Ўзбекистон футбол ассоциацияси футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси устози Фабио Каннаваро лавозимини тарк этиши ҳақида тарқалган хабарларни рад этди.
«Сўнгги соатларда айрим хорижий манбаларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Осиё кубоги-2027 мусобақаси муддатининг ўзгартирилиши ортидан ўз лавозимини тарк этиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси мазкур хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилади.
Оммавий ахборот воситалари ва футбол мухлисларидан тасдиқланмаган маълумотларга ишонмасликни ҳамда расмий хабарларга таянишни сўраймиз», – дейилади баёнотда.
Бу раддия таниқли инсайдер Фабрицио Романо тарқатган хабарга нисбатан берилди. Ушбу журналист аввалроқ ўз саҳифаларида Осиё кубоги бир йилга сурилгани туфайли Фабио Каннаваро Ўзбекистон миллий жамоаси бошқарувини тарк этиши ҳақида хабар берганди.

Маълумот учун, ЎФА Фабио Каннаваро билан 2025 йил кузида 2+3 шаклида шартнома тузган. Яъни Осиё кубогидаги натижага қараб, келишув яна уч йилга узайтирилиши кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони мезбонлигидаги Осиё кубоги турнири қарийб бир йилга кечиктирилди. Режага кўра, турнир 2027 йилнинг 7 январидан 5 февралигача ўтказилиши керак эди. Аммо ОФК қарори билан турнир 2027 йил 23 декабрида бошланадиган бўлди, финал ўйини 2028 йил 21 январига белгиланган. Ташкилот бу қарорини минтақадаги логистика ва саёҳатга боғлиқ мураккабликлар билан изоҳлаган.












