Ўзбек футболи фидойиси Тўлаган Исоқов бутун умрини футбол тарғиботи ва ривожига бағишлаган етук мутахассис эди. У футболчи сифатида “Пахтакор” жамоаси шарафини 13 мавсум давомида муносиб ҳимоя қилиб, 252 ўйинда майдонга тушган ва 52 гол урган.

Мураббийлик фаолиятида Исоқов “Пахтакор”, “Зарафшон” ва “Сурхон” жамоаларини бошқарган. Сўнгги йилларда эса ЎФА фахрийлар кенгашига раҳбарлик қилиб, футболнинг оммалашуви, ёшлар тарбияси ва мураббийлар мактаби ривожига катта ҳисса қўшди. У ёш авлодни ватанга муҳаббат ва спортга садоқат руҳида тарбиялаш йўлида фидокорона хизмат қилган.

ЎФА раҳбарияти ва бутун футбол жамоатчилиги марҳумнинг порлоқ хотираси доимо эъзозланишини таъкидлади.