия бозоридаги узоқ муддатли режаларини ишлаб чиқишга ҳисса қўшади.
Компания тайинловни қандай изоҳлади?
«Гиперглобус» эгаси ва Globus Holding акциядори Томас Брух собиқ канцлерни кузатув кенгашига жалб қилишни эксперт кўмагини кучайтириш зарурати билан изоҳлаган.
Унинг фикрича, Шрёдернинг тажрибаси мулоқотга йўналтирилган ёндашувни сақлаш ва конструктив ечимлар топишга ёрдам беради.
Компания матбуот хизмати Шрёдернинг баёнотини ҳам келтирган. Унда собиқ канцлер Россия билан иқтисодий алоқалар ва инвестицияларни сақлаб қолиш муҳимлигини таъкидлаган.
«Айнан инқирозли даврларда бу алоқалар айниқса муҳим: улар бир-бирини эшитиш ва келажакка йўл топиш имконини беради», — деган Шрёдер, РБК хабарига кўра.
Россиядаги бизнес холдингдан расман ажратилган
РБК «Гиперглобус»ни Германиянинг Globus Holding GmbH & Co холдингига қарашли Россия компанияси сифатида таърифлаган.
Бироқ Германия компанияси аввалроқ DWга «Гиперглобус» 2025 йил бошида Globus Holdingʻдан расман ажратилганини тушунтирган. Шунга қарамай, уларнинг акциядорлари бир хил бўлиб қолган.
Томас Брух 2026 йил июнида Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида қатнашган. Ўшанда Германия компанияси матбуот хизмати у форумда фақат «Гиперглобус» номидан иштирок этганини билдирган. Ташриф мақсадлари орасида давлат идоралари вакиллари билан фикр алмашиш ҳам қайд этилган.
РБК маълумотига кўра, 2025 йил охирида Россиянинг саккизта ҳудудида 22 та «Глобус» гипермаркети ишлаган.
Шрёдер аввал Россия энергетика компанияларида ишлаган
Герҳард Шрёдер бунгача «Роснефть» ҳамда «Шимолий оқим» газ қувури оператори бўлган компания раҳбариятида фаолият юритган.








