Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тимур Кападзе Ўзбекистон миллий жамоаси мураббийлар штабини тарк этди
ЎФА у ўз фаолиятини янги босқичда давом эттириш ниятида эканини маълум қилди.
Фото: ЎФА
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси ёрдамчи мураббийи Тимур Кападзе Фабио Каннаваро бошчилигидаги мураббийлар штабини тарк этди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати расман хабар берди.
Қайд этилишича, Кападзе ўз фаолиятини янги босқичда давом эттириш истагини билдириб, ЎФА раҳбариятига лавозимидан озод этишни сўраб мурожаат қилган.
Мутахассисга бошқа клубдан таклиф тушгани ва у бош мураббий сифатида фаолият юритиш ниятида экани боис, ЎФА раҳбарияти Кападзенинг қарорини ҳурмат билан қабул қилган.
Ассоциация ўз баёнотида Темур Кападзенинг ўзбек футболи ривожига қўшган ҳиссасини эътироф этиб, унга самимий миннатдорлик билдирган ва келгуси мураббийлик фаолиятида катта муваффақиятлар тилаган.
Манбаларга кўра, ушбу мутахассисга Суперлига жамоаларидан, шунингдек, хориждан таклифлар бор.
Маълумот учун, яқин ўтмишда Ўзбекистон миллий жамоасида футболчи сифатида ўйнаган Темур Кападзе 2018 йилдан мураббийлик фаолиятини бошлаган, бир муддат миллий жамоа бош мураббийи вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган, кейинроқ Тошкентнинг «Локомотив» клубини бошқарган, 2019-2021 йилларда Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамовга ёрдамчилик қилган, шу билан бир вақтда, 2020-2024 йилларда Ўзбекистон ёшлар жамоасига бош мураббий бўлган, ушбу жамоа билан тарихда илк бор Олимпиадага йўлланмани қўлга киритганди.
2025 йил январида эса ЎФА словакиялик мутахассис Сречко Катанец билан шартномани бекор қилгач, унинг ўрнига Тимур Кападзе Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийлигига таклиф этилганди. У бу жамоа билан ҳам тарихда илк бор жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритади.
Аммо 2025 октябрида ЎФА италиялик Фабио Каннаварони миллий жамоанинг янги бош мураббийи сифатида эълон қилди. Бу қарор «турнирда муносиб иштирок этиш ва мундиал ҳавосини олиб кириш учун айнан футболчи сифатида иштирок этган мутахассисни жалб қилиш кўзда тутилгани» билан изоҳланди. ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов янги бош мураббий тақдимот маросимида Кападзе Каннаваронинг мураббийлар штабида ишлашда давом этишини маълум қилганди, аммо ўша тадбирнинг ўзида ушбу мутахассис штабда узоқ қолмоқчи эмаслигини билдирганди.
Мавзуга оид
15:31 / 01.12.2025
Темур Кападзе Ўзбекистонда қолди
12:06 / 25.11.2025
Фабио Каннаваро ва Миржалол Қосимов ЖЧ–2026 қуръаси маросимида иштирок этади
01:06 / 19.11.2025
Омадим бор экан, жуда ақлли ўйинчиларга эгаман – Фабио Каннаваро
16:59 / 16.11.2025