АҚШ Федерал апелляция суди 29 октябрь куни Давлат департаментига Green Card (DV-2027) лотереясида иштирок этиш учун рўйхатга олишни қайта тиклаш мажбуриятини юклаган суд қарорининг ижросини тўхтатиб қўйди, деб хабар берди Bloomberg Law.
Шу тариқа, Америка ҳукумати иммиграция даражаси нисбатан паст бўлган давлатлар фуқароларига ҳар йили 55 мингтагача виза олиш имкониятини берувчи дастурда иштирок этиш учун рўйхатга олиш жараёнини бошлашга ҳозирча мажбур эмас. Бу ҳақда АҚШ Апелляция суди қарорида айтилади.
14 октябрь куни Калифорния Жанубий округи суди Давлат департаментига Green Card бўйича рўйхатга олиш саналарини 29 октябргача эълон қилиш, аризаларни қабул қилишни 1 ноябрдан кечиктирмай бошлаш ва саралаб олинган иштирокчиларни 2026 йил 3 декабргача натижалар ҳақида хабардор қилиш мажбуриятини юклаган эди.
Бироқ АҚШ ҳукумати ушбу қарор устидан апелляция берди. Уч нафар судьядан иборат апелляция ҳайъати ҳукуматнинг шошилинч илтимосномасини қаноатлантириб, қарор ижросини вақтинча тўхтатиб қўйди.
Судьялар Давлат департаментига қарши даъво аризаси киритган “Red Eagle Law LC” иммиграция юридик фирмасида бундай талаб қўйиш учун ҳуқуқий асослар етарли эмас, деб топди. Фирма Америка ҳукумати DV-2027 дастурида иштирок этиш учун рўйхатга олишни бошламаганидан сўнг, 2026 йил август ойида судга мурожаат қилган эди.
Апелляция судининг фикрича, иммиграция дастури иштирокчиларига хизмат кўрсатувчи юридик компаниянинг тижорий манфаатлари лотерея тўғрисидаги қонун билан ҳимоя қилинадиган манфаатлар сирасига кирмайди. Шу билан бирга, судьялар рўйхатга олишни бошлаш масаласида Давлат департаментининг ҳаракатсизлигини қўллаб-қувватламаслигини таъкидлашди.
АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Diversity Visa дастурини 2025 йил декабрь ойида тўхтатиб қўйган эди. Бундай қарор Род-Айленд ва Массачусетс штатларида юз берган иккита отишма ҳолатидан сўнг қабул қилинган. Жиноятларда гумон қилинувчи муқаддам Diversity Visa дастури орқали Америка визасини олган Португалия фуқароси бўлиб чиқди. Кейинчалик унинг жасади топилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари маълумотларига кўра, у ўз жонига қасд қилган.












