Абитуриентлар учун айни вақтда 15.000 га яқин талабалар таҳсил олаётган ZARMED Университетидан видеорепортаж.  Бугун мазкур ташаббус асосида фаолият юритаётган ZARMED университетининг Бухоро ва Самарқанддаги кампусларида минглаб талабалар таҳсил олмоқда. Kun.uz журналисти университетнинг ҳар икки кампусида бўлиб, бу ерда таълим жараёни қандай ташкил этилгани, талабалар учун қандай имкониятлар яратилгани ва университет қандай мақсадлар сари ҳаракат қилаётганини ўрганди.

Тиббиёт кластеридан университетгача

ZARMED университетининг ташкил топиш тарихи 2021 йилда бошланган ташаббус билан боғлиқ. Университетнинг илк кампуси 2022 йилда Бухорода ташкил этилган бўлса, 2024 йилда Самарқанд кампуси ҳам фаолият бошлади.

Самарқанд кампуси шаҳарнинг марказий ҳудудларидан бирида жойлашган бўлиб, 14 минг квадрат метр майдонни эгаллайди. Кампусда 100 та аудитория, лабораториялар, компьютер хоналари, кутубхона ва талабалар учун мўлжалланган бошқа инфратузилма объектлари мавжуд. Университет маъмуриятига кўра, кампус бир вақтнинг ўзида 7 минг нафаргача талабани қамраб олиш имкониятига эга.

Назария ва амалиёт уйғунлиги

Университетда айниқса тиббиёт йўналишида назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. Талабалар университет клиникаси орқали реал тиббий муҳит билан танишиш, мутахассислар фаолиятини кузатиш ва ўқув жараёнида олган билимларини амалий жиҳатдан мустаҳкамлаш имкониятига эга.

Университет вакилларининг таъкидлашича, келажакдаги мутахассис нафақат назарий билимга, балки амалий тажрибага ҳам эга бўлиши керак. Шу сабабли амалий машғулотлар таълим тизимининг муҳим қисми сифатида қаралади.

Тиббиётдан ташқари 20 га яқин йўналиш

ZARMED университети фақат тиббиёт йўналишига ихтисослашган олийгоҳ эмас. Бугунги кунда университетда муҳандислик, IT, иқтисодиёт, молия, филология, педагогика, психология ва бошқа қатор йўналишлар бўйича ҳам таълим берилади. Университет тизими замон талабларига мос янги мутахассисликлар билан кенгайиб бормоқда.

Университет таркибидаги турли лойиҳалар ва ташкилотлар эса талабалар учун амалиёт базаси вазифасини бажаради. Бу эса турли йўналишларда таҳсил олаётган ёшларнинг реал иш жараёнлари билан яқиндан танишишига хизмат қилади.