Давлат раҳбари дастлаб келажак ва глобал иқтисодиётнинг янги архитектурасига оид масалаларга тўхталди.

“Ўзбекистон минг йиллар давомида Буюк ипак йўлининг юраги бўлиб келган. Самарқанд, Бухоро ва Тошкент орқали нафақат маҳсулотлар ташилган, балки ғоя ва билимлар, маданий ва диний анъаналар бир-бирини ўзаро бойитиб келган. Шунинг учун ҳам очиқлик биз учун доимо танлов эмас, балки ҳаётий зарурат ва цивилизация коди ҳисобланган. Ҳозирги кунда у янгича маъно-мазмун касб этиб бормоқда. Ўзбекистон ва умуман, Марказий Осиё мустақил иқтисодий ўсиш марказига айланмоқда. Бу минтақада келажакнинг транспорт, технология ва демография соҳаларидаги қиёфаси намоён бўлмоқда. Ушбу маконда Шимол ва Жануб, Ғарб ва Шарқ ўртасидаги асосий коммуникациялар чорраҳаси шаклланмоқда. Кучайиб бораётган айни тенденцияни янада мустаҳкамлаш учун бизга сифат жиҳатидан янги даражадаги боғлиқлик ниҳоятда зарур. Бу ўринда нафақат анъанавий транспорт-логистика ва энергетика йўлакларини бирлаштириш, балки рақамли, тўлов ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини интеграция қилиш ҳақида ҳам сўз бормоқда. Кучли, бирлашган, иқтисодий жиҳатдан боғланган, очиқ ва барқарор Марказий Осиё барча шерикларимизнинг стратегик манфаатларига жавоб беради”, деди Мирзиёев.

Президент Ўзбекистон учун Россия минтақадаги шунчаки қўшни эмас, вақт синовидан ўтган стратегик шерик ва иттифоқчи эканини қайд этди.

Бугунги кунда ўзаро муносабатларимиз янги даврга қадам қўйди. Ҳамкорлик кўп даражали ва кўп қиррали тус олди. Сўнгги 10 йилда ўзаро маҳсулот айланмаси уч баробардан кўпроқ – 4 миллиард доллардан 13 миллиард долларга ошди. Россия билан ҳамкорликдаги лойиҳаларнинг умумий портфели 50 миллиард доллардан ортади.

“Энергетика соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Инвестиция лойиҳалари, жумладан, Россия иштирокидаги лойиҳалар ҳисобидан биз электр энергияси ишлаб чиқаришни бир ярим баробар – 58 миллиард киловатт-соатдан 87 миллиард киловатт-соатга оширдик. 2030 йилгача генерацияни 120 миллиард киловатт-соатгача кўпайтиришни режалаштирмоқдамиз. Унинг 54 фоизини қайта тикланадиган энергия манбалари ташкил этади. Бизнинг энергетика соҳасидаги қувватларимиз, шунингдек, Ўзбекистонда Россия иштирокида биринчи гибрид атом электр станциясининг ишга туширилиши ҳисобидан ҳам ортади.

Кеча АЭС қурилишининг биринчи пойдеворини қўйиш маросимида қатнашдик. Биз учун бу узоқ муддатли ривожланиш, янги муҳандислик мактабини тайёрлаш ва илғор технологияларни ўзлаштиришга қаратилган лойиҳадир.

Атомдан тинч мақсадларда фойдаланиш бўйича бошқа соҳалар – тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, саноат ва илм-фанда ҳам ҳамкорликда иш олиб бориш ниятидамиз”, деди президент.

Ҳозирги шароитда Ўзбекистон ва Россиянинг технологиялар ва саноат соҳасидаги ҳамкорлиги фақат икки томонлама алоқалар доирасида чекланиб қолмаслиги кераклиги қайд этилди.