24 август куни Россиянинг бир нечта ҳудудида Ozon компаниясига қарашли логистика марказлари дронлар ҳужумига учради.
Компания маълумотига кўра, Адигеядаги Ozon логистика марказига учувчисиз учиш аппарати зарбасидан сўнг йирик ёнғин бошланган.
Омбордаги барча ходимлар эвакуация қилинган. Дастлабки маълумотларга кўра, жабрланганлар йўқ. Воқеа жойида фавқулодда хизматлар ишламоқда, логистика марказининг фаолияти эса тўхтатилган.
Хавфсизлик мақсадида ушбу марказда сақланаётган товарларни онлайн буюртма қилиш имконияти вақтинча чекланади. Сотувчилардан товарларни қабул қилиш ҳам тўхтатилган, омборга йўналтирилган логистика маршрутлари бекор қилиниб, юклар бошқа объектларга йўналтирилади.
Невинномискда 93 минг квадрат метрлик омбор ёнмоқда
Ставропол ўлкасидаги Невинномиск шаҳрида ҳам Ozonʼнинг йирик логистика маркази ҳужумга учраган.
ASTRA келтирган OSINT-таҳлилга кўра, дрон ҳужумидан кейин омборда ёнғин бошланган. Бинонинг умумий майдони 93 514 квадрат метрни ташкил этади.
Мазкур марказ озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ва саралаш, буюртмаларни жамлаш ҳамда уларни мижозларга жўнатиш учун мўлжалланган.
Ставропол ўлкаси аҳолиси портлаш овозлари эшитилганини билдирган. Ҳудуд губернатори Владимир Владимировнинг маълум қилишича, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Невинномиск саноат зонасига қаратилган дронлар ҳужумини қайтармоқда.
Маҳачқалъада бир неча киши жабрланди
24 август куни соат тахминан 05:00 да Маҳачқалъадаги Ozon логистика маркази ҳам дронлар ҳужумига учраган.
Компания матбуот хизмати маълумотига кўра, объектдаги тизимлар белгиланган тартибда ишлаган ва ходимлар тезкор равишда эвакуация қилинган.
Дастлабки маълумотларга кўра, бир неча киши жабрланган. Улар тиббиёт ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилган. Компания жабрланганларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф йўқлигини билдирган.
Логистика марказида ёнғин бошланган, воқеа жойида фавқулодда хизматлар ишламоқда. Омбор фаолияти вақтинча тўхтатилган.
Краснодарда икки бола ҳалок бўлгани айтилди
Шу кеча Краснодарда ҳам бир неча марта ҳаво хавфи сиреналари янграган. «Осторожно, новости» Telegram-канали маълумотига кўра, портлашлардан кейин шаҳарда қора тутун кўтарилган ва ҳудудлардан бирида ёнғин чиққан.










