Россия президенти ҳозирда махсус комиссия фаолият олиб бораётгани ва жараён бош вазир назоратида эканлигини таъкидлаган.
«Куни кеча Ҳукумат раиси билан бу мавзуда кўришиб, суҳбатлашдик. Ҳа, ҳамма масалалар ҳам тўлиқ ҳал этилмаган, бироқ чоралар кўрилмоқда. Бош вазир вазиятни назоратда ушлаб турибди, махсус комиссия тузилган. Албатта, одамлар учун маълум бир ноқулайликлар бор, лекин ҳукумат буни доимий назорат қилиши шарт», — деди Путин.
Жорий йилнинг май ойи охиридан бошлаб Украина дронларининг ҳужумлари фонида Россиянинг қатор ҳудудларида ёқилғи етказиб беришда узилишлар кузатила бошлаганди. Тўлиқ ёки қисман чекловлар 80 дан ортиқ ҳудудга таъсир қилди.
Инқироз чуқурлашиши июнь ойи ва июлнинг биринчи ярмига тўғри келганди. Бу даврда Россия минтақаларида бензин сотувига турли чекловлар жорий этилди, одамлар ёнилғи қуйиш шохобчаларида соатлаб навбатда туришга мажбур бўлди. Шундан кейин Украина ҳарбийлари эътиборини нефтни қайта ишлаш заводларидан Wildberries маркетплейси омборларига қаратди, регионларда ёнилғи сотувига қўйилган чекловлар бекор қилиниши бошланди. Аммо, август ойидан бошлаб таъминот борасида яна жиддий муаммолар кузатила бошлади.









