Исроил — Сурия музокаралари
Сурия Исроил билан хавфсизлик келишуви бўйича музокаралар тез орада қайта бошланишини кутмоқда. Бу ҳақда Сурия ташқи ишлар вазири Асад аш-Шайбоний Reutersʼга берган интервюсида айтди.
Унга кўра, дипломатия эшиклари очиқ экан ва Исроил бу «тарихий имконият»дан фойдаланиб қолиши керак. Шайбоний Дамашқнинг устувор вазифаси Исроил ҳужумларини тўхтатиш эканини таъкидлаб, бу йўналишда ўзаро ишончни мустаҳкамлаш зарурлигини айтди.
Вашингтон бир йилдан ортиқ вақт давомида Исроил ва Суриянинг янги ҳукумати ўртасида хавфсизлик келишувини тузишга интилмоқда. Бироқ Исроил ўз хавфсизлигига таҳдидларни рўкач қилиб, Сурия ҳудудига қўшин киритгани ва ҳукумат объектларига ҳужум қилгани сабабли бу иш қийинлашган.
Шайбонийнинг айтишича, хавфсизлик келишуви бўйича музокаралар Эрон уруши бошланганидан бери музлатиб қўйилган, бироқ у музокаралар қайта тикланишини кутмоқда. Авиабазага берилган зарбадан кейин Сурия ва Исроил ўртасидаги алоқа узилган, деди у.
Шайбонийнинг қўшимча қилишича, АҚШ Исроилни мулоқот столига қайтариш учун «унга доимий равишда босим ўтказишга» ҳаракат қилмоқда. «Сурия Исроилнинг хавфсизлик борасидаги хавотирларини ҳурмат қилади, бироқ Исроил ҳам Суриянинг хавотирларини ҳурмат қилиши керак», деди у.
Шунингдек, Шайбоний «Сурия – ҳарбий тайёргарлик, ҳамкорликда Туркиянинг кўмагига таяниши ҳамда бу ёрдамдан воз кечмаслиги»ни айтди.
Исроил бош вазири девони ва АҚШ Давлат департаменти ҳозирча суриялик амалдорнинг сўзларига изоҳ бермади.
Зеленский сайловлар эҳтимолини рад этди
Украина президенти Володимир Зеленский собиқ мудофаа вазирининг сайлов ташкил этиш чақириғига жавоб бериб, Россия босқини давомида бу ўта хавфли эканини айтди.
«Бундай уруш шароитида сайловлар ўз-ўзидан катта хавф туғдиради деб ҳисоблайман. Айни пайтдаги сайловлар мамлакат учун Украинани бўлиб юборадиган цунамига айланади», деди Зеленский якшанба кунги баёнотида. Украинадаги ҳарбий ҳолат туфайли сайловлар айни пайтда тўхтатиб қўйилган.
«Агар биз мамлакатни вайрон қилмоқчи бўлсак, унда ушбу уруш даврида сайловлар ўтказиш йўналишида ҳаракат қилишимиз мумкин», дея қўшимча қилди Зеленский.
Собиқ мудофаа вазири Михайло Фёдоров бу чақириқни лавозимидан бўшатилганидан бир ой ўтиб эълон қилганди. Фёдоров украиналик ёшлар орасида сезиларли даражада қўллаб-қувватланади. Зеленский эса Фёдоровни танқид қилиб, «менимча, унинг ўзи нотўғри ишларга қараб бормоқда ёки уни шунга ундашмоқда», деди.








